Эронда кучли ёғингарчилик ва кўчки қурбонлари сони 53 тага етди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
Қизил Яримой жамияти махсус операциялари бўлими бошлиғи Мехди Валипурнинг сўзларига кўра, 16 киши бедарак йўқолган. Ёғингарчилик умумий ҳисобда Эроннинг 18 вилоятидаги 400 шаҳар ва қишлоқларга зарар етказган. Кўплаб автомагистраллар ёпиб қўйилган.
Жума куни Теҳрондан шимоли-шарқдаги Феруз-Кўх тумани катта талафот кўрган. Бу ерда камида 10 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Бундан ташқари, олти киши бедарак йўқолган.
Теҳрон вилояти губернатори Муҳсин Мансурий вилоятининг шимолий ҳудудларига ҳам катта талафот етганини маълум қилган. Мансурийнинг сўзларига кўра, қаттиқ огоҳлантиришларга қарамай, туристлар Феруз-Кўхга боришда давом этган. Ушбу шаҳар қулай иқлим шароитлари туфайли сайёҳлар орасида машҳур жой ҳисобланади.
Бундан ташқари, Теҳрон шимоли-ғарбидаги Имомзода Довуд қишлоғида кўчки оқибатида 14 киши бедарак йўқолган.
Ўтган шанбада кутилмаган тошқинлар оқибатида Форс вилоятида 22 киши ҳалок бўлганди.