Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Эшикоға беги

980

ТАРИХ. Шодмон Жонтаев қирғизларнинг Сарибағиш уруғидан бўлиб, 1839 йил 29 октябрда ҳозирги Қирғизистоннинг Кемен туманида машҳур Атака ботир авлодидан бўлган манап Жонтой Карабеков оиласида дунёга келган. Шодмон ёшлигидан кишиларга садоқат, тиришқоқлик, ор-номусли, жанговарлик, ўзини ўраб турган муҳитга ҳурмат руҳида тарбия топади. 1850 йилда Пишпек беги Отабек ёш Шодмонни гаров сифатида Қўқон хони Маллабек саройига (бундайларни “Эшикоға беги” деб аташади) юборади. Ўша пайтлари баргин Олимбек, сўлта Бойсанд ботир ва буён уруғидан Хидир каби қирғиз элига кейинчалик таниқли бўлган кишилар ҳам хон ўрдасида у билан бирга хизмат қилишди. Уруғларнинг болаларини Ўрдада гаров сифатида ушлаб туриш билан хонлик иккита муҳим масалани ҳал қилган. Биринчидан, қирғиз кўчманчиларини итоатда ушлаб турган. Иккинчидан, истиқболда ўзларига садоқатли уруғбошиларини тарбиялашни кўзда тутишган. 1860 йилда Шодмон Жонтоев Қанот Шо қўшинлари таркибида русларга қарши олиб борилган Узун Оғоч урушида қатнашади. Бу урушда хон армияси катта талафот кўради. Айнан ана шу жангларда Шодмон рус давлатининг армияси ва қуролининг устунлигини ўз кўзлари билан кўради. Мана шу жанг хонликнинг Қирғизистоннинг шимолий қисмига ҳукмронлигини амалда йўққа чиқаради. Кейинчалик Шодмон хон тарафида туриб яна бир амалиётда, Тошкентни қўзғолончилардан ҳимоя қилишда иштирок этади. Унинг амалиётда кўрсатган жасорати назарга тушади ва Қўқон хони уни Ҳазрати Султон (Туркистон) шаҳрига бек этиб тайинлайди. Халқ орасида эса Шодмон ботир, деб ном чиқаради.

1862 йилда руслар Оқсув ва Мерки қалъаларини эгаллашади. Узун Оғоч урушида бир неча минг қиличини йўқотган, Чуй қирғизларининг тарқоқ қабилалари чор армиясига қарши туролмайдилар ва рус ҳукуматига тобе бўладилар. Унинг отаси Жонтой русларнинг ҳокимиятини тан олгани учун Шодмон ҳибсга олинади. 1862 йил кузда Пишпек ва Тўқмоқдаги хон ҳукумати ағдарилди. Шодмон қамоқдан қочади. Тез орада бутун шимолий Қиргизияда рус ҳукумати ўрнатилади. 1867 йилга келиб эса Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилади. 1868 йилда Тўқмоқ уезди бошл иғи майор Загряжский тобе аҳолини рўйхатга олиш, айил ларни волостларга бўлиш ва волост бошлиқларини сайлаш ниятида қирғиз яйловларига йўл олади. Шодмон Жонтоев ўз йигитлари билан унга ҳамроҳ бўлади. Кетмонтепа деган жойда, саёқ манапларидан Усмон Тойлоқнинг собиқ яйлови депарасида Загряжский таржимон ва ўзининг хатчилари билан асосий отряддан ажралиб яқин орадаги айилга йўл олади. Шодмоннинг:“ Ўзинг билан аскарлардан бир нечтасини қўша олиб кет”, деб огоҳлантиришига қарамай, майор асосий душман – Қўқон хонлиги узоқда эканини айтиб, таклифни рад этади. Бироқ хавф қўқонликлардан эмас, балки Қошғар ҳукмдори Ёқуббек ва унинг тарафдори Усмон Тойлоқовдан кутилаётган эди. Жонтоевнинг тахминлари тўғри чиқади: биринчи кечасиёқ Тойлоқов томонидан етаклаб келинган Ёқуббекнинг одамлари ухлаб ётган русларни босишади. Волост бошлиқларига аталган совға-саломлар қўйилган чодир тилка-пора қилинади, уезд бошлиғининг ўзи ўрмон ичкарисига қочиб, жонини зўрға сақлаб қолади. Воқеа ҳақида Шодмонга хабар етгач, у зудлик билан Загряжскийга ёрдамга етиб бориб, тонг аралаш Тойлоқов одамларини қувиб солади. Шундай қилиб, Тўқмоқ уезди бошлиғининг ҳаётини сақлаб қолгани учун Шодмон ботир олтин медал ва иккинчи даражали фахрий чопон билан сийланади. Кенг тарқалган яна бошқа бир ривоятга кўра, русларнинг 1876 йилдаги Туркистонни босиб олиш компанияси пайтида қаршилик ҳаракатининг раҳбари Олой маликаси Қурбонжон додҳо билан руслар нинг келишуви ҳам Шодмон ботир воситачилигида юз берган. Ушбу ривоятда яна Шодмон ботир ўз жонини гаровга қўйиб Қурбонжон додҳони қамоқдан озод қилиш учун Туркистондаги Россия  қўшинларига раҳбарлик қилган генерал Скобелев ҳузурига боргани ҳам айтилади. У бу ишни гўёки ёшлардаги фарққа (29 ё.) қарамай Қурбонжон додхоҳга уйланиш мақсадида амалга оширмиш экан. Бу билан Шодмон ботир олойлик ва сарибагишлик қирғизларнинг бирлигини мус таҳкамламоқчи бўлган.Аммо мутахассислар кейинги иддао хусусида “шимол ва жануб қирғизларининг ўзаро қарама-қаршилигини кучайтириш учун тўқиб чиқарилган гапдан бошқа нарса эмас”, деган фикрни таъкидлаб келишади. Шунингдек, Шодмон ботир русларнинг қирғиз ерларига кўчирилиши оқибатида келиб чиққан исёнларда ўлимга ҳукм этилган юздан ортиқ қирғиз-қозоқни ҳимоя қилиб, генерал Скобелевга кафолат хатини ёзгани ва уларни ўлимдан сақлаб қолгани ҳам диққатга сазовор.

