Ғарб дипломатлари Эрон билан ядровий келишувни қайтадан тузиш учун вақт тез суръатда тугаб бораётганидан огоҳлантирмоқда. Би-би-сининг ёзишича, музокаралар қачон тугаши бўйича расмий сана йўқ, аммо томонлар январ охиригача келишувга эришмаса, кейинги уринишлар ўз маъносини йўқотади. Музокаралар муваффақиятсизлигининг баҳоси Яқин Шарқдаги яна бир кескинлик бўлиши мумкин.
Айни дамда Вена шаҳрида бир томондан Буюк Британия, Франция, Германия ва АҚШ (кузатувчи сифатида), иккинчи томондан Эрон иштирокидаги “4+1” форматидаги музокаралар қисқа муддатга тўхтатилган. Делегациялар ўз мамлакатлари ҳукуматлари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш учун уйларига жўнаб кетган.
Музокараларнинг тўққизинчи давраси шу ҳафта охирида бошланиши керак, бироқ жараённинг аксар иштирокчиларининг ҳафсаласи пир бўлиб бормоқда.
Келишув (расмий равишда Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси (ҚКҚҲР) деб аталади) 2015 йилда Барак Обама маъмурияти даврида Вашингтон ва Теҳрон ўртасида тузилган бўлиб, иқтисодий санкцияларнинг бекор қилиниши эвазига Эроннинг ядровий дастурини тўхтатишини назарда тутган.
2018 йилда президент Дональд Трамп АҚШнинг келишувдан чиққанини эълон қилди. Бунга сабаб сифатида Эрон ядровий дастуридан аслида воз кечмагани, аксинча, Ғарбнинг иқтисодий босимидан халос бўлиб, уни тезлаштирилган суръатда олиб бораётганини айтди.
Шундан кейин Эрон ядровий дастурини давом эттириш учун расман эркинликка эга бўлди ва Жо Байден Оқ уйни эгаллаши билан томонларни дарҳол музокаралар столига қайтариш ташаббуси билан чиқди.
Бироқ, Ғарб вакилларининг фикрича, ижобий натижага умид деярли йўқолган.
Ўтган жума куни Франциянинг Брест шаҳрида бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг Эрон масаласи ҳам муҳокама қилинган саммити якунида Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан Теҳрон билан музокаралар оғриқли узоқ давом этаётганини айтди.
“Танлов шундай: ё имкон қадар тезроқ келишувга қайтиш, ёки биз яна Эрон ядровий қуролини тарқатиш инқирози марказида эканлигимизни тан олиш”, – деди Ле Дриан.
Франция вазирининг сўзларига кўра, Эрон тез орада ўз ядро қуролини яратишга яқинлашиши мумкин ва музокаралар маъноси ўз-ўзидан йўқолади.
Жараён иштирокчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, келишувни сақлаб қолиш ва натижада бутун Яқин Шарқда барқарорликни сақлаш учун тахминан икки ҳафта вақт бор. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўтган ҳафта худди шундай деди.
Эронни айёрликда айблашяпти
Венадаги музокаралар бир неча ойдан бери давом этмоқда. Музокараларда Америка томонидан фақат АҚШнинг Австриядаги элчихонаси ходимлари қатнашяпти, мамлакат олий раҳбарияти вакиллари эмас.
Аввалига кўпчилик айнан бу ҳолатни Эроннинг муросасизлигининг сабаби деб ҳисоблади. Чунки Теҳрон Вашингтоннинг янада юқори мартабали расмийларидан кафолат олишни истайди.
Бироқ ҳозиргача бўлиб ўтган музокаралар натижаларига кўра, Ғарб дипломатлари Теҳрон келишувни умуман янгилашга интилмаяпти, деган хулосага келди. Масалан, музокараларнинг ўтган йил ноябрь ойи охирида Вена шаҳрида бўлиб ўтган еттинчи давраси Эрон томони аввалги олтита музокара давомида эришилган муросалардан амалда воз кечгани билан ажралиб турди.
Декабрь охирида эса музокаралар яна бошланғич нуқтасига қайтди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, келишув музлатилган 2018 йилдан бери Эроннинг ядровий дастури шунчалик илгарилаб кетдики, энди у шунчаки вақтдан ютмоқчи ва музокаралар жараёнини атайлаб кечиктиришга уринмоқда.
Албатта, келишувда назарда тутилганидек иқтисодий санкциялардан халос бўлиш Эрон учун муҳим. Бир неча йил олдин, Ғарбнинг ўз иқтисодиётига босимининг тўлиқ оғирлигини ҳис қилган мамлакат учун бу устувор вазифа бўлар эди.
Аммо ҳозир эронликлар ядро қуроли соҳасида ўз мақсадига яқинлашиб қолган бўлиши мумкин. Агар шундай бўлса, унда иқтисодий ноқулайликлар улар учун иккинчи даражали аҳамиятга эга.
Ҳатто бир қатор кузатувчилар фикрича, Эрон бошиданоқ вақтни чўзиш тактикасини танлаган эди.
Биринчидан, Теҳрон фақат 2021 йил охирига келибгина музокаралар столига ўтирди. Кейин Эрон делегацияси Вена шаҳрига оғир ва амалга ошиши реал бўлмаган шартлар рўйхати билан келди. Хусусан, Теҳрон янги келишув шартларига (агар унга эришилса) Оқ уйнинг кейинги барча маъмуриятлари томонидан риоя этилишини истамоқда. Америка сиёсий тизимининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олсак, бу шарт мутлақо мумкин эмас.
Бундан ташқари, Эрон ўз ракеталари ва минтақадаги фаолияти каби масалаларни муҳокама қилмоқчи эмаслигини очиқ айтди. Ғарб нуқтаи назаридан эса Эрон ядровий дастури ва умуман Яқин Шарқ кун тартиби ажралмас масалалардир.
