Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Етти аср мусулмон бўлган юрт

2887

Испания (расман Испания Қироллиги) - Гибралтар бўғози ва Атлантика океанида жойлашган баъзи бир ерлари бўлган Жануби-Ғарбий Европадаги давлат. Асосий қуруқлик ҳудуди Иберия ярим оролида жойлашган. Испания ҳудудига иккита архипелаг ҳам киради: Шимолий Африка қирғоғидаги Канар ороллари ва Ўрта Ер денгизидаги Балеар ороллари. Африканинг Сеута, Мелилла ва Пенон де Велез де ла Гомера эксклавлари Испанияни Африка мамлакати (Марокаш) билан қуруқликдаги чегараси бўлган ягона Европа давлатига айлантиради. Альборан денгизидаги бир нечта кичик ороллар ҳам Испания ҳудудининг бир қисмидир. Мамлакатнинг материк қисми жануб ва шарқдан Ўрта Ер денгизи билан, шимол ва шимоли-шарқда Франция, Андорра ва Бискай кўрфази билан, ғарб ва шимоли-ғарбда Португалия ва Атлантика океани билан чегарадош.

Испания 505,990 км2 майдонга эга бўлиб, Жанубий Европанинг энг йирик давлати, Ғарбий Европа ва Европа Иттифоқининг иккинчи йирик давлати ҳисобланади. Европа қитъасида майдони бўйича тўртинчи ўринда туради. Аҳолиси 46,6 миллиондан ошган Испания аҳоли сони бўйича Европада еттинчи, Европа Иттифоқида эса тўртинчи ўринда туради. Испаниянинг пойтахти ва энг катта шаҳри - Мадрид; бошқа йирик шаҳар ҳудудлари қаторига Барселона, Валенсия, Севилья, Сарагоса, Малага, Бильбао кабилар киради. Расмий тили - испан тили. Пул бирлиги - евро.

Тарихи

Минтақада босқичма-босқич Финикия, Юнон, Кельт ва Карфаген маданиятлари ривожланган. Римликлар карфагенликларни милоддан аввалги 206 йилгача Пиреней яриморолидан ҳайдаб чиқариб, уни икки маъмурий вилоятга бўлишган: Ҳиспаниа Ултериор (узоқроқ) ва Ҳиспаниа Цитериор (яқинроқ). Испания IV аср, Ғарбий Рим империясининг қулашига қадар Рим ҳукмронлиги остида бўлган. Вестготлар қироллиги бешинчи асрга келиб ярим оролнинг кўп қисмини эгаллаб олган.

VIII аср бошларида Вестготлар қироллиги 700 йилдан ортиқ мусулмонлар ҳукмронлигини ўрнатган Умавий халифалиги томонидан босиб олинган. Бу даврда Исломий Испания йирик иқтисодий ва интеллектуал марказга айланган; Қуртуба (Кордоба) шаҳри Европанинг энг йирик ва бой шаҳарлари қаторига айланган. Мусулмонлар ҳукмронлиги даврида Андалусия гуллаб-яшнади: илм-фан, табобат тараққий топди, шаҳарсозлик ривожланди. Мусулмонлар қурган масжидлар, бинолар, ҳаммом ва касалхоналар ўша замон Европасида мисли кўрилмаган эди. 

Ибериянинг шимолий чеккаларида бир неча насроний қиролликлар вужудга келиб, улар орасида асосийлари Леон, Кастилия, Арагон, Португалия ва Наварра бўлган. Кейинги етти аср давомида насроний қиролликларнинг жануб томон кенгайиши - Реконкиста 1492 йили Испаниядаги сўнгги мусулмон давлати - Гранада подшоҳлиги насронийлар томонидан босиб олиниши билан якунланган. Ўша йилдан бошлаб ярим орол ҳудудида католик насронийлари ҳукмронлиги ўрнатилган. Шу пайтдан эътиборан мусулмонларга нисбатан тазйиқ ва қирғинлар бошланди. Уларни мажбуран динидан қайтишга мажбур қилинди, қайтмаганлар қатл этилди. Минглаб масжидлар черковларга айлантирилган, уларнинг кўпчилиги ҳозир Испанияда черков сифатида фаолият кўрсатмоқда. XVI асрдан XIX аср бошларига қадар Испания инсоният тарихидаги энг йирик босқинчи империялардан бирини бошқарган. Бугунги кунда дунё бўйлаб 550 миллионга яқин киши испан тилида гаплашади. Испания ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси объектлари бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллайди.

