Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Диний идорадан расмий жавоб, заркентликлардан миннатдорчилик мактуби келди

2663

Хабарингиз бор, 29 март куни сайтимизда “Сўконғич имомнинг орқасида ким турибди?” сарлавҳаси остида танқидий мақола эълон қилинган эди. Унда Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Заркент қишлоғидаги “Абу Ҳанифа” номли масжид имоми Н. Аҳмадалиев фаолияти ўрганилиб, Azon.uz ахборот таҳлилий портали мухбирининг журналистик суриштируви асосида бир қатор кўнгилсиз вазиятга ойдинлик киритилган.

Кейинчалик, яъни 2 апрел куни эса норасмий маълумотларга таянган ҳолда, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида одоб-ахлоқ ҳайъати аъзолари вазиятни атрофлича ўрганиб, бир овоздан Н. Аҳмадалиев имомликка лойиқ эмас, деган қарорга келгани ҳақида хабар берган эдик.

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўша мақола юзасидан расмий жавоб берди. Раис ўринбосари И.Иномов имзоси билан юборилган 1119-сонли хатда шундай дейилади:

“Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Заркент кишлоғидаги “Абу Ҳанифа” номли масжид имом-хатиби билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат қонунчилигига асосан 2021 йил 2 апрелдан бекор қилинганини маълум қиламиз”.

Ушбу хатда гарчи исми-фамилияси ёзилмаган бўлса-да, гап Н. Аҳмадалиев ҳақида кетаётганини тушунишимиз мумкин. Аммо хатда унинг қалбаки маълумот асосида ишга киргани ва масъул мутасаддилар мана шу тарзда ишга олгани учун қандай чора кўрилгани очиқланмаган.

Бу орада таҳририятимизга Фарғонадан миннатдорчилик мактуби келди:

“Тошлоқ тумани Заркент маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли

Абу Ҳанифа жомеъ масжиди жамоати номидан

Ташаккурнома

Бизнинг мурожаатимизни инобатга олиб, масжидимиз имоми Н. Аҳмадалиев фаолияти юзасидан журналистик текширув ўтказган, бу бўйича ўз мақоласини Азон.уз сайтида эълон қилгани учун масжид жамоати Азон.уз ахборот таҳлилий портали раҳбарияти ва жамоасига ҳамда сайт мухбири Абдулазиз Муборакка ташаккурларимизни ва чуқур минатдорчилигимизни билдирамиз.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ”.

Умид қиламизки, "Абу Ҳанифа" масжидига дин учун қайғурадиган, Ҳақни ва халқни рози қиладиган илмли ва тақволи имом сайланади (ёки тайинланади). Ўз навбатида таҳририятимиз ҳам жонкуяр заркентлик намозхонларга Аллоҳнинг дини йўлида ғайрат кўрсатгани учун ҳурмат ва эҳтиромларимизни билдириб қолади.


Azon.uz таҳририяти

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага