Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Эрон ва Ўзбекистон: дипломатик алоқалар ўрнатилганига 30 йил тўлди

1067

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Икки қадимий ва кўҳна юрт – Эрон ва Ўзбекистон халқларини муштарак тарих ва маданият, сон-саноқсиз хотиралар ва эътиқодлар бирлаштириб туради. Бу икки халқ ҳар доим – қувонч онларида ҳам, қайғу паллаларида ҳам ёнма-ён турганлар. 1991 йилда Ўзбекистон Республикасининг мустақилликка эришиши ва 1992 йилнинг 10 майида икки давлат ўртасида дипломатик муносабатларнинг ўрнатилиши ушбу қадимий алоқаларни қайта тиклаш ва ривожлантириш учун имкон яратди.

Ушбу қутлуғ воқеанинг ўттиз йиллиги муносабати билан Эрон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ва буюк халқларини чин юракдан табриклашдан бениҳоя хурсандман.

Бахтимизга томонларнинг икки давлат ўртасида муносабатлар ўрнатилган пайтдан шу кунга қадар амалга оширган саъй-ҳаракатлари ушбу икки дўст ва меҳмондўст халқ ўртасида энг юқори даражалардаги сиёсий муносабатларнинг ўрнатилиши, савдо-иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши ва маданий-гуманитар муносабатларнинг мустаҳкамланишига олиб келди. Шунга қарамасдан бу борада ҳали фойдаланилмаган имкониятлар жудаям кўпдир. Шунга кўра ҳали олдимизда ҳамкорликнинг узун ва узоқ бир йўли турган бўлиб, икки мамлакатнинг барча мутасаддилари ва халқининг катта саъй-ҳаракатларини талаб қилади.

Маълумки, кейинги йилларда икки мамлакатнинг ривожланиб бораётган алоқаларининг ўзига хос жиҳатларидан бири ушбу алоқаларнинг хилма-хиллашгани ва кўламининг кенгайганлигидир. Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари яхши сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, халқаро ва минтақавий алоқалардан ташқари парламентлараро муносабатлар, олий таълим, маданият, санъат, туризм ва спорт соҳаларидаги алоқаларни ҳам ўз ичига олади. Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 2022 йил 20-21 февраль кунлари Теҳрон шаҳрида бўлиб ўтган ўн тўртинчи мажлиси доирасида маданият, туризм, фан ва технологиялар соҳаларидаги ҳамкорликлар тўғрисидаги ҳужжатларнинг имзоланиши ўзига хос бир янгилик бўлиб, муҳим ўзгаришларга олиб келади.

Икки давлатнинг муҳтарам президентлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг 2021 йил 16-17 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг 2021 йил 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган саммитлари доирасидаги учрашувларда икки мамлакат алоқаларини ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида урғу бериб, барча тегишли вазирликлар ва идораларга бу борадаги керакли кўрсатмаларни бердилар. Ҳозирги пайтда барча соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги Англашув меморандумлари ва Йўл хариталари тайёрланмоқда.

Ҳозирда натижага йўналтирилган амалий ишларни қилиш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда, хусусан савдо-иқтисодий ва туризм соҳаларидаги алоқалардаги эҳтимолий тўсиқларни олиб ташлаш вақти келди. Бахтимизга икки мамлакатнинг иқтисодиёт ва туризм соҳаларидаги салоҳиятлари бир-бирини тўлдирувчи ҳисобланади. Эрон йўналиши Ўзбекистоннинг очиқ денгизга чиқиши учун энг қулай йўлдир. Икки мамлакатнинг бир юз йигирма миллион кишилик бозори, шунингдек, Эрон ва Ўзбекистонда мавжуд бўлган маҳсулотлар ва товарларнинг хилма-хиллиги икки мамлакат тадбиркорлари учун нодир имкониятдир. Икки давлат раҳбарларининг хоҳиш-иродаси ўзаро алоқаларни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган. Бу омилларнинг барчаси икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.
 

Мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлисларининг ҳамда қўшма кўргазмаларнинг мунтазам тарзда ўтказиб турилиши, Энг кўп қулайлик режими асосида савдо ҳамкорлиги тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш, Савдо имтиёзлари тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш устидаги ишларни ниҳоясига етказиб, уни имзолашга тайёрлаш, икки мамлакат хусусий секторлари компаниялари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, икки давлат ўртасида визасиз режим ўрнатиш ва фуқароларнинг ўзаро борди-келдиларини осонлаштириш, комбинациялашган ташувларни ривожлантириш, эркин савдо режимини ўрнатиш томон ҳаракат қилиш, икки мамлакат халқлари манфаатлари асосида турли соҳалардаги алоқаларнинг ривожланиш жараёнини доимий равишда мониторинг қилиб бориш ва эҳтимолий тўсиқларни бартараф қилиш бу йўлдаги таъсирчан ва самарали чора-тадбирлардан бўлиши мумкин.

Шунга кўра, икки мамлакатнинг турли, жумладан, сиёсий, иқтисодий ва маданий даражалардаги муносабатлари ўта ёруғ истиқболларга эга. Икки давлат президентларининг жорий йил сентябрь ойида бўлиб ўтадиган учрашуви якунлари бўйича Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама ривожланиши учун замин тайёрлайдиган турли соҳаларга оид ўнлаб ҳужжатларнинг мувофиқлаштирилиши, икки мамлакат муносабатлари янада ривожланиши ва кенгайиши кутилмоқда.

Биз барча мавжуд тўсиқларни олиб ташлаш ва икки мамлакатнинг ҳар томонлама алоқаларини ривожлантириш орқали жаҳон даражасида дўстлик ва қардошликнинг яхши ва муносиб намунасини яратишимиз, икки халқ фаровонлиги, бахт-саодати ва қувончини дунё аҳлига армуғон қилишимиз мумкин.

Сўзим охирида Ўзбекистоннинг барча юқори мартабали раҳбарлари, хусусан Ўзбекистон Республикасининг муҳтарам Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийларига икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама алоқаларни ривожлантиришга бераётган алоҳида эътибори учун миннатдорчилик билдираман.

Меҳрибон Эгамдан Эрон ва Ўзбекистоннинг улуғ халқларига шодлик, фаровонлик, бахт-саодат ва улкан зафарлар тилаб қоламан.
 

Ҳамид НАЙЙИРОБОДИЙ,

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги

Фавқулодда ва Мухтор элчиси

2022 йилнинг 10 майи

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Косово шимолида серблар ўнлаб тинчликпарвар аскарларни жароҳатлади

239 09:29 30.05.2023

Хожа Аҳрори Валий, Али Қушчи, Амир Темурларнинг Истанбулга қандай алоқаси бор?

2776 14:14 29.05.2023

Чегарадаги отишма: Эрон ва Афғонистон ўртасидаги кескинлик нега кучайди?

3338 11:41 29.05.2023

Ўзбекистон Президенти Режеп Таййип Эрдоғанни Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклади

1640 22:17 28.05.2023

Туркияда президентлик сайлови қизғин давом этмоқда

1889 15:03 28.05.2023

Озарбайжонда Мустақилликнинг 105 йиллиги нишонланмоқда

1612 12:50 28.05.2023
« Орқага