Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Дунё давлатларининг «Толибон»га муносабати қандай?

1836

Жорий йил 15 августида «Толибон» ҳаракати бутун Афғонистон бўйлаб назорат ўрнатди. Ўшандан бери толиблар қўшни давлатлар, бошқа минтақалар ва умуман бутун дунё билан дўстона алоқалар ўрнатиш ниятида эканлигини айтиб келади. Бироқ шу пайтгача дунёнинг бирор давлати толиблар ҳокимиятини расман тан олгани йўқ. Хўш, давлатларнинг «Толибон» борасида позицияси қандай?

Ўзбекистон Афғонистонда кенг вакилликка асосланган инклюзив коалицион ҳукуматни тузиш асносида тинчлик ўрнатилиши тарафдори. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида ҳисобот бераётиб айтиб ўтган эди. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ҳамкорларига Афғонистондан фуқароларни транзит йўли билан хавфсиз жойга кўчириш борасидаги ишларига ёрдам берди, қолаверса, давлатимиз қўшни мамлакатга гуманитар кўмак кўрсатиб келмоқда.

Август ойининг охирида Германия Ташқи ишлар вазири Хайко Маас агар хавфсизлик бўйича шароит имкон берса, унинг мамлакати Кобулдаги элчихонасини яна очишни исташини айтган эди. Айни пайтда у гап “Толибон” ҳокимиятини расман тан олиш ҳақида эмас, балки амалий муаммоларнинг ечими тўғрисида эканлигини таъкидлади. Масалан, немис ҳарбийларига ёрдам берган маҳаллий фуқароларнинг хавфсизлиги, Германиянинг нодавлат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ва ҳоказо.

“Толибон” ҳаракати Россияда террорчи гуруҳлар рўйхатига киритилган бўлса-да, Москва анчадан бери толиблар билан алоқа қилиб келади. Яқинда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва Коллектив Хавфсизлик Шарномаси Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида нутқ сўзлаган Россия президенти Владимир Путин “Толибон”нинг муваққат ҳукуматини репрезентатив ва инклюзив деб атаб бўлмаслигини, бироқ улар билан иш олиб бориш зарурлигини айтди. Шунингдек, у Афғонистондаги янги ҳукуматни тан олиш позицияси бўйича келишиб олиш зарурлиги ҳақида гапирди.

Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель сентябрь ўрталарида Европарламентда нутқ сўзлар экан, Афғонистондаги вазиятга қандайдир таъсир кўрсата олиш учун толиблар билан музокаралар ўтказиш зарурлигини таъкидлади. Европа Иттифоқи Афғонистон бўйича умумий стратегияси сифатида у ерда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва мазкур мамлакат террорчи гуруҳларнинг марказига айланмаслиги эканлигини айтиб келади.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи агар Марказий Осиё давлатлари афғон қочқинларини қабул қиладиган бўлса, уларга моддий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди.     
Йирик давлатлар орасида толиблар билан очиқроқ ҳамкорлик олиб бораётгани бу, шубҳасиз, Хитойдир. Июль ойининг охиридаёқ Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И “Толибон” етакчиси Абдул Ғани Бародар билан учрашган эди. Пекиннинг мақсади Афғонистондаги фойдали қазилмаларга етиб бориш ва Афғонистонни ўзининг “Янги ипак йўли” лойиҳасига қўшиб олиш.

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти ҳалигача Афғонистон бўйича янги стратегиясини эълон қилгани йўқ. Шунингдек, Вашингтон толибларнинг алоқа ўрнатиш ҳақидаги чақириқларига ҳам жавоб қайтармаяпти.

Покистон анчадан бери толибларни қўллаб-қувватлаб келаётгани эндиликда сир эмас. Покистон бош вазири Имрон Хон халқаро ҳамжамиятни Афғонистоннинг янги ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга чақириб келяпти. Толиблар илк бор 1996 йилда Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаганида Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари қаторида Покистон ҳам уларни расман тан олган эди.

Айни пайтда Исломобод афғон қочқинларини қабул қилиш ниятида эмас. Шундоқ ҳам Покистонда 1,5 миллион афғонистонлик яшайди. Афғонистондан қочқинлар келмаслигини Туркия ҳам истайди. Бунинг учун ҳатто Эрон билан чегарада девор қуришни бошлаб юборган. Айни пайтда Анқара толиблар билан дипломатик алоқа ўрнатиш тарафдори. 

Хуллас, “Толибон” ҳокимиятини дунёнинг қайси давлати биринчи бўлиб тан олишини, албатта, вақти келиб билиб оламиз.

Убайдуллоҳ Адҳамов тайёрлади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Дунё аҳолиси 8 миллиарддан ошди

256 16:40 15.08.2022

Дунёда 733 миллион киши ҳамон электр энергиясидан маҳрум

433 19:35 02.06.2022

Ахлоқус солиҳийн: дунё васвасасидан сақланиш

1194 19:05 29.04.2022

Қорабоғдаги арманлар ҳам бизнинг фуқароларимиз – Илҳом Алиев

959 16:45 29.04.2022

Дунёга муҳаббат ва ибодат  бир-бирига номувофиқдир

848 19:05 28.04.2022

Ахлоқус солиҳийн: дунёга муҳаббат

600 19:05 27.04.2022
« Орқага