Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Европадан 14 километр узоқликдаги Африка давлати

4412

Марокаш қироллиги Африка қитъасининг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган давлат. Қироллик шимолда Ўрта ер денгизи, ғарбда Атлантика океани ва шарқда Жазоир билан қуруқлик чегарасига эга. Жанубдан Марокашга туташ бўлган Ғарбий Саҳрои Кабир эса низолик ҳудуд, унинг 20 фоизигина мустақил бўлиб, қолган 80 фоизи Қироллик назорати остида. Сэута, Мэлилла каби бир қанча оролларга ҳам Марокаш ҳукумати даъво қилади. 

Давлат ҳудуди 710,850 кв. км.дан иборат. 

Аҳолиси сони 37,746,261 миллионга етган (2022 й). 

Давлатнинг расмий ва устивор дини Ислом дини, расмий тиллар эса араб, барбар ва француз тилларидир. Пойтахти Работ ва энг катта шаҳри Касабланка ҳисобланади.

1956 йилда Франция ва Испаниядан мустақилликка эришгандан бери Марокаш нисбатан барқарорлигича қолди. У қитъада бешинчи йирик иқтисодиётга эга. Шунингдек, давлатнинг Африка ва араб дунёсида сезиларли роли бор. 

Марокаш  глобал муносабатларда ўрта куч ҳисобланади ва Араб Лигаси, Ўрта Ер Денгизи Иттифоқи ва Африка Иттифоқи, Ислом Ҳамкорлик ташкилоти каби минтақавий ташкилотларга аъзо бўлган. 

Марокаш унитар ярим конституциявий монархия бўлиб, сайланувчи парламентга эга. Ижроия ҳокимиятни Марокаш қироли ва бош вазир бошқаради, қонун чиқарувчи ҳокимият эса парламентнинг Вакиллар ва Кенгашчилар палатасидан иборат. Суд ҳокимияти Конституциявий судга тегишли бўлиб, у қонунлар, сайловлар ва референдумларнинг ҳақиқийлигини текшириши мумкин. Қирол, айниқса, ҳарбий, ташқи сиёсат ва диний ишлар бўйича кенг ижро этувчи ва қонун чиқарувчи ваколатларга эга; у қонун кучига эга бўлган “даҳирлар” деб номланган фармонлар чиқариши мумкин. Шунингдек, ваколат доирасида бош вазир ва конституциявий суд раиси билан маслаҳатлашганидан кейин парламентни тарқатиб юбора олади.

Ислом дини умавийлар ҳукмронлиги даврида VII асрни ўрталарида кириб борган. Шундан бошлаб Ислом дини ва араб тили кенг тарқай бошлаган, маҳаллий йирик барбар этник қабилалари исломни қабул қилган ҳолда, ўзларининг одат ва қонунларини сақлаб қолишган. 

Халифалик тугаганидан сўнг, давлат ҳудудини илк ўрта асрларда Ал-муравид, Ал-муҳад, сўнг XIII - XIV асрларда Меринид султонлиги, ундан сўнг Ваттасидлар бошқаришади. XV асрда Реконкиста Иберияда мусулмонлар ҳукмронлигини тугатди. Натижада кўплаб мусулмонлар ва яҳудийлар Марокашга қочиб келишади. 1549 йилдан бошлаб султонликда Арабистондан Муҳаммад алайҳиссалом ворислари дея танилиб келган Саъдий ва XVII асрдан Алоутий султонлари бошқара бошлаган. 

Европа саноатлашгани сари Шимоли-Ғарбий Африка мустамлака қилиниш учун салоҳиятли ҳудуддек баҳолана бошланди. Франция 1830 йилдан бошлаб Марокашга нафақат Жазоир ҳудуди чегарасини ҳимоя қилиш учун, балки Марокашнинг Ўрта Ер денгизи ва очиқ Атлантика соҳилларидаги стратегик мавқеи туфайли ҳам катта қизиқиш билдирган. 

