Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Эҳсонингиз жаннат бўлсин!

2213

Инсон руҳи ҳамиша эзгуликка ташна бўлади. Руҳимиз миллат, дин ва ирқ танламайди. У фақат эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги мувозанатни билади, холос. Аслида ҳаётимиз ҳам шундай: яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги жангдан иборат. Фақат бу ҳолат бизга турли ҳодиса ва мавжудликлар тарзида намоён бўлади. Биз ўз руҳимизни эшитишни билмаймиз. Унга нималар ёқиши ҳақида эса ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Фақат ҳаёт ташвишлари, жамоат, обрў, бола-чақа, тўй-маросим… Мана ақлимизнинг бизга юклайдиган доимий вазифалари. Руҳимизга ҳам қулоқ тутайлик, уни севинтирайлик. Ахир руҳимизгина ягона содиқ йўлдошимиз-ку!..

Хўш, руҳимизни тингладик ҳам дейлик: у нимани истайди? Шубҳасиз, Роббисининг розилигини. Аллоҳни рози қилмайдиган киши ҳеч қачон ҳеч кимдан рози бўлмас эмиш. Шунинг учун ҳам бундайлар кўнглида хотиржамлик, ҳақиқий бахт туйғусини асло ҳис қила олмайди. Ором йўқ, сакинат йўқ! Бир инсон учун бундан ҳам оғир дард бўлурми? Йўқ! Аллоҳни рози қилмоқ учун нима қилмоқ керак? Бандаликни тўлиқ бажармоқ керак! Зотан, Мавлоно Румий қаддасаллоҳу руҳаҳул азиз шундай деганлар:

Зиндаги омад баройи бандаги,
Зиндаги бебандаги шармандаги - 

Яъни "Тириклик фақат бандалик учундир, бандаликсиз тириклик шармандаликдир".

Маълумки, илм олмоқ фарзи айндир. Эркак киши учун ҳам, аёл киши учун илмли бўлмоқ фарздир. Ахир илм йўлидаги инсонгина хатони кўра олади, нима тўғри-ю нима нотўғри эканини англайди. Бугунги фитна-фасодлар авж олган замон кишиси учун эса илм олмоқ ҳар жиҳатдан жуда-жуда зарурдир. Масалан, орамизда намозимни адо қилсам бўлди-да деб, кишилар ҳақини ейдиган, дилларни оғритадиган, хайр-эҳсон кўчасидан юрмайдиган ва бу гуноҳлари кўзига кўринмайдиган "мўминлар" ҳам бор. Улар илмли ва илмига амал қиладиган бўлганларида эди, Аллоҳнинг ушбу сўзларини бутун ҳаётларига дастуруламал қилган бўлар эдилар:

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Бақара сураси 177-оятида шундай марҳамат қилади:

"Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига буриб, (ибодат қилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхши кишилардир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар".

Ахир, бир мискиннинг, ночорнинг оғирини енгил қилмоқ нақадар қувонч берувчи ҳолатдир. Атрофимизда турли тоифа инсонлар бор: биров бой, биров камбағал, бири ўртаҳол, яна бири эса ўта ночор…  Яшаётган маконимиз Ер экан, демак, моддият ҳаётимизда кўп нарсани ҳал қилади. Баъзи илмсизлар ислом дини фақирлик дини, фақат камбағалларини севувчи дин деб фикрлайди. Аслида эса Аллоҳ таоло кучли мусулмонни кучсиздан, бойини камбағалидан яхшироқ дейди. Бу фарқда савоб-гуноҳ масаласи эмас, бир-бирига яхшилик қилишидаги тафовут масаласи айтиляпти. Яъни бир камбағал мўмин ўз фақирлигини ҳеч кимга билдирмасдан, ҳеч кимдан бирор нарса таъма қилмасдан гўзал сабр ила Аллоҳга шукроналик келтириб яшаётган бўлса ва бошқа бир мол-давлати кўп мўмин у биродарининг фақирлигини англаб, унга хайр-эҳсон қилса, мана шу Аллоҳни севинтирувчи энг гўзал ҳолатдир.

