Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Эрон ва Ўзбекистон: маданий ва зиёрат туризми тараққий топиши лозим

1368

Жон ва ақлни яратган зот номи билан бошлайман

Маданий ва зиёрат туризми бир мамлакат халқининг турмуш тарзи, урф-одатлари, меъморчилиги, тарихи, маданияти ва тараққиёти билан танишиш мақсадидаги саёҳат бўлиб, бундан жаҳон халқлари ўртасидаги алоқалар, дўстлик ва якдилликни мустаҳкамлаш билан бирга, иқтисодий тараққиёти ва фаровонлигини ошириш кўзланади. Туризмнинг бу тури узоқ тарихга эга бўлиб, мазкур соҳа мутахассислари унинг келажагини ёруғ деб билишади.

Бутунжаҳон туризм ташкилоти маълумотларига кўра, дунёдаги туризмнинг 37 фоизини айнан маданий ва зиёрат туризми ташкил этади. Туризмнинг ушбу йўналиши ҳар йили ўртача 15 фоиз ўсишга эришмоқда.

Тарихий ва маданий муштаракликларга, муштарак урф-одатлар, тарихий обидалар ва улуғ тарихий шахсларга эга икки мамлакат – Эрон ва Ўзбекистон туризмнинг ушбу турида улкан улушга эга бўлишлари мумкин.

Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар тўғрисида сўз борганида шунчалик кўп маданий муштаракликлар ва ўхшашликларни кўрамизки, улар кўзга кўринмас кўприклар каби икки халқни бир-бирига боғлаб туради. Ўзбекистонга келган эронлик ёхуд Эронга борган ўзбекистонлик ўзини бегона юртда тургандек ҳис қилмайди. Бу икки мамлакат ўртасидаги тарихий боғлиқликдан далолат беради. Ўзбекистоннинг барча шаҳарлари эронликлар учун таниш бўлиб, Эронда Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Урганч, Термиз ва Тошкент каби шаҳарларини билмаган, улар тўғрисида тарихий ёки бадиий асарларда ўқимаган киши бўлмаса керак.

Эроннинг Исфаҳон, Машҳад, Шероз, Язд, Кирмон, Табриз ва Нишопур шаҳарларидаги тарихий обидалар меъморчилик услублари Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Урганч, Термиз, Тошкент ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги тарихий обидалар меъморчилик услубларига ўхшаб кетади. Ушбу икки халқнинг урф-одатлари, таомлари, турмуш тарзи, қўшиқлари ва мусиқасида ҳам кўплаб ўхшашликлар мавжуд.

Эронликлар ўтмишда ўз шеърларида Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Хива, Урганч ва Термиз каби шаҳарлар ва диёрларни куйлаганлар. Улар бугун Ўзбекистонга сафар қилиб, кишига бой хотиралар бағишловчи ушбу гўзал шаҳарларни яқиндан кўриш имкониятига эгадирлар. Эронликлар бир марта бўлса ҳам ушбу шаҳарларни томоша ва зиёрат қилишга жуда қизиқадилар. Мусо Хоразмий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Паҳлавон Маҳмуд, Камолиддин Беҳзод, Султонали Машҳадий ва шу каби бошқа кўплаб буюк шахслар ҳар иккала халқ бирдек фахрланадиган сиймолар бўлиб, аслида бир қадимий дарахтнинг турли меваларидир. Ушбу халқлар маданияти, урф-одатлари, тарихий обидалари, турли-туман мевалари ва таомлари ҳар бир сайёҳнинг саёҳати учун муҳим озуқадир.

Бир пайтнинг ўзида тўрт фасл ҳукмрон бўладиган Эрон замини ўзининг ўрмонлар билан қопланган серёмғир шимоли, тропик ўрмонлар, маржон ороллари ва Форс кўрфазининг мовий сувлари билан машҳур бўлган жануби, кўкка бўй чўзган тоғларга тўла қорли ва совуқ ғарби, кенг даштлар ва ҳосилдор ерларга тўла водийлардан иборат иссиқ об-ҳаволи шарқи ҳамда  қумтепаларга эга жазирама чўлдан иборат бўлган маркази ҳар қандай қизиқиш ва йўналишдаги ўзбекистонлик турист учун ҳам ўта жозибали ва қизиқдир.

Темурийлар даври меъморчилик санъати намуналарини Хуросон диёри, жумладан унинг Машҳад, Нишопур, Сабзавор, Сарахс, Кошмар ва Турбати Жом каби шаҳарларидаги ўша даврлардан сақланиб қолган тарихий обидалар орасида кўплаб учратиш мумкин. Бу каби шаҳарлар ўзбекистонлик саёҳатчилар учун қизиқ ва жозибали бўла олади. Машҳаддаги Разавий ҳарами, Гавҳаршодбегим масжиди, Нодиршоҳ мақбараси, Тусдаги буюк шоир Фирдавсий мақбараси, Темурийлар даврига оид кўплаб экспонатлар сақланадиган Разавий музейи ушбу обидалар ва марказлардан айримларигина холос.

