Венгрия шимолидаги Эстергом шаҳри 1543 йилда Султон Сулаймон томонидан эгалланган ва 140 йил давомида усмонийлар империяси томонидан бошқарилган.
XVII асрнинг машҳур турк сайёҳи, Эстергомга ташриф буюрган Авлиё Чалабийнинг ёзишича, усмонийлар шаҳарни эгаллаб, энг катта христиан черкови — Авлиё Адалберт базиликасини Султон Сулаймон масжидига айлантирган. У Австрия билан урушлар пайтида вайрон қилинган.
Авлиё Чалабий, шунингдек, Эстергомда Меҳкеме, Қизил Элма ва Озижели Ҳожи Иброҳим номли яна учта масжид борлигини эслатиб ўтган. Ҳозирги кунгача фақат Қизил Элма масжидигина сақланиб қолган. Бу ибодатхона 1605 йилда Дунай қирғоғидаги қалъа девори ёнида қурилган. Масжидда кириш жойи жойлашган бўлиб, у Кичик дарвоза (Кючук Капи) деб номланган.
Масжид биноси тўғри тўртбурчакли бўлиб, томи ёғочдан ясалган. Усмонийлар даврида у баланд минорага эга бўлиб, 1683 йилда Муқаддас Лига томонидан Эстергомни забт этгандан сўнг вайрон қилинган. Шу билан бирга, усмонийлар давридаги биноларнинг аксарияти вайрон бўлган. Уларнинг баъзилари эса 2002 йил бошларигача сақланиб қолган.
XVIII асрдан бошлаб Озижели Ҳожи Иброҳим масжиди омбор сифатида, кейин эса турар-жой сифатида ишлатилган. Бир вақтлар муқаддас қадамжонинг ертўласида археологик музей бўлган. Асрлар давомида у меъморий хусусиятларини йўқота бошлаган.
1965 йилда венгриялик туркшунос Геро Гёзо ташаббуси билан биринчи марта вайронага айланган масжидни асл ҳолига қайтаришга ҳаракат қилинган. 1998 йилда бино хусусий компания томонидан сотиб олинади ва 2006 йилда реставрация бошланади. Бу 5 йил давом этган аммо иқтисодий инқироз бошлангани сабабли минорани тиклаш учун маблағ етарли бўлмай қолган. Номи Венгриядаги усмоний меъморчилигининг кўплаб ёдгорликларини топиш ва сақлаш билан боғлиқ бўлган Геро Гёзо ибодатхонани иложи борича асл кўринишига яқинроқ тиклаш учун маслаҳатлар беради. Қайта тикланган ёдгорликнинг очилиш маросимида ҳам олим нутқ сўзлаган.
Бинонинг эгаси бўлган немис тадбиркори Карл Росенбург, усмонийларнинг шаҳардаги сўнгги изларидан бири бўлган ушбу муҳим тарихий обидани қайта тиклагани учун Венгрия Таълим ва Маданият вазирлиги томонидан мукофотланган.
Ҳозирда собиқ масжид кафе ва музейга айлантирилган. Мажмуада боғ ва Дунайнинг ажойиб манзараси очиладиган терасса мавжуд.