Кеча, 19 январь куни Эрон президенти Иброҳим Раисий Москвага ташриф буюрди. Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан бўлиб ўтган мулоқотда икки томонлама муносабатларни яхшилаш, минтақавий ва халқаро масалалар муҳокама қилинди.
Кремлда бўлиб ўтган музокараларда Эрон раҳбари ўзаро муносабатларни ривожлантиришга монеълик қиладиган ҳеч қандай омил йўқлигини таъкидлаб, бундан кейин мамлакатлар ўртасидаги алоқалар фақат ижобий ўсиб боришини таъкидлади. Унинг айтишича, Эрон ва Россия муносабатларининг мустаҳкамланиши минтақа ва бутун дунё хавфсизлиги учун аҳамиятга эга. Шунингдек, Эрон преиденти НАТОнинг Марказий Осиёга кириб келиши масаласига ҳам тўхталган.
«НАТОнинг Кавказ ва Марказий Осиёга кириб келиши ушбу мустақил мамлакатларнинг манфаатларига таҳдид солади», – деган Раисий.
Ўз навбатида Россия президенти Владимир Путин ҳам икки давлатнинг халқаро майдондаги ҳамкорлигини юқори баҳолади. Шунингдек у мамлакатларнинг Суриядаги биргаликда олиб борган ҳаракатларини олқишлаб, бу Сурия ҳукуматига терроризм таҳдидларини енгишда муҳим кўмак бўлганини таъкидлади.
Бугун, ташрифнинг иккинчи кунида Иброҳим Раисий Россия паламентининг қуйи палатаси мажлисида нутқ сўзлаши ва бир қатор соҳа вакиллари ҳамда ишбилармонлар билан учрашиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Эрон президенти Иброҳим Раисий ушбу учрашув икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг бурилиш нуқтаси бўлишини таъкидлаган эди.