Испания демократик парламентар монархия бўлиб, қирол Филипп VI давлат бошлиғи ҳисобланади. Испания юқори ривожланган ва юқори даромадли мамлакат бўлиб, дунёда номинал ЯИМ бўйича ўн тўртинчи энг йирик иқтисодиётга эга. Испания Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Европа Иттифоқи (ЕИ), Евро Ҳудуд (ЕҲ), Европа Кенгаши (ЕК), Иберо-Америка Давлатлари Ташкилоти (исп. OEI), Ўрта Ер денгизи Иттифоқи, НАТО, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Шенген зонаси, Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) ва бошқа кўплаб халқаро ташкилотлар аъзосидир. Расмий аъзоси бўлмаса-да, Испаниянинг G20 саммитларида “Доимий таклифнома”си мавжуд бўлиб, ҳукумат вакиллари ҳар бир саммитда қатнашади ва бу Испанияни G20’нинг амалдаги аъзосига айлантиради.
Испаниянинг маъмурий бўлиниши нисбатан мураккабдир. Испания давлати 17 та автоном ҳудуд ва 2 та автоном шаҳарга бўлинган. Ҳудудлар жами 50 та провинцияга, улар эса, ўз навбатида, муниципалитетларга бўлинган.

Қизиқарли маълумотлар

  1. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тадқиқотларига кўра, 2050 йилга келиб Испания дунёдаги энг кекса аҳолига эга бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра, атиги ўттиз йил ичида аҳолининг 30% дан ортиғи 60 ва ундан юқори ёшдагилар бўлади.
  2. Испания маданиятида диннинг юқори аҳамиятга эга эканлигига қарамай, мамлакат аҳолисининг атиги 13,6% ҳар якшанба куни черковга боради.
  3. Испания зайтун ёғи ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи мамлакат ҳисобланади. Йилига тахминан 1,5 миллион тонна зайтун ёғи ишлаб чиқарилади ва бу кўрсаткич бутун дунёда ишлаб чиқариладиган зайтун ёғининг ярмига тўғри келади. Маҳсулотнинг аксарияти Андалусиянинг жанубий минтақасидан келади.
  4. Ҳар йили август ойида ўтказиладиган жуда ҳам ғалати бир фестиваль бор. “La Tomatina” деб номланадиган бу фестивалда тонналаб помидорлар отиш орқали исроф қилинади.
  5. 2018 йили Испания дунёдаги энг машҳур сайёҳлик йўналиши бўйича Франциядан кейин иккинчи ўринни эгаллаган. Ўша йили Испания 82,8 миллион меҳмонни қабул қилган.
  6. “Қироллик марши” деб номланувчи Испания миллий мадҳияси дунёдаги кам сонли матнсиз (сўзсиз) мадҳиялардан биридир.

Испаниядаги диний муҳит

1978 йилги Испания Конституцияси Католик черковини давлатнинг расмий дини сифатида бекор қилган бўлса-да, унинг Испания жамиятидаги муҳим ўрнини тан олади. Социологик тадқиқотлар марказининг маълумотларига кўра, мамлакат фуқароларининг 60,2% ўзларини католик деб ҳисоблайди, (улардан 40,5% амал қилувчи, 19,7% эса амал қилмайдиган), 2,7% бошқа динларга, шу жумладан Ислом, Буддавийлик ва бошқаларга мансуб. Аҳолининг 37% яқин қисми ўзини даҳрий, агност ёки динсиз деб ҳисоблайди. Қолганлари эса тадқиқотларда иштирок этмаган.

Испанияда Ислом

Мусулмонлар Испания аҳолисининг жуда ҳам кичкина қисмини ташкил қилишади. Ислом Испанияга VIII асрда, мусулмонлар томонидан фатҳ қилинганида кириб келган. XVI аср ўрталарида Ислом Испания ҳукумати томонидан тақиқланиб, оммавий насронийлик динига мажбурлашлар бошланган. Оз сонли бўлса-да, тарих давомида Испания ҳудудида мусулмонлар доимо бор бўлган, уларнинг кўплари XVIII аср бошларида озод қилинган собиқ қуллар (“морос кортадос”) бўлган. XX аср Шимолий кўплаб африкалик мусулмонларнинг Испанияга кўчиб ўтиш даври сифатида тасвирланиши мумкин. 2000 йилларда мусулмон мигрантлар бошқа мусулмон бўлмаган мамлакатларидан (Лотин Америкаси ва Шарқий Европадан) ҳам кела бошлаган. Испания Ислом Ҳамжамиятлари Иттифоқининг (UCIDE) ҳисоб-китобларига кўра 2019 йилга келиб мусулмонлар Испания аҳолисининг 4,45 фоизини ташкил этган, улардан 42 фоизи Испания фуқаролари, 38% марокашликлар ва 20% бошқа миллат вакиллари. Pew Research Center томонидан 2019 йили чоп этилган сўров натижаларига кўра испанларнинг 54 фоизи мусулмонларга нисбатан яхши, 42 фоизи эса салбий фикрга эга.

