Ўзбекистон Республикасининг Австриядаги элчиси Абат Файзуллаев ЕХҲТ Парламент ассамблеяси Бош котиби Роберто Монтелла билан учрашди.
ЕХҲТ Парламент ассамблеяси Европа, Осиё ва Шимолий Америка минтақаларидаги 57 давлатдан 323 нафар парламент аъзоларини ўз атрофига бирлаштирган ташкилот ҳисоблангани ҳолда сайловларни кузатиш миссияларига раҳбарлик қилиш, аъзо давлатларнинг сиёсий, хавфсизлик ва бошқа соҳалардаги мажбуриятларини бажариши бўйича халқаро ҳамкорликка кўмаклашиш ҳамда парламентлар ўртасидаги мулоқотни таъминлашга хизмат қилади.
Суҳбат чоғида сўнгги йиллар давомида Ўзбекистоннинг ЕХҲТ Парламент ассамблеяси билан ўзаро муносабатлари сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилгани ва ижобий суръат билан тобора ривожланиб бораётгани қайд этилди.
Хусусан, Ўзбекистон парламенти аъзолари ташкилотнинг ҳар йилги сессияларида мунтазам қатнашиб келаётгани ҳамда йиғилиш кун тартибидаги масалалар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдираётгани баробарида аниқ таклифларни илгари сураётгани алоҳида таъкидланди.
Бош котиб Роберто Монтелла ўтган йили Ўзбекистонга ташрифи ва Президент сайловида халқаро кузатувчилар таркибидаги иштирокига тўхталар экан, ушбу сайлов халқаро мезонлар ва андозаларга мос равишда юксак савияда ўтганини айтди.
Эслатиб ўтамиз: 2021 йил октабр ойида бўлиб ўтган Президент сайловида кузатувчилар халқаро миссияси таркибида ЕХҲТ Парламент ассамблеяси, Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Европа парламентидан жами 366 нафар кузатувчи иштирок этган эди.
Учрашувда, шунингдек, Парламент ассамблеясининг бўлажак сессияларидан бирини Ўзбекистонда ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.