Украинага босқин бошланганидан кейин Қирғизистонга қочган урушга қарши россияликларнинг айтишича, Россиянинг Бишкекдаги элчихонаси маҳаллий хавфсизлик ходимларидан уларни тезроқ депортация қилишни талаб қилмоқда. Улар, шунингдек, милицияга профилактик суҳбатлар учун тобора кўпроқ таклиф қилишаётгани, шунингдек, Қирғизистон хавфсизлик кучлари улар ва уларнинг оила аъзолари устидан маълумот тўплаб, кузатиб юришгани ҳақида гапиришмоқда. Милиция ходимларининг ўзлари бундай иш жилдлари юритилаётганини тан олишган. Россия консуллиги Путин ва унинг сиёсатига қарши чиққан россияликларни депортация қилишда маҳаллий хавфсизлик кучлари билан қанчалик яқин ҳамкорлик қилади?
Украинада уруш бошланганидан бери минглаб россияликлар Қирғизистонга кўчиб ўтган: баъзилари сафарбарликдан қочган, бошқалари эса урушга қарши бўлиб, ўз позицияси учун жиноий жавобгарликка тортилишни истамаган.
Март ойи бошида, Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужум бошлаганининг бир йиллиги муносабати билан бир неча россиялик Бишкекда урушга қарши акция ўтказган. Улар Россия ҳарбий агрессияси қурбонлари хотирасига гул қўяётган вақтда фуқаро кийимидаги шахслар томонидан ушланган, мобил телефонлари тортиб олинган. Кейинроқ россияликлар қўйиб юборилган, бироқ милиция чет эл фуқароларининг Қирғизистонда бўлиш тартибини бузгани учун уларга нисбатан баённомалар тузган.
Бишкекда ҳибсга олинганлардан бири Юлия Кулешованинг айтишича, камида бир намойишчига депортация қилиш билан таҳдид қилинган. Бундан бироз олдин, январь ойида, расмийларнинг илтимосига биноан, россиялик фуқаролик фаоли, "Весна" ҳаракати аъзоси Тимофей Илюшин Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлди: у урушга қарши ва сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаш учун акциялар ўтказмоқчи эди.
Қирғизистондаги руслар учун “Красная криша” жамиятига асос солган Юлия Кулешованинг “Настояшее время” нашрига айтишича, Қирғизистонда яшовчи урушга қарши позициядаги руслар маҳаллий хавфсизлик кучлари эътиборини тортган. Унинг баъзи дўстлари кўчада милиция томонидан ушланиб, бўлимга олиб кетилган. "У ерда уларга жамиятнинг ҳар бир аъзоси, жумладан, болаларнинг суратлари туширилган ҳужжатлари тўплами кўрсатилиб, агар Қирғизистонда яшашни истаса, фаолликни тўхтатиши лозимлиги айтилган, дейди Юлия.
Унинг сўзларига кўра, релокантлар тўпланадиган уйни ҳозир фуқаро кийимидаги нотаниш кишилар доимий равишда кузатиб туради. Улар маҳаллий хавфсизлик кучларими ёки Россия ФХХ агентларими, номаълум. Шунингдек, фаолнинг айтишича, туман милицияси ходими келиб, уни депортация қилишлари мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантирган.
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги “Красная криша” жамияти аъзоларини кузатуви ва жамият фаолиятини тўхтатиш бўйича Россия элчихонаси билан ҳамкорлик юзасидан ҳозирча изоҳ бермади. Бироқ Бишкек ИИБ олти нафар россияликнинг ҳибсга олингани ҳақида маълумот тарқатди. Хабарда айтилишича, бу уларга “ирқий, этник ёки диний адоватни қўзғатишга қаратилган ҳаракатлар учун жавобгарликни тушунтириш” учун қилинган. Хорижликлар суҳбатдан сўнг қўйиб юборилган.