Чор Русияси Шодмон Жонтоевнинг хизматларини юксак баҳолаган. 1883 йилда у Русия – Киргизия муносабатларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун полковник унвонига тенглаштирилган қўшин старшинаси деган казак унвонига сазовор бўлади. Бундан ташқари манап бир қатор рус мукофотлари, жумладан 4-даражали Георгий хочи, Станислав ва Аннен ленталарига қадалган иккита катта медаллар; Қизил Хоч жамиятининг нишони, Қўқон хонлигини тор-мор этилгани хотирасига чиқарилган медал, тилла занжирли соат ва бошқа совға-саломлар  билан  ҳам тақдирланган. Шодмон ботир 1883 йилда император Александр III нинг тахтга ўтириши маросимида иштирок этиш учун Санкт-Петербургга боради.

Шодмон ботир ўз ҳаёти давомида ижтимоий масалалар билан чуқур шуғулланди. Ўзининг тўла саводга эга бўлмаганига қарамай, халқини саводли кўришни истади. 1909 йилда Жонтоевнинг ташаббуси ва моддий қўллаб-қувватлови билан Кеминда хусусий мадраса ташкил этилиб, бу ерга Ўрта Осиёнинг энг машҳур ва ҳурматга сазовор мударрислари таклиф этилади. Бундан ташқари Шодмон ботир ўнлаб қирғиз ёшларини Верний (Олмаота) шаҳридаги Рус грамматикаси мактабига юборади. Шулар қаторида у қирғиз халқининг болалари ўз ватанларида илм олишларига масжид ва мадрасалар, мактаблар очишга, қирғизларнинг ерга эгалик ҳуқуқини таъминлаш, қонун чиқарувчи органлар таркибига маҳаллий халқлар вакилларини киритиш каби масалалар хусусида рухсат бериши учун император Николай II номига сўровномалар юборади.

Шодмон Жонтоев 72 ёшида 1912 йил 6 апрелда вафот этади. Ўлимига яқин унга махсус нафақа ва 300 гектар ер ажратилади. Бироқ у бу мукофотлардан фойдаланишга улгурмайди. Расмий маълумотларга кўра, ботир қашшоқликда вафот этади. Замондошлари унинг жанозасида минглаб одамлар иштирок этганини ривоят қилишади. Калмурза ақин Шодмон ботирни шундай таърифлайди: “кучсизларга куч берган, камбағалларни мол билан таъминлаган, уйсизларга уй берган, эшитмаганларнинг қулоғини очган, Худосизларни Худога қайтарган”.

(давоми бор)

Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Соғуний” китобидан олинди

ЭСЛАТМА: Сиз бу ва яна турли қизиқарли китобларни Азон китоблари нашриётининг телеграм каналидан топишингиз ва харид қилишингиз мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркистоннинг қулаши ва оммавий қатағонлар

421 21:05 01.10.2022

Укамни гўдаклигида холам эмизган...

709 20:10 01.10.2022

Ислом оламининг қадимий беш кутубхонаси

381 19:25 01.10.2022

Фиқҳнинг уммат орасида тарқалишига сабабчи бўлган тўрт саҳоба. Саҳобалар даврида фиқҳнинг ҳолати

384 17:55 01.10.2022

Мансур ибн Илёс Шерозий — нейрожарроҳлик асосчиси

297 17:15 01.10.2022

Қозоғистонлик депутатлар: "Россиянинг ўзи «сирпанчиқ» йўлда" 

528 15:55 01.10.2022
« Орқага