Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Диний таълимнинг ҳуқуқий асослари

1364

Дунё ҳамжамияти буюк глобализация жараёнида технологиянинг жадал ўсиши ва кенг ахборот оқими даврида турли хил ютуқларга эришиш билан бир қаторда ахборот хуружи оқибатида инсон онгига салбий таъсир ўтказувчи ва инсониятнинг асл қадриятларини издан чиқарувчи омилларга, маънавият соҳасидаги ички ва ташқи таҳдидларга, диний экстремистик ва террорчилик хуружига дуч келмоқда. 

Бугунги кунда ҳеч кимга сир эмаски, қанчадан қанча юртимиз фуқаролари ва бутун дунё аҳлининг турли динларни ниқоб қилиб олган террористик гуруҳлар домига тушиб қолаётганлиги ва бутун дунё ҳамжамиятига бу диний илмсизлик оқибатида вужудга келаётган салбий оқибатлар ҳажмининг ўлчови йўқдир.

Юртимизнинг улуғ олими Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ўзининг бутун дунёда авж олаётган ислом дини ниқоби остидаги террорчиликка қарши ёзган «Очиқ хат» деб номланган рисоласида “Ҳозирги кунда мусулмонлар бошига тушиб турган мусибатларнинг асосий сабабларидан бири – диний илмларни яхши билмаганларнинг диний ишларга аралашиши ва кези келганда бош бўлишидир» деб хулоса қилган. 

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 13-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Ислом ақийдасига кўра эса инсон Аллоҳ Ўз қўли билан яратган, Ўз руҳидан жон пуфлаган, махлуқотларнинг афзали ва мукаррами этган, ер юзида Ўзининг ўринбосари қилиб қўйган олийжаноб бир зотдир. 

Дарҳақиқат, инсониятнинг барча ҳуқуқлари сингари исталганча таълим олиши ва ҳар қандай ахборот ҳуружидан ҳимояланиши ҳуқуқлари ҳам дахлсиз ҳуқуқ сифатида Конституциямизда кафолатланган. 

 Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиеёв 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқларида бутунжаҳон ҳамжамиятига қуйидаги оламшумул баёнотни берган:   

“Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз.

Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади.

Бугунги сессия иштирокчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилмоқчиман.

Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат.

Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган». 

Ўзбекистон Республикаси инсоннинг диний таълим олишга бўлган ҳуқуқи ҳам бошқа ҳуқуқлари каби ҳалқаро ҳужжатларда ва маҳаллий қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топган.

Мазкур мақолада, диний таълимнинг ҳуқуқий асосларини, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида эътироф этилган ҳалқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олиш тамойилидан келиб чиққан ҳолда, давлатимиз ратификация қилган ҳалқаро ҳужжатлардан бошлашни лозим топдим.  

Диний таълим олишга бўлган инсон ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган бир қанча ҳалқаро ҳужжатларда акс этган.

Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 18-моддасида бу борада қуйидагича норма ўрнатилган: 

“Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат-ибодат қилишда ва диний расм-русм ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка ўзи, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади.

Ушбу халқаро ҳуқуқий ҳужжатнинг 26-моддасида “таълим инсон шахсини тўла баркамол қилишга ва инсон ҳуқуқлари ҳамда асосий эркинликларига нисбатан ҳурматни кучайтиришга қаратилмоғи лозим. Таълим барча халқлар, ирқий ва диний гуруҳлар ўртасида бир-бирини тушуниш, хайрихоҳлик ва дўстликка хизмат қилиши ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни сақлаш борасидаги фаолиятига ёрдам бериши керак” деб белгиланган.

Шунингдек, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида Халқаро пактнинг 18-моддасида, “(1) ҳар бир инсон эркин фикрлаш, виждон ва диний эркинлик ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқ ўз танловига кўра дин ва эътиқодга эга бўлиш ва уни қабул қилиш, ўз динига якка ўзи, ўзгалар билан улашган ҳолда, оммавий ёки хусусий тартибда эътиқод қилиш, қадриятларни, диний ва ритуал одатларни ҳамда таълимотларни юбориш эркинлигини англатади.  

(2) Мазкур Пактда иштирок этувчи Давлатлар ота оналар ва тегишли ҳолатларда васийларнинг, ўзларининг шахсий эътиқодларига мувофиқ равишда фарзандларининг диний ва аҳлоқий тарбиясини таъминлашга оид эркинлигинини ҳурмат қилиш мажбуриятини олади” деб белгиланган.  

Хорижий давлатлар амалиёти

Шу ўринда, хорижий мамлакатларнинг миллий қонунчилик асосларидан келиб чиқиб, диний таълим олиш учун белгиланган нормаларни ҳуқуқни қўллаш амалиёти нуқтаи назаридан ёритиш мақсадга мувофиқ. 