Айни пайтда Эрон матбуоти мамлакат ҳукумати ҳам келишувга қайтишдан манфаатдор эканлигини, бироқ Ғарбдан, айниқса АҚШдан қатъий кафолатлар кутаётганини ёзмоқда.
Теҳрон қандай кафолатлар хоҳламоқда?
Эрон томонига кўра, Теҳроннинг келишув шартларига риоя этишини назорат қилувчи Халқаро атом энергетикаси агентлиги сингари бутун бошли ташкилот мавжуд бўлса-да, Ғарб томонидан ўз мажбуриятлари бажарилишини назорат қилувчи аниқ бир орган йўқ.
Теҳроннинг эслатишича, АҚШнинг 2018 йилда келишувдан чиқиши ва Эронга қарши санкцияларни тиклаши келишувнинг бир томони иккинчи томондан шартларга қатъий риоя этишни талаб қилгани ҳолда ўзи нақадар ўзбошимчалик билан ва жазосиз ҳаракат қилиши мумкинлигини кўрсатди.
“Ишониб бўлмайдиган Америка Қўшма Штатлар яна келишувдан чиқмаслиги учун жиддий ва етарли кафолатлар бўлиши керак”, – дея таъкидлади Эрон Ташқи ишлар вазири Амир Абдуллоҳён.
Ғарблик ҳамкорлар Теҳроннинг иддаоларини қисман тўғри деб билади ва бу ҳафта эронлик музокарачилардан аниқ таклифларни кутмоқда.
АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси Теҳрон назарда тутаётган назорат органига айланиши мумкин. Унга Эрон билан қандай муносабатда бўлиш бўйича кўрсатма ишлаб чиқиш, шунингдек, санкцияларнинг бекор қилинишини назорат қилиш вазифаси топширса бўлади.
Аммо Теҳрон америкаликларнинг Америка давлат органи томонидан кузатилиши шартига рози бўлмаса керак. Ядровий келишув учун махсус мустақил тузилма яратиш учун эса вақт йўқ.
Ҳозирги босқичда Теҳрон учун етарли кафолат сифатида АҚШ томонидан санкцияларнинг бир қисми бекор қилиниши мумкин, деган фикр бор, бироқ Эрон билан ҳатто тўғридан-тўғри музокара олиб бормаётган Оқ уйнинг бундай қилиши даргумон.
Яқин Шарқ ларзага тайёрланмоқда
Исроил ўзининг асосий минтақавий рақиби ядровий салоҳиятини ҳеч қандай тўсиқларсиз ошираётганига қўл қовуштириб ўтирмаслигини бир неча бор таъкидлаган.
Бош вазир Нафтали Беннетнинг айтишича, Вена музокаралари натижаларидан қатъи назар, Исроил Эронга қарши ҳаракат эркинлиги ҳуқуқини сақлаб қолади.
“Исроил ядровий келишувнинг аъзоси эмас ва унинг қоидаларига бўйсунмаслиги керак”, – деди Беннет.
Ўз вақтида Исроил АҚШнинг келишувдан чиқишини қўллаб-қувватлаган эди, чунки у Эрон шартларни бажараётганига ва чиндан ҳам ўз ядровий дастурини қисқартирганига ҳеч қачон ишонмаган. Исроил расмийларининг расмий нуқтаи назари ўзгаришсиз қолмоқда: АҚШнинг Эрон билан шартномаси Исроил хавфсизлигига таҳдид солмоқда.
Эрон масаласида Исроил яна икки қудратли минтақавий ўйинчи – Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистонининг қўлловини олишга ҳаракат қилмоқда.
Бу икки давлатнинг ҳам Эрон билан муносабатлари яхши эмас. Шундай қилиб, АҚШнинг Яқин Шарқдаги барча асосий иттифоқчилари Эрон масаласида Вашингтондан бошқача фикрда.
Тўғри, Американинг янги президенти Жо Байден аввалги маъмурият Яқин Шарқ мамлакатлари билан ўрнатган яқин алоқаларни мерос қилиб олмаслигини, балки минтақа давлатлари билан ўз муносабатларини ўрнатишини бир неча бор очиқ-ойдин таъкидлаган.
Тель-Авив, Риёз ва Абу-Даби бундай позициядан ҳамда Вашингтоннинг нима бўлса ҳам, Эрон билан янги келишув тузиш истагидаги хавотирда.
Ўтган декабрь ойида Исроил бош вазири Нафтали Беннет ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Зоид Абу-Дабида учрашган эди. Бу Исроил давлати раҳбарининг ушбу араб давлатига илк расмий ташрифи бўлиб, унда томонлар Эрон таҳдидига қарши ҳамкорлик ҳақида сўз юритди.
Минтақада кескинлик кучайган сари Исроилнинг мудофаа бўйича мутахассислари ядровий келишув унчалик маъносиз эмаслиги ва ҳеч бўлмаганда эҳтимолий урушни кечиктириши мумкинлигини тахмин қила бошлади.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, келишувга қайтиш нафақат Яқин Шарқ мамлакатлари, балки АҚШнинг ҳам хавфсизлик талабларига жавоб беради.
“Аммо бу натижа бермаса, биз бошқа эҳтимолий қадамлар, бошқа имкониятларни кўриб чиқяпмиз”, – деди Блинкен. “Бошқа қадамлар” деганда айнан нимани назарда тутаётганига эса аниқлик киритмади.
Бироқ унинг олдинги баёнотлари ва бошқа вариантлар жуда камлигига асосланган ҳолда кўплаб кузатувчилар вазиятни ҳал қилиш учун ҳарбий усул ишга солиниши мумкин деган фикрни билдирмоқда.