Испания масжидлари

Испания масжидларининг аниқ сони турли манбалар ва тахминларга кўра фарқ қилади. 2018 йил май ойи ҳолатига кўра Испания Диний Плюрализм Обсерваторияси ўз веб-сайтида мусулмонларнинг 1588 та ибодат қилиш жойларини рўйхатга олган. 2010 йилги тахминларга кўра, мамлакат бўйлаб 13 та йирик масжид ва 1000 дан ортиқ кичикроқ масжидлар ва намозхоналар бўлиб, улар тахминан 1,5 миллион мусулмон аҳолига хизмат кўрсатади. Масжидларнинг аксарияти Испания шимоли-шарқидаги Каталония ҳудудида жойлашган.

Мадрид марказий масжиди

Абу Бакр масжиди деб ҳам номланган ушбу масжид Тетуан туманининг Куатро Каминос маҳалласида жойлашган. 1988 йили очилган ушбу масжид мамлакатда мусулмонлар ҳукмронлиги тугаганидан бери очилган биринчи масжидлардан ҳисобланади. Тўрт қаватдан иборат бинода масжид ва идоралардан ташқари болалар боғчаси, мактаб, кутубхона, мажлислар зали ва дўкон мавжуд. Ал-Азҳар университети билан имомларни ўқитиш ва таъминлаш бўйича шартнома имзолангани билан бир қаторда масжид ибодат, хайрия, маданий- маърифий ва ижтимоий вазифаларни бажаради. Масжидда битта гумбаз ва битта минора мавжуд. 

Подшоҳ Абдул Азиз масжиди

Марбелла номи билан ҳам машҳур бўлган ушбу масжид Андалусиянинг Малага провинцияси, Марбелла шаҳрида жойлашган исломий ибодатхонадир. Иншоот Саудия Арабистони томонидан молиялаштирилади ва саудларнинг биринчи подшоҳи номи билан аталади. Масжид 1981 йили қурилган бўлиб, замонавий Испаниянинг биринчи масжидларидан биридир. Куртубалик меъмор Хуан Мора томонидан лойиҳалаштирилган масжид 800 дан зиёд намозхонни сиғдира олади. Асосий хонақохдан ташқари имом учун хона, кутубхона ва боғлар мавжуд.

Ал-Андалус масжиди

Ал-Андалус масжиди – Андалусия ҳудуди, Малага шаҳри, Арроё дел Куарто даҳасидаги масжид. Масжид майдони 4000 квадрат метрни ташкил қилади; иккита кириш эшиги бор: бири эркаклар, бири аёллар учун. Бу ерда болалар боғчаси, 200 кишига мўлжалланган аудитория, учта намозхона, кутубхона, араб тили дарслари учун синф хоналари мавжуд. Масжид 1000 кишига мўлжалланган бўлиб, Европадаги энг йирик масжидлардан бири ҳисобланади. Масжид минораси 25 метр баландликка эга.

Ал-Морабито масжиди

Ал-Морабито масжиди - Қуртуба шаҳрида жойлашган исломий маскан. Масжид Испаниядаги фуқаролар уруши пайтида Франко мусулмон аскарлари учун совға сифатида қурилган бўлиб, Испаниянинг биринчи замонавий масжиди ҳисобланади. Маҳаллий ҳукуматдан рухсат олингандан сўнг мажмуа 1992 йили масжид сифатида қайта очилган.

Фуенирола масжиди

Фуенирола масжиди Андалусиянинг Фуенирола шаҳрида жойлашган. Суҳайл Исломий Маданият Маркази номи билан ҳам машҳур. Масжиднинг қурилиши 1983 йили бошланган ва 1994 йили тугаган. Саудия Арабистони томонидан молиялаштирилган.

Фахриддин Расул ўғли тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Каталонияда «жодугарлар» афв этилди

458 13:05 27.01.2022

Ўзбекистон 2022 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши мамлакатлардан бири – The Independent

374 17:30 04.01.2022

Дунёнинг саёҳатбоп жойлари аниқланди, рўйхатда Ўзбекистон ҳам бор

1372 18:05 02.12.2021

Япония Испанияда ишлаб чиқарилган вакцинадан фойдаланишни тўхтатди

1263 10:45 26.08.2021

Испания ниқоб режимини бекор қилади

508 18:45 25.06.2021
« Орқага