Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Эфиопиялик Буртикон

2209

Иймон ажиб ишлар қилади-да! У қулни подшоҳга подшоҳни қулга айлантиради.

Билол розияллоҳу анҳу Умайя ибн Халафнинг қули эди. Мусулмон бўлган чоғида ҳам қул эди. Умайя Билол розияллоҳу анҳуни қайноқ қум устига ётқизиб азоблаганда Билол саййид, Умайя қул бўлди. Билол розияллоҳу анҳу танаси ила қул бўлсада, аммо руҳи ила саййид эди. Умайя эса танаси ила саййид бўлса-да, аммо руҳан қул эди.
    
Фиръавн қизининг оқсочи чўри эди. Фиръавн эса Миср аҳлининг сиёсий урфида подшоҳ, диний урфида илоҳ эди. Фиръавн оқсоч билан юзлангач, рол ўзгарди. Фиръавн қулга, оқсоч маликага айланди. Фиръавн у оқсочнинг фарзандларини бирин-кетин қайнаб турган мойга солиб оқсочдан: "Роббинг ким?" деб сўрар, оқсоч эса ҳар сафар: "Сенинг ҳам, менинг ҳам Роббимиз Аллоҳдир!"  дер эди. Фиръавн унинг танасига эга эди, аммо қалби ва руҳи фақатгина оқсочнинг ўзига тегишли эди.
   
Билол ва оқсоч ўтиб кетган эмас. Улар ҳозирда ҳам бор. Ҳамон яшашмоқда. Уларнинг бири: "Аҳад-аҳад" деса, бошқаси: "Сенинг ҳам, менинг ҳам Роббимиз Аллоҳдир!", дейишмоқда ҳамон.

Сизга бир ажойиб қиссани айтиб бермоқчиман. Тўрт йиллар олдин уйимга бир хизматкор қизни ишга олдим. У Эфиопиядан эди. Исми Буртикон эди. Унинг ёши ўн саккизда бўлиб, насронийлик динида эди. Унинг диндорлигини билгач, унга дедим:
— Агар черковга борсанг, машинамда ҳар якшанба куни элтиб, яна қайтариб олиб келишим мумкин.

Буртикон деди:
— Йўқ! Аммо рўза тутсам бўладими?

Мен: 
— Бемалол, дедим.

Сўнгра хотинимга унга муносиб таом тайёрлаб беришини сўрадим. Уларнинг рўзаси кундузги  ўн иккигача бўлар экан.

Буртикон жуда ажойиб қиз эди. Биз унга тамоман ўз қизимиздек муомала қилар эдик. У менга "дада" деб, хотинимга "ойи" деб мурожаат қилар эди. Фарзандларим ҳам унга опалари каби муомала қилашар эди. Ошхонада ўтирсак у ҳам худди бизнинг қизимиз каби биз билан бир стол атрофида ўтирар эди. Агар фарзандларимизга кийим сотиб олсак айнан ўша нархда Буртиконга ҳам кийим сотиб олар эдик. Фарзандларимга пул берганимда унга ҳам берар эдим. Мен унга бирор марта дини хато эканлигини айтмаганман.

Бирор марта уни исломга даъват қилмадим. Ҳар куни фарзандларимга имом Нававийнинг "Риёзус солиҳийн" китобидан дарс берар эдим. Ундан бирор марта биз билан бирга ўтириб китобни тинглашини  сўрамаганман. Аммо у кечаси қизим Фотимадан ислом ҳақида суриштирар экан. Чунки у қизларим билан бирга бир хонада ухлар эди. Икки йил шу ҳолатда ўтди. Учинчи йили Рамазондан бир ҳафта олдин у менга деди:

— Дада! Мен сизга бир гап айтмоқчиман.

Мен: 
— Бемалол, қизим, дедим.

Буртикон:
— Мен Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад Унинг қули ва пайғамбари эканлигига гувоҳлик бераман, деди.

