Коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар фонида 2020 йилда Европада ислом ҳақида нотўғри қарашларга асосланган душманлик кўринишлари ижтимоий тармоқларга кўчди. Европа мамлакатларида исломофобиянинг намоён бўлиши мавзусига бағишланган ҳисобот шундан далолат беради.
Турк-немис университети ўқитувчиси Энес Байракли ва Жоржтаун университети профессори Фарид Ҳафиз бошчилигидаги бир гуруҳ экспертлар томонидан тайёрланган ҳисобот Австриянинг Леопольд Вайс институти томонидан эълон қилинди.
Ҳужжатни тайёрлашда бутун дунёдан 37 нафар олим, эксперт ва фуқаролик жамияти фаоллари иштирок этди. Тадқиқотлар 31 давлатни қамраб олди.
Лойиҳа иштирокчилари 2020 йилда Европада исломга қарши кайфият ҳолатларини қайд этиб, таҳлил қилишди.
Ҳисоботга кўра, 2020 йилда Европани қамраб олган коронавирус пандемияси қитъада исломофобия кўринишлари билан боғлиқ вазиятга бошқача таъсир кўрсатган. Таҳлил қилинган даврда пандемия чекловлари фонида айрим мамлакатларда исломофобия жиноятлари сони бироз пасайган. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда исломга нисбатан душманона қарашлар кучайган. Айнан виртуал маконда, айниқса, Фейсбук ва бошқа ижтимоий тармоқларда мусулмонларга нисбатан нафратнинг намоён бўлиши ортган.
Бироқ пандемия ва чекловларга қарамай, бир қатор мамлакатларда мусулмонларга қарши жиноятлар сони юқорилигича қолмоқда.
Масалан, 2020 йилда Германияда мусулмонларга қарши 901 та нафрат жинояти кузатилган. Масжидлар ҳудудида 146 та провокация, 48 та ҳолатда диндорларга ҳужумлар ва ҳақоратлар қайд этилган.
Бундан ташқари, пандемияга қарамай, радикал ҳаракатлар исломга қарши намойишларини давом эттирди. Мисол учун, Германиядаги ксенофобик ПEГИДА ҳаракати 2020 йилда 16 та намойиш ўтказди.