Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Эроннинг Саудияга хавфи ҳақида эксперт мулоҳазаси

1481

AzonTV онлайн телеканалининг “Муносабат” кўрсатувида сиёсий эксперт Абдували Сойибназаров Эрон Саудия Арабистонига ҳужум қиладими, деган саволга қуйидагича жавоб берди:

“Айрим оммавий ахборот воситалари, хусусан Америка Қўшма Штатларида чиқадиган энг йирик газеталардан бири Wall Street Journal Саудия расмийларига таянган ҳолда гўёки Эрон Ислом Республикаси Саудия Арабистонига ёки Ироқ Курдистони ҳудудида жойлашган, аниқроғи Ироқнинг Арбил шаҳридаги айрим объектларга ёки Америка Қўшма Штатлари ҳарбий базаларига зарба бериши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатди. 

Албатта ҳозирги кунда Яқин Шарқдаги вазият Исроилдаги сайловлар муносабати билан ёки Эрондаги намойишлар ортидан жуда жиддий тус олмоқда. 22 ёшли аёл Маҳса Аминийнинг ўлимидан сўнг сентябрь ойидан бери Эронда намойишлар бўлиб ўтмоқда. Бу хабар ортидан Эронда, айниқса курдлар яшайдиган ҳудудларда кўтарилишлар юз берди ва шу пайтгача юзлаб инсонлар норозилик намойишларида полициянинг ёки хавфсизлик кучларининг ҳаракатлари туфайли ҳалок бўлганлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. 

Эрон Ироқ Курдистонига ракета зарбалари ёғдириши мумкин. Сентябрь ойида Эрон Ироқ Курдистонига берган баллистик ракета ва дронлар орқали зарбаларидан 15 га яқин инсон ҳалок бўлгани ва 60 киши яраланганлиги ҳақида хабар берилган эди. Энди Эрон ҳужумларидан кўзда тутилган мақсад курд қуролли тузилмалари ва Эроннинг сургундаги мухолиф партия лагерлари ва штаб квартираларини йўқ қилиш бўлган. Ҳозир Эрон билан Саудия Арабистони ўртасида ҳам муайян бир келишмовчиликлар бор, яъни ҳар икки мамлакат Яқин Шарқ ва Форс кўрфазида минтақавий етакчиликни қўлга олишга ҳаракат қилиб келади, икки ўртада рақобат бор.

Бу кўпроқ Баҳрайн ёки Яман масаласида кузатилиши мумкин. Айниқса Яманда шиалар гуруҳини Эрон тўлиқ дастакласа, ҳукуматни Саудия Арабистони қўллаб-қувватлаб келади. Ямандаги шиалар гуруҳлари Саудия Арабистонидаги нефть конларига ва бошқа стратегик объектларга дронлар орқали зарбалар бериб келган. 

Энди менимча, Эрон Ислом Республикаси Саудия Арабистонига бевосита ҳужум қилмаслиги аниқроқ. Бу албатта катта урушга олиб келиши ва минтақани олов ичида қолдириши мумкин,  буни эса Эрон ҳукумати ҳам яхши тушунади. Эрон Ямандаги қуролли гуруҳлар орқали Саудия Арабистонига зарбалар бериши мумкин. Чунки Эрон ҳукумати ҳам Саудия Арабистонини Эрондаги намойишларни қўллаб-қувватлашда айбламоқда. Фикримча, Эрон Ислом Республикаси Саудия Арабистонига тўғридан-тўғри ҳужум қилмайди, Ироқдаги объектларга зарбалар берилиши мумкин, лекин бевосита Саудия Арабистонига ҳужум қилинмаса керак. 

Оммавий ахборот воситалари ўз хабарларида Эрондаги «Жамкарон» масжиди узра қизил байроқ кўтарилгани, бу уруш эълон қилинишини ёзишган. Сўнгги марта қизил байроқ 2020 йилда Эрон Ислом Инқилоби Қўриқчилари ташкилоти раҳбари Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилган пайтда кўтарилганига эътибор қаратишмоқда. 

Лекин у ҳолатда Эрон Ироқ ҳудудидаги Америка ҳарбий базаларига ракета зарбаларини ёғдирган, лекин бунинг зарари жиддий бўлмаган. Шу ракета зарбалари ёғдираётганида эронликлар Ироқ ҳукуматини, улар эса ўз навбатида эса Америка ҳарбийларини огоҳлантирган. Шунинг учун  Америка Қўшма Штатлари ҳарбий базаларида у қадар бир катта талофотлар бўлмаган. Шунинг учун айтмоқчимизки, ҳозирги Эрон ҳукумати Саудия Арабистонига ҳужум албатта Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия ва Исроил каби давлатларнинг реакциясига сабаб бўлиши мумкинлигини тушунади. Шу нуқтаи назардан Wall Street Journal газетасида тарқатилган хабарларга у қадар қўшилиб бўлмайди. 

Лекин яна бир бор такрорлайман, Эрон ҳозирги пайтда халқнинг эътиборини мана шу намойишлардан чалғитиш учун қўшни мамлакатлардаги айрим гуруҳларга нисбатан ракета зарбалари ёғдириши эҳтимоли кўпроқ”.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Буюртмачининг пулидан ортса, олсам бўладими?

846 19:05 09.06.2023

Швециянинг терроризмга қарши қонунига Европа Иттифоқи “назаридан ўтиши” керак

551 17:41 09.06.2023

Мусо алайҳиссаломнинг ҳажлари

1095 16:55 09.06.2023

Душманимнинг душмани дўстимдир ёхуд Озарбайжон ва Исроил алоқалари ҳақида  

1160 14:03 09.06.2023

Япон аёл ота-онаси олдида иймон калимасини айтди

1943 11:03 09.06.2023

Тожикистонда Қатар амири иштирокида «Имоми Аъзам» жоме масжиди очилди

1077 09:46 09.06.2023
« Орқага