Жумладан, Норвегия Қироллигининг Миллий Конституцияси 2-моддасида қуйидаги ҳуқуқий норма белгиланган: “Қиролликнинг барча аҳолиси эркин равишда диний эътиқод қилиш ҳуқуқига эга”.  

Скандинавия минтақасининг яна бир мамлакати Финляндия Бош Қомусининг 11-моддасида “Дин ва виждон эркинлиги, динни тан олиш ва унга амал қилиш, танишиш ҳуқуқини ўз ичига олади. Фуқароларнинг эътиқодлари, диний жамоага тегишли бўлиш ёки бўлмаслик ҳуқуқи барча аҳоли учун кафолатланади. Ҳеч кимда ўз эътиқодларига зид равишда диний маросимларда қатнашиш мажбурияти бўлиши мумкин эмас” деб белгиланган.    

Диний таълимга оид муҳим либерал норма, ривожланган Германия Федератив Республикасининг Конституцияси 7-моддасида қуйидагича ифодаланган: “Болаларни тарбиялаш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ушбу болаларнинг диний таълим олишда иштирок этишлари тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга. Диний таълим, диний мактаблардан ташқари, давлат мактабларида мажбурий фан ҳисобланади. Давлат назорати ҳуқуқига зиён етказмасдан диний таълим диний жамоалар тамойилларига мувофиқ амалга оширилади. Ҳеч бир ўқитувчи ўз иродасига қарши диний таълимни олиб бориши шарт эмас”.

Яқин қўшнимиз Қозоғистон Республикасининг амалиётига назар соладиган бўлсак, 2004 йилда “Терроризм ва экстремизм пайдо бўлишини олдини олиш ва огоҳлантириш чоралари тўғрисида”ги Президент Фармони ижроси юзасидан Козоғистон мактабларида “Диншунослик асослари” курслари киритилган. 

Келгусида, 2017 йилгача диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш Давлат дастури асосида ўрта таълим муассасаларида диний таълим ўқитилиши 100% мактаб ўқувчиларини қамраб олиниши режалаштирилган. 

Ушбу ривожланган ва қўшни давлатларда, жамиятга  диний таълим бериш орқали инсонийлик қадриятларини, муайян ахлоқий қарашларни болаликдан шакллантириш, ҳаром ва ҳалоллик тушунчаларини сингдириш, умумий диний фундамент яратиш ҳамда шу орқали турли экстремистик оқимлар хавфидан сақлаш амалиётидан самарали фойдаланилмоқда.

Дунё амалиётида мактабларда диншунослик таълимини беришнинг асосий уч хил кўриниши фарқланади: 

Диний ташкилотлар томонидан диний таълим учун тўлиқ масъулиятни ўз зиммаларига олган ҳолда ташкиллаштирилган таълим, масалан, Польша, Ирландия ва Италия давлатларида;

2. Давлат органлари ва диний ташкилотлар ҳамкорлигида ташкиллаштирилган диний таълим, масалан, Австрия, Бельгия, Англия, Германия, Греция, Венгрия, Россия ва Испания давлатларида ҳамда Швейцариянинг айрим қисмларида;

3. Фақатгина давлат органлари томонидан ташкиллаштирилган таълим тизими, яъни, бу тизим Дания, Эстония, Финляндия, Норвегия ва Швеция давлатларида қўлланилади.

Миллий қонунчилик асослари

Диний таълим олишга миллий қонунчилигимизда ҳам тўсиқлар мавжуд эмас. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида ҳар кимнинг билим олишга бўлган ҳуқуқи давлат томонидан кафолатланган. Билим кенг тушунча эканлиги ва асосий Қомусимизнинг ушбу ёки бошқа моддасида, бундан диний билим истиснолиги ҳақида норма ўрнатилмаганлиги ҳамда диний таълим олишни тақиқловчи норма мавжуд эмаслиги, фикримизча, ҳар кимнинг мазкур норма асосида диний билим олиш ҳуқуқини кафолатлайди.

Шунингдек, диний таълим олиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 19 май кунги “Таълим тўғрисида”ги Қонуни 4-моддасида белгиланган таълим соҳасида камситишларга йўл қўйилмаслиги, таълим олишга доир тенг имкониятларнинг таъминланиши, таълим ва тарбияга миллий ҳамда умуминсоний қадриятларнинг сингдирилганлиги, таълим ва тарбиянинг инсонпарварлик, демократик хусусияти каби таълим соҳасидаги асосий принципларга тўлақонли равишда мувофиқ келади. Ушбу қонунчиликда ҳам диний таълим олишга ҳеч қандай чеклов ўрнатилмаган. 

