Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Дилдора Ҳасанова: «Қатағон қилганларнинг бирортаси жазога тортилмаган...»

4889

Қўқондаги қатағонларнинг гувоҳи бўлган, кўзи билан кўрган одам билан гаплашганман. У кишининг исми  Жўравой Бўтакўз деган ватандошимиз, Америкада яшаган инсон. Келганларида бир суҳбатларини олиб қолай деб боргандим. Ўша пайтда 4-5 ёшли боланинг кўзи билан кўрган даҳшатли воқеаларни айтиб берган эдиларки, ҳозир эшитиб баданингизни титроқ босади. Араваларга устма-уст ортилган ўликларнинг чиқиб турган оёқлари, ерлар мурдалар билан тўлгани ёш боланинг хотирасига муҳрланиб қолган.

Бунча ўликни ким ўлдирган бўлиши мумкин? Қизил қўшин ва улар ёллаган дашноқлар йўлида учраган одамни сўроқсиз отиб, ўлдириб кетаверган. Энг даҳшатлиси, қатағон қилганларнинг бирортаси жазога тортилмаган. Улар қуролларини топшириб, ҳеч нарса бўлмагандай ўз юртларига қайтиб кетишган. 

Бутун дунёда геноцид масаласида жуда қаттиқ эътибор берилади. Яҳудийларнинг геноциди – холокост туфайли ҳалигача Германия уларга товон пули тўлайди. Наҳотки, биз 10 йиллик қатағонни дунёга эълон қилиб, ҳеч бўлмаса ўша давлатларнинг тилини қисиқ қилиб қўйиш имконимиз йўқ? Журналист сифатида шуларга қаттиқ куюнаман. 

Ҳозир ёшлар ҳозир 1-2 та тарихий кўрсатув қилади-да, албатта, ўзимизнинг ота-боболаримизни айблашга ўтади. Лекин тарихни олиб қарасангиз, Қўқон хонлиги 40 йил Россия империясига қарши курашган. Ёки Хоразм давлати 150 йил қарши турган. Бухоро амирлигини олинг, 20 йилдан ошиқроқ қаршилик қилган. Энди тасаввур қилинг, мана Афғонистон мисолида кўряпмиз, 40 йилдан ошиқ уруш кўрган давлат қандай абгор аҳволда. Биз қандай қилиб афғон халқини айбдор қилишимиз мумкин? Шу даражада 150 йил, 40 йил, 20 йил абгор қилинди бизнинг хонликларимиз, бизнинг тузган империяларимиз. Айблашдан олдин тарихнинг ичига кириш керак. Ўша даврни озгина бўлса ҳам муҳокама қилишимиз керак. 

Ҳозирги кунда Бухоро амирлигининг солиқ тизимини бутун дунё қўллаяпти. Яқиндагина Икром Азизов деган олимимиз билан интернет тармоғида бир кўрсатув ҳам қилдик. Ёки Хоразм хонлигида паспорт тизими. Фото бўлмаса-да, кўзининг, сочининг ранги, бўйи, қайси авлодданлигидан  белгиланган. 

Ўзимиздан чиққан тарихчиларимизнинг тарихимизни паст назарда ёзганлари бор. Шуларда озгина миллий ғурур йўқмикин? Она тарихни ёритаётганингда озгина миллийлигингдан келиб чиқиб, қанақа бир буюк халқ бўлганлигингни озгина ҳис қила олмасанг, деб одамнинг жаҳли чиқади.

Черняев Алимқулига нима учун енгилди? Мана баъзи тарихчиларимиз аждодларимиз ҳарбий маҳоратига эътибор бермаган, қурол-яроққа эътибор бермаган, дейишади. Аксинча, Англия тўпни Туркистонга ҳам, Россия империясига ҳам сотган. Россия империясига бир ярим километргача отадиган тўплар сотилган бўлса, бизга бир километрга етадиган замбараклар пулланган. Черняев туркистонликларнинг тўпи 1 километрга етиб келади деб, улар 2 километр жойга бутун аскарини терган. Бироқ ҳалиги 1 километрга отадиган тўплар 2 ва 3 километрга ҳам етаверган. Маълум бўлишича, қўқонликлар, тошкентликлар тўпларни қайтадан модернизация қилишган экан. 

Руслар билан сулҳ масаласининг 6-бўлимида “Туркистон ўз хоҳиши билан қўшилди” деган сўзлар айнан русларнинг сиёҳида ёзилган. Сулҳга қўшимча қилинган жойларни бизникилар ўзимизнинг сиёҳда ёзишган. Қизиғи шундаки Чор Россияси сиёҳни яратишни ҳам билмаган экан. Уларнинг ёзган жойлари ўчиб, туркистонликлар ёзган қўшимчалар аниқ кўриниб турибди. 

Ёш олимларга маслаҳатимиз, тарихимизни чуқурроқ ўрганинглар, шундагина кимлигимиз, аждодларимиз қандай зотлар бўлганини яхшироқ англайсизлар!

Дилдора Ҳасанова, журналист.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўзбекистон Президенти Режеп Таййип Эрдоғанни Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклади

1002 22:17 28.05.2023

Туркияда президентлик сайлови қизғин давом этмоқда

1372 15:03 28.05.2023

Озарбайжонда Мустақилликнинг 105 йиллиги нишонланмоқда

1247 12:50 28.05.2023

Диний қўмита «Ҳаж-2023» мавсуми қачондан бошланишини эълон қилди

1930 11:22 28.05.2023

Тумор, кўзмунчоққа ўхшаш нарсаларни машинага осиб қўйиш ҳақида

3280 09:20 28.05.2023

Туркияда сайлов. Эртага ким ғалаба қозонади, Эрдоғанми ё Қиличдорўғли?

4569 18:45 27.05.2023
« Орқага