Эрон. Элборз, Теҳрон ва Қазвин вилоятларида ҳаво ифлосланишининг юқори даражаси туфайли мактабларда таълим ва машғулотлар оралиғи узайтирилгани эълон қилинди.
Эрон расмий агентлиги IRNA хабарига кўра, Элборз губернаторлиги фуқаролик ишлари бўйича координация бошлиғи ўринбосари Аҳмад Афзалий ҳаво ифлосланиши ортиши сабабли вилоятдаги барча расмий ва норасмий таълим муассасалари, жумладан университетлар душанба ва сешанба кунлари ёпилганини маълум қилди.
Шанба ва якшанба кунлари бошланғич, ўрта ва лицей мактабларда дарслар тўхтатилганини эслатган Афзалий ҳаво сифати яхшиланмагани учун вилоятдаги барча таълим муассасаларининг яна 2 кунга ёпилганини билдирди.
Афзалийга кўра, ҳудудда ҳаво ифлосланишига олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай қурилиш, саноат корхоналари ва фабрикалар вақтинча тўхтатилди.
Техник кўрикдан ўтмаган хусусий ёки жамоат транспорти воситаларининг ҳаракатга кириши тақиқланганига эътибор қаратган Афзалий фуқаролардан жамоат транспортидан фойдаланишни сўради.
Пойтахт Теҳронда эса кутилаётган шамол эсмаслиги сабабли ҳаво ифлосланиши ортган. Шундан сўнг, Соғлиқни сақлаш вазирлиги душанба ва сешанба кунлари ҳам таълим тўхтатилиши ҳақида қарор чиқарган.
Ҳокимият фуқароларга мурожаат қилиб, зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслик, тирбандлик кўп бўлган жойлардан узоқроқ туриш, очиқ жойларда спорт билан шуғулланмаслик ҳақида огоҳлантирди.
Қазвин таълим бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар бўлими томонидан қилинган баёнотда, машғулотлар онлайн тарзда ўтказилиши айтилди.