Аксинча, Қонуннинг 5-моддасида жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар кимга таълим олиш учун тенг ҳуқуқлар кафолатланади.

Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги (26.06.2021 й.) Қонуни 4-моддасида “Виждон эркинлиги — бу фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик бўйича кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир” деб таъриф берилган бўлса, ушбу Қонуннинг 5-моддасида фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаган ҳолда, уларнинг виждон эркинлигига бўлган ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун тенг шарт-шароитлар яратишни асосий устуворлик сифатида эътироф этган. 

Демак, инсоннинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик конституцион (ва/ёки фундаментал) ҳуқуқи эканлиги ва табиийки, бу ҳуқуқни рўёбга чиқариш учун бу борада малакали билим олиш зарурлигидан келиб чиқадиган бўлсак, диний таълим олиш хар бир фуқаронинг ушбу Қонун 5-моддасида белгиланган виждон эркинлигига бўлган ўз ҳуқуқлари саналади. 

Шунга қарамасдан, қайд қилинган конституцион ҳуқуқ ва асосий устуворлик боғламасига зид равишда мазкур Қонун 8-моддасида таълим тизимининг ўқув дастурларига диний фанлар киритилишига (бундан диний таълим муассасалари мустасно) йўл қўйилмаслиги белгиланган. 

Ҳуқуқий жиҳатдан хавфсизлик асослари (механизми)

Хўш, Ўзбекистонда диний таълимнинг амалга оширилишига нима тўсқинлик қилмоқда?

Гарчи, юқорида келтириб ўтилганидек Конституциямиз ва унинг виждон эркинлиги борасидаги асосий тамойилларидан келиб чиққан қонунчилик нормаларида айни диний таълимга жиддий таъқиқ мавжуд бўлмасада, қайд қилинганидек, баъзи қонун нормаларидаги зиддиятлар, фикримча, юртимизда диний таълим берилишига тўсқинлик қилмоқда. 

Бунинг асосий сабаби эса, назаримда бу исломофобия, яъни, муқаддас ислом динининг нотўғри талқини ва ундан қўрқув ҳамда шу асосда аҳоли орасида ғоявий бузилишларга, терроризм ва диний экстремизмни ривожлантириш эҳтимоли.

Бу масаланинг ечими сифатида, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (институт БДИПЧ) ва диний эркинлик бўйича экспертлар кенгашининг 2007 йилда ишлаб чиқишган Давлат мактабларида дин ва эътиқод бўйича таълим беришнинг Толедо Бошқарув (асосий) принципларини олиш мумкин. 

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг асосий мақсадларидан бири терроризмга қарши курашиш борасида ҳамкорлик бўлиб, Ўзбекистон Республикаси 1992 йилда ушбу ташкилот аъзолигини қабул қилган. 

Толедо Бошқарув (асосий) принципларида давлат мактабларида диншунослик таълимини беришнинг қуйидаги асослари келтирилган.

– дин – инсонлар ҳаётининг муҳим жиҳати бўлиб, умуман жамият учун катта аҳамиятга эга. Турли хилдаги диний эътиқодларни тушуниш кўп конфессияли жамият аъзоларининг ўзаро бир-бирини тушуниши учун зарур.

– динларни ўрганиш инсон ўзлигини англашини шакллантиради ва ривожланишига ҳамда шахсий эътиқодини  янада чуқурроқ тушунишга ёрдам беради. Динларни ўрганиш таълим олувчига мазмун ва мақсад ҳақида мулоҳаза юритишга, бутун тарих давомида инсоният томонидан кўтарилган ахлоқий масалаларга танқидий назар билан фикрлашга ундайди. 

– Aдабиёт ва санъатнинг аксарият қисмини диний билимларни ўрганмасдан тўлақонли англашни тасаввур этиб бўлмайди. Шунинг учун динларни ўрганиш тўлиқ таълим учун ажралмас бўлак сифатида таърифланади. 

– Динларни ўрганиш инсоннинг  ўтмиши ва бугуни ҳақидаги тушунчасини чуқурлаштиради ва унинг фикрлаш доирасини кенгайтиради. Динлар ҳақидаги билимлар жамиятда ўзаро ҳурмат ва ижтимоий бирлашишга ёрдам беради. Бундай ҳолда, жамиятнинг барча аъзолари, ўзларининг диний эътиқодларидан қатъий назар, бошқаларнинг динлари ва эътиқодлари ҳақидаги билимлардан наф оладилар.

Дарҳақиқат, мазкур тамойилларга асосан давлатимизда диний таълим бериш йўлга қўйилса, нафақат ёш авлод, балки бутун жамиятда инсоннинг ажралмас руҳияти билан боғлиқ бўлган тушунчаларга нисбатан илмий тасаввурлари шаклланади, руҳий онги ошади ҳамда бошқа дин вакилларига нисбатан ҳурмати юксалади. 