Ўша йили у биз билан Рамазон рўзасини тутди. Карантинда масжидлар берк бўлгани учун бирга уйимизда таровиҳ намозини бирга ўқидик. У намозларига ниҳоятда эътиборли эди. Ҳатто менинг фарзандларимга ҳам намозни эслатиб турар эди.

Ниҳоят, унинг биздаги ишлаш муддати тугади. Энди у юртига абадий қайтмоқчи эди. Мен билар эдимки, у дини туфайли юртида кўп қийинчиликларга дуч келар эди. Модомики, иш динга боғлиқ экан, у оиласига қандай қилиб қарши турар экан деган хаёл мени ўйлантирар эди. Шунинг учун уни чақириб дедим:

— Ота-онага хизмат қилиш, силаи-раҳм дегани уларнинг динига эргашиш дегани эмас. Ҳар-бир инсон ёлғиз ўлади, ёлғиз дафн қилинади ва ёлғиз тирилади.

Мен унга кўп қиссалар ва ҳикоялар айтиб бердим. Иброҳим алайҳиссаломнинг оталари билан бўлган зиддиятлари ва ўз динларидан қайтмаганлари ҳақида, Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳунинг онаси билан бўлган зиддияти ҳақида, у зотнинг онаси токи ўғли исломдан қайтмас экан овқат емаслик ва сув ичмасликка қасам ичганини,  Саъд розияллоҳу анҳу эса: "Эй онажон! Агар сизнинг юзта жонингиз бўлиб улар бирин-кетин чиқиб турса ҳам мен динимни тарк қилмайман", деганини, Билол розияллоҳу анҳунинг "Аҳад-аҳад" деганини, Фиръавн қизининг оқсочини Фиръавнга: "Сенинг ва меним Роббим Аллоҳ" деганини , Суҳайб Румийнинг қилган фойдаси ҳақида гапириб бердим.

Воқеа кутганимдек бўлибди. Қизим у ерда ёлғиз қолибди. Аммо у билан бирга Билол розияллоҳу анҳунинг азимати, Фиръавн оқсочининг саботи, Саъднинг кучи, Суҳайбнинг зуҳди бор эди. Оиласи ундан динини тарк қилишини талаб қилишибди. Аммо у кўнмабди. Улар барча усулларни қўллаб кўришибди,  аммо фойдаси бўлмабди. Охири уни диндан қайтаришнинг ечими уни турмушга бериш деб ўйлашибди. У эса "мусулмон қиз мусулмон бўлмаганга турмушга чиқмайди" деб бунга ҳам кўнмабди. Мен уни саботга чақирар, ота-онасига яхшилик қилишга даъват қилар, динини тарк қилмаcликка ундар эдим. У ҳақида чиройли гумонларим исботини топти. У бугун мен билан боғланиб сўради:

— Дадажон! Рамазон қачон киради? Менга хабар беринг. Рўза тутаман.

Менинг ҳузуримга Буртикон исмли насроний қиз келган эди. Аммо Нур исмли муслима қиз қайтиб кетди. У биз унга ўргатганимиздан кўпроқ дарс берди бизга. Иймон мўъжизалар кўрсатишини ўргатди. Инсон қалби билан инсон эканлигини англатди бизга!


Адҳам Шарқовий

Абдулқодир Полвонов тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Россия ҳеч қачон биринчи бўлиб уруш бошламаган(ми?)

4605 17:05 10.04.2022

«Африкани давлат тўнтаришларининг ҳалокатли тўлқини қамраб олди»

605 13:05 07.02.2022

Эфиопия шимолида очлик: шифокорлар ҳам тиланчилик қиляпти

1031 14:08 29.01.2022

Эфиопия элчиси: «БМТ ислоҳ қилиниши керак» 

590 17:55 05.01.2022

Дунёда эҳтиёжмандлар сони ортяпти – БМТ

500 11:05 03.12.2021

Нобель мукофотига нолойиқ уч одам

3823 18:10 22.10.2021
« Орқага