Қуръони Карим шу қадар буюк китобки, уни ўқиган ва уққан мусулмон борки, ҳаётидаги жамики оқу қорани ажрата оладиган бўлади. Унда ҳамма нарса очиқ-ойдин кўрсатилган. Жумладан Бақара сураси 272-273-оятларида Аллоҳ таоло шундай дейди:
"Уларнинг ҳидояти Сизнинг зиммангизда эмас (эй, Муҳаммад), балки Аллоҳ хоҳлаган кишиларни ҳидоят этур. Неки қилган хайр-эҳсонларингиз бўлса, у ўзларингиз учундир. Фақат Аллоҳнинг "юзи" учунгина эҳсон қилгайсиз. Қилган ҳар бир хайр-эҳсонингиз (савоби) сизларга адолатсизлик қилинмаган ҳолда мукаммал қайтарилур. (Садақа ва эҳсонлар) Аллоҳ йўлида (жанг билан) банд бўлиб, сафарга чиқа олмайдиган, иффатлари (тортинчоқликлари) сабабли билмаган одам бой деб гумон қиладиган фақирлар учундир. Уларнинг (фақир эканликларини) сиймоларидан (ташқи кўринишдаги белгиларидан) билиб оласиз. (Улар) одамлардан тиланиб туриб олмайдилар. Қилган хайр-эҳсонингизни Аллоҳ билиб турувчидир".

Роббимнинг розилиги учун дея чин дилидан имкони қадар эҳсон қилган инсон   бу еру оламларни яратган Аллоҳнинг қудрати олдида ҳеч нарсага арзимайдиган моддияти-садақаси билан қанчадан қанча балолардан, офатлардан қутулади, амал дафтарига нақадар гўзал сўзлар-савоблар битилади…

Шукрки, ҳаётимизда эҳсону закотни Аллоҳнинг розилиги ва кўнгилларининг роҳати деб билиб, умрини ана шундай гўзал амаллар билан ўтказувчи кишилар кўпдир. Уларнинг ошкора ёхуд махфий садақалари Аллоҳ олдида қабул бўлаверсин. Аммо ана шундай мўминларга ҳам тош отувчи, уларни риёкорликда айбловчи кишилар ҳам бор. Улар Яратганнинг ушбу сўзларини билмаслар, Аллоҳ уларга ҳидоят берсин:

"Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю камбағалларга пинҳона берсангиз - ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча)ишларингиздан хабардордир. Мол(-дунё)ларини кеча-ю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишиларнинг Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари бордир. Уларга хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар."( Бақара, 271, 274)

Азиз замондошим, диндошим, у дунё-ю бу дунёда хотиржамликда, саодатда яшайман десангиз, кўнгил олинг, кўнгилдан қолманг. Кимгадир яхшилик қилар экансиз, англангки, у инсон марҳамати-ю қудрати чек-чегарасиз бўлган Роббингизнинг қулидир. Атрофингиздаги ҳар бир одамга ана шу назар билан боқинг. Худди сиздек улар ҳам Аллоҳнинг бандаларидир. Қулини қувонтирсангиз, Эгасини қувонтирибсиз ва шубҳасиз, Яратган сиздан қувонса, сиз қувонибсиз. Мана бахт  ва шодлик омили – шудир! Зеро, "Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир". Эҳсонингиз(мукофотингиз) жаннат бўлсин!

 

Муяссар Қобулова Омонбой қизи

Ушбу мақола “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ўтказилаётган “Яхшилик қил-2021” танловига юборилган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Дин ривожига ҳисса қўшиш нима билан бўлади?

444 18:37 04.07.2022

“Саховат Наманган” хайрия фонди атрофида ғалати ишлар бўляпти  

12295 19:57 11.04.2022

Рамазон 2022: Канада мусулмонлари бутун мамлакат бўйлаб озиқ-овқат банкларини қўллаб-қувватламоқда

515 08:33 30.03.2022

Миср: масжидларга хайрия қутиларини олиб ташлаш буюрилди

2764 07:30 12.11.2021

Америкалик мусулмонлар хайр-эҳсон ишларида пешқадам

1367 11:45 03.11.2021

Эҳсонини холис қилганлар

1105 18:00 08.05.2021
« Орқага