Халқаро мусулмон олимлари иттифоқи «Толибон» томонидан Афғонистоннинг муваққат ҳукумати раҳбари этиб тайинланган Муҳаммад Ҳасан Охундга табрик йўллади, дея хабар бермоқда «Анадолу» агентлиги.
Иттифоқ Афғонистондаги бошқарув тинчликни ва умуминсоний гуманитар қадриятларни мустаҳкамлаш йўлида исломий модел асосида амалга ошишига умид билдирган. Шунингдек, ҳукуматни адолатни таъминлаш, қон тўкилишининг олдини олиш, ҳуқуқ ва эркинликларни ҳурмат қилишга ундаган.
Бундан ташқари, олимлар Афғонистондаги томонларни ҳукуматни қўллаб-қувватлаш, у билан ҳамкорлик қилиш ҳамда ташқи аралашув ва ички низолар натижасида келиб чиққан турли муаммоларни ҳал қилиш учун ҳукуматга маслаҳатлар билан ёрдам беришга чақирган.
Халқаро мусулмон олимлари иттифоқига 2004 йилда асос солинган бўлиб, бош қароргоҳи Қатар пойтахти Дохада жойлашган. Ташкилот дунё бўйича 90 минг мусулмон олимларини бирлаштирган.