Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Депутат Нуриддин Зайнитдинов: «Коррупционерларни деб кетсам, улар хурсанд бўлади...»

1364

Кеча ижтимоий тармоқларда Халқ депутатлари Учтепа туман кенгаши депутати, ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи раҳбари Нуриддин Зайнитдинов босимлар ортидан сиёсий фаолиятини тўхтатиши ва партия сафидан чиқиб кетишга қарор қилганлиги ҳақида хабар тарқалди. Бу ҳақда Нуриддин Зайнитдинов Телеграмдаги саҳифасида шундай баёнот берган: 

“Охирги воқеалар фонида амалдаги депутатлик фаолиятимни якунлаш ва партия сафидан чиқиб кетиш ҳамда бошқа сиёсий жараёнларда иштирок этмаслик фикрига келдим. Агар шундай қарор қабул қилсам, тушунингки, етарли асослар бор. Президент талабларини ўз билганича ишлатадиган раҳбарлар бор экан, одам бўлишимиз қийин. Депутат – халқ вакили экан, бу амалда шундай бўлиши керак, қоғозда эмас. «Сиёсий бюртма» билан менга қарши депутатлик фаолиятим учун провокациялар уюштирилаётгани ва менга босим ўтказилаётгани, мени обрўсизлантириш, номимни булғашга уринишлар менга ишонган ва мени сайлаган халққа нисбатан қилинган хиёнатдир.

Ўша ўзини халқ фикридан ҳам юқори қўядиганлар, ўз бошини ўзи ейди. Менга қандайдир тарзда босим ўтказиб ҳеч нарсага эришма олишмайди, ким бўлса ҳам”, деган Нуриддин Зайнитдинов. 

Депутат у ўзига нисбатан босим ҳамда обрўсизлантиришга уриниш айнан Янги Ўзбекистонда содир бўлаётганини алоҳида таъкидлаган. 

Бу вазият юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Нуриддин Зайнитдиновни қўллаб-қувватлаб чиқди. 

Расул Кушербоев бу борада шундай фикр билдирган: «Депутатнинг билдиришича, бу яқинда туманда бўшаб қолган ўринларга депутатлик сайловларидан сўнг бошланган. Ўшанда бўшаган учта ўриндан иккитасини ЎзЛиДеП қўлга киритганди. Иккита ҳокимиятга бир шахс раҳбарлик қилиб келаётган (ижрога ҳам депутатларга ҳам бошлиқ ҳоким), мантиқсиз бошқарув шароитида фаол депутатлар билан бундай ишлар бўлиши табиий ҳол. Яқинда бу ҳақида алоҳида тўхтатилиб ўтгандим.

Умид қиламизки, жойлардаги мана шундай мантиқсиз бошқарув шароитида бошқа депутатлар журъатни йиғиб, ҳамкасбини қўллаб-қувватлашга куч топа оладилар».

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Azon.uz мухбири Нуриддин Зайнитдинов билан боғланди.

Мухбир: – Ким сизнинг фаолиятингизга тўсқинлик қилмоқда?

Нуриддин Зайнитдинов: – Туман ва шаҳар ҳокимиятга алоқадор 3-4 нафар депутатлар.

Мухбир: – Нима сабабдан иш фаолиятингизга тўсқинлик қилишмоқда?

Нуриддин Зайнитдинов: – Бунинг бир нечта сабаблари бор: 

  1. Депутат сифатида коррупцияга қарши фаолиятим.
  2. Ер масаласи. Учтепада жуда кўплаб жойларда кўп қаватли уйларнинг болалар ўйингоҳлари ўрнидаги ерлар ва дарахтзорлар ўринлари ҳам аҳоли розилигисиз тадбиркорларга берилган (сотилган), аҳоли норози, мен уларни қўллаб-қувватлаганим учун.
  3. 2022 йил 9 январдаги сайлов масаласи.

Мухбир: – Энди буёғига қандай йўл тутмоқчисиз? Босим бўлса ҳам ишлайверасизми?

Нуриддин Зайнитдинов: – Сайлаган халқ буни ҳал қилиши керак. Мени сайлаган халқ “кет” десагина кетаман, мен уларнинг ишончини поймол қилолмайман. Коррупционерларни деб кетсам улар хурсанд бўлади, халққа эса бу хиёнат. 

Суҳбат жараёнида Нуриддин Зайнитдинов ҳокимиятнинг 20-30 яқин ноқонуний қарорларини бекор қилишга эришганини айтиб ўтди.

Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳам ўз муносабатини билдирди:

«Интернет тармоқларида Тошкент шаҳар, Учтепа тумани халқ депутатлари кенгаши депутати Нуриддин Зайнитдинов фаолияти билан боғлиқ ҳолат кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Хабарда депутат Н.Зайнитдиновга қарши босим ўтказилаётгани, обрўсизлантиришга уринишлар амалга оширилаётгани қайд этилган.

Ўз навбатида, ушбу ҳолат Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашувчи комиссияси томонидан назоратга олиниб, ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Ўрганиш натижалари тўғрисида қўшимча маълумот берилади».

Вазиятга янада аниқлик киритиш мақсадида Учтепа тумани ҳокими билан суҳбатлашиш мақсадида ҳокимиятнинг матбуот котиби Тўра Тўраев билан боғландик. Тўра Тўраевнинг бизга берган маълумотига кўра, Учтепа тумани ҳокими айни дамда меҳнат таътилида эканлигини, юқоридаги масала юзасидан ҳоким номидан ҳеч бир фикр билдира олмаслигини, Халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашига мурожаат қилишимиз кераклигини айтди. Биз Кенгаш билан ҳам боғландик, аммо Кенгаш масъули раҳбарият билан маслаҳат қилиб кейинроқ батафсил жавоб беришини айтди.

Бу борада Azon.uz таҳририяти ўрганишни давом эттирмоқда.

Нурбек Ғофуров,

Azon.uz мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳасан Басрий: Нечун йиғламайсиз?

71 12:00 20.05.2022

Бу йил янада  кўпроқ ўзбекистонлик ҳажга боради

352 11:25 20.05.2022

Time журнали “Йил одами”ни эълон қилди

435 11:00 20.05.2022

Мисрлик талаба қиз илк марта Қуръонни тўлиқ ҳолда қайта ёзди

215 10:35 20.05.2022

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

698 10:05 20.05.2022

Бир миллиондан зиёд қочқин Украинага қайтди

140 09:40 20.05.2022
« Орқага