Нишопур Хуросоннинг энг қадимий, гўзал ва ям-яшил шаҳарларидан бири бўлиб, у шаҳар атрофидан қазиб олинадиган гавҳар ва феруза каби қимматбаҳо ва шифобахш тошларнинг шуҳрати жаҳонга ёйилган. Ушбу шаҳардаги Хайём Нишопурий, Аттор Нишопурий, Фазл ибн Шозон ва Муслим Нишопурийларнинг маҳобатли мақбаралари, жоме масжиди, кўҳна музей ва карвонсарой ҳар бир сайёҳнинг хотирасида муҳрланиб қоладиган жозибага эгадир.

Бухоро шаҳрида туғилиб ўсган буюк олим, табиб ва файласуф Эроннинг Ҳамадон шаҳрида абадий ором топган. Гўзал Шероз шаҳрини томоша қилиш, у ердаги Саъдий Шерозий ва Ҳофиз Шерозийларнинг мақбараларини зиёрат айлаш ҳамда ушбу икки буюк шоир ва мутафаккирнинг юксак даражали шеърлари ва қарашлари билан танишиш ҳар  бир сайёҳ учун доимий ва унутилмас совға бўлиб қолгай.

Икки мамлакатнинг кўплаб шаҳарларидаги қадимий меъморчилик обидалари бир-бирига ўхшаш ва яқин. Масалан, Самарқанддаги Регистон мажмуаси Исфаҳондаги гўзал ва ҳайратли Нақши Жаҳонга ўхшаб кетса, Язд ва Хива шаҳарларининг тарихий ёдгорликлари кўп жиҳатдан бир-бирига яқин.

Эрондан ташқарида, хусусан Осиё қитъасида жойлашган шаҳарлар орасида Язд шаҳрига энг кўп ўхшайдиган шаҳар Хива шаҳридир. Хива ва Язд шаҳарлари бир-бирига жудаям ўхшаб кетадиган меъморчилик услубида хом ва пишиқ ғиштдан қурилган тарихий биноларга бой бўлиб, ҳар иккала шаҳарнинг тарихий масжидлар, мадрасалар, карвонсаройлар, миноралар ва анъанавий услубда қурилган уйлардан иборат мажмуалари бир бутун мажмуалар сифатида ЮНЕСКО ташкилоти томонидан Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Ўзбекистон ҳудудидаги шаҳарлардан биринчи бўлиб Хива шаҳри, Эрон ҳудудидаги шаҳарлардан эса, Язд шаҳри ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Хива «Очиқ осмон остидаги музей» номини олган бўлса, бу номни Язд шаҳрига нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Дарвоқе, ҳар икки шаҳар муштарак бир маданий осмон остидаги музейлар бўлиб, буларнинг ҳар иккаласи ислом ва шарқ меъморчилиги шоҳ асарлари ҳисобланадилар.

Эроннинг турли шаҳарларидаги меъморчилик услублари, турли-туман ҳунармандчилик маҳсулотлари, заргарлик буюмлари, хилма-хил ва ўхшаши йўқ таомлар, куй-қўшиқлар, миллий либослар, урф-одатлар, удумлар, меҳмондўстлик ва одамшавандалик  ҳар бир сайёҳда катта қизиқиш уйғотади.

Икки мамлакат ўртасидаги тарихий ва маданий муштараклик, икки халқнинг бир-бири тўғрисида ижобий тасаввурга эгалиги, Эрон ва Ўзбекистон аҳолисининг меҳмондўстлиги ва одамгарчилиги, ҳар иккала томон учун бирдек азиз ва улуғ бўлган буюк тарихий шахсларнинг мавжудлиги, ҳар иккала давлат раҳбарларининг хоҳиш-иродаси икки мамлакатнинг сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш учун шарт-шароит ҳозирлайдиган омиллардан ҳисобланади.

Шубҳа йўқки, икки мамлакат – Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги маданий ва зиёрат туризмини ривожлантириш ўзаро манфаатларга асосланган оқилона стратегия бўлиб, ўзаро виза режимини бекор қилиш, ҳаво, темир йўл ва автобус қатновларини хилма-хиллаштириш ва кенгайтириш ҳамда икки мамлакат туристик секторлари иштирокчилари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш каби механизмлар яратилишини талаб қилади.

Ҳамид Наййирободий,

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги

Фавқулодда ва Мухтор элчиси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бишкекда “Қирғизистон – Ўзбекистон” бизнес-форуми бўлиб ўтади

29 13:25 03.12.2022

Украинадаги уруш: тинчлик музокаралари бошланишини кутса бўладими?

243 12:05 03.12.2022

Латвияда “Дождь” телеканали жаримага тортилди

292 11:20 03.12.2022

Украинанинг чет эллардаги дипломатик идораларига таҳдидлар бўлмоқда

207 10:30 03.12.2022

Дунё ўзгаришлар майдонига айланди

529 09:39 03.12.2022

Исроил аскари фаластинлик йигитни қатл қилди

827 09:07 03.12.2022
« Орқага