Айни мазкур тамойиллар асосида, яъни, юртбошимизнинг юқоридаги иқтибосларида келтирилган каби диний толерантлик (бағрикенглик) асосида диний таълимни жорий қилиш, бу жараёнга ҳар бир дин бўйича малака мутахассисларни жалб қилиш орқали хавф сифатида кўрилаётган терроризм ва диний экстремизм каби ёмон иллатларнинг ушбу жараёнга таҳдидини йўққа чиқариш мумкин.   

Бошланғич диний таълим борасида янгича, замон талабида иш кўриш жуда ҳам муҳим. Бунга халқнинг эҳтиёжи жуда ҳам катта. Зеро, инсон эътиқодсиз, диний тушунчаларсиз яшай олмайди. Бу эҳтиёжни тартибли равишда, керакли йўсинда, назорат билан қондирилмаса, кишилар уни ўзлари истаган тарафдан уддалашга мажбур бўлишади. Бунинг қандай ёмон оқибатларга олиб келишини тавсифлаш шарт бўлмаса керак.

Президентимизнинг 03.05.2019 йилги 4307-сонли “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори жаҳонда ғоявий-мафкуравий курашлар кескин давом этаётган, маънавий таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги даврда ёшлар ўртасида миллий қадриятларга беписандлик, зарарли ёт ғоялар таъсирига берилиш, жиноятчилик ва экстремизм ҳаракатларига адашиб қўшилиб қолиш ҳолатларини олдини олиш ва\ёки бартараф қилишга қаратилган.

Диншунослик бизнинг таълимимизнинг дунёвий хусусиятига зид эмас, чунки мактаб ўқувчилари динни эмас, балки маданиятнинг бир қисмини ўрганадилар. Турли динлар билан танишиб, юқори синф ўқувчилари саволларга жавоб қидириш муҳитига тушиб қолишади: Инсон нима? Унинг мақсади ва ҳаётнинг маъноси нима? Дунё қандай пайдо бўлди ва у қандай ишлайди? Бу саволлар абадийдир ва уларга жавоблар якуний ва тўлиқ бўлиши мумкин эмас. Ҳаёт нима учун берилган? – каби саволлар диний билими йўқ шахслар учун инсоният мавжудлигининг асосий жумбоғи сифатида қолмоқда. Бу диний таълимнинг фалсафий жиҳати. Бироқ ҳар бир мактаб битирувчиси эртами-кечми ўз дунёқарашини танлайди. Биз, катталар, ўз позициямизни юклашга ҳақли эмасмиз, лекин биз ёшларга маънавий соҳада онгли равишда, масалани билган ҳолда ўзларини англашларига ёрдам беришга мажбурмиз. Бунинг учун мактабга диний масалаларда ваколат бериши керак. Ўқувчиларга диний билимга эга бўлган махсус билим юртларини тамомлаган малакали мутахассислар таълим беришлари лозим. Диншунослик дарсларида талабаларнинг ҳар бири ўз шахсий дунёқарашини танлаши, мустаҳкамлаши ёки танқидий қайта кўриб чиқиши мумкин. Шундай экан, мактаб ўқувчиларининг диний масалаларда маърифат топиши, бизнинг фикримизча, виждон, эътиқод, сўз эркинлиги тамойилини амалда амалга ошириш учун замин яратади.

Хулоса қилиб айтганда, бугун, ҳар қачонгидан ҳам аниқки, энди динни эътиборсиз қолдириш, диний масалаларда сукут сақлаш мумкин эмас. Биз динни инсоният маданияти ҳодисаси, фалсафий тафаккур ва ҳаётимиз (руҳиятимиз) нинг ажралмас қисми сифатида тушунишимиз керак. Динга бўлган бу янги муносабат ёш авлод учун ҳам мавжуд бўлиши керак.                                 

Руслан Садиков, ҳуқуқшунос.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ахлоқус солиҳийн: дунё васвасасидан сақланиш

978 19:05 29.04.2022

Қорабоғдаги арманлар ҳам бизнинг фуқароларимиз – Илҳом Алиев

708 16:45 29.04.2022

Дунёга муҳаббат ва ибодат  бир-бирига номувофиқдир

592 19:05 28.04.2022

Ахлоқус солиҳийн: дунёга муҳаббат

390 19:05 27.04.2022

Дунё мамлакатларида Рамазон шукуҳи (фото)

1330 21:45 06.04.2022

Мисрда «нон исёни» юз бериши мумкин

1956 09:24 17.03.2022
« Орқага