1860 йилда Испаниянинг Сеута анклавига оид низо Испанияни уруш эълон қилишга олиб келади. Ғолиб Испания яна бир анклав ва кенгайтирилган Сеутани қўлга киритади. 1884 йилда Испания Марокашнинг қирғоқбўйи ҳудудларида протекторат яратади.

1912 йилги Фес шартномаси Марокашни Франциянинг протекторатига айлантирди ва ғалаёнлар келтириб чиқарди. Испания ўзининг қирғоқ протекторатини бошқаришда давом этди. Худди шу шартномага кўра, Испания шимолий ва жанубий Саҳрои Кабир зоналари устидан ҳокимиятни ҳимоя қилиш ролини ўз зиммасига олди.

Марокаш аскарларининг бир қанча бўлинмалари (Гумиерлар ёки доимий қўшинлар ва офицерлар) Биринчи жаҳон урушида ҳам, Иккинчи жаҳон урушида ҳам Франция армиясида, Испания фуқаролик урушида ва ундан кейин Испания миллатчи армиясида хизмат қилган. Қуллик тизими эса 1925 йилда тугатилади.

2011–2012 йиллардаги Марокаш норозилик намойишлари пайтида минглаб одамлар Работ ва бошқа шаҳарларда сиёсий ислоҳотлар ва қирол ваколатларини чекловчи янги конституцияни қабул қилишни талаб қилиб, митинг ўтказдилар. 2011 йил июл ойида қирол “араб баҳори” норозиликларини бостиришни таклиф қилган, ислоҳ қилинган конституция бўйича референдумда ишончли ғалаба қозонди. Муҳаммад VI томонидан амалга оширилган ислоҳотларга қарамай, намойишчилар чуқурроқ ислоҳотларни талаб қилишда давом этишди. 2012 йил май ойида Касабланкадаги касаба уюшмалари митингида юзлаб одамлар иштирок этди. Иштирокчилар ҳукуматни ислоҳотларни амалга ошира олмаётганликда айбладилар. 

Табиати

Марокашнинг катта қисми тоғлардан иборат. Атлас тоғлари асосан мамлакат маркази ва жанубида жойлашган. Риф тоғлари эса мамлакат шимолида жойлашган. Иккала тизмада ҳам асосан барбарлар яшайди. Ғарбий Саҳрои Кабирни ҳисобга олмаганда ҳудуди бўйича Марокаш дунёдаги эллик еттинчи йирик давлатдир. Гарчи икки давлат ўртасидаги чегара 1994 йилдан бери ёпиқ бўлсада, Жазоир шарқ ва жануби-шарқда Марокаш билан чегарадош. 

Иқлими. Мамлакатнинг шимолий ва марказий тоғ тизмаларида ям-яшил ўрмонлар, қуруқроқ шароитларга ва жануби-шарқдаги ички чўлларга йўл очади. Марокаш қирғоқ текисликлари Атлантика қирғоқларидаги совуқ Канар оқимининг таъсири туфайли ёзда ҳам сезиларли даражада мўътадил ҳароратни бошдан кечиради.

Туризм Марокаш иқтисодиётидаги энг муҳим соҳалардан биридир. Бу мамлакат соҳилли қирғоқлари, маданияти ва тарихига йўналтирилган кучли сайёҳлик саноати билан яхши ривожланган. 2019 йилда Марокаш 13 миллиондан ортиқ сайёҳни жалб қилган. Туризм Марокашда фосфат саноатидан кейин иккинчи энг катта давлат даромад манбаи ҳисобланади. Марокаш ҳукумати туризмни ривожлантиришга катта миқдорда сармоя киритмоқда. 2010 йилда ҳукумат Марокашни дунёдаги энг яхши 20 сайёҳлик йўналишидан бирига айлантиришни режалаштирган ўзининг “Vision 2020” дастурини ишга туширди.

Марокаш йирик шаҳарлар ва сайёҳлик йўналишларини портлар ва халқаро аэропортлар билан шаҳарларни боғлайдиган мукаммал автомобил ва темир йўл инфратузилмасига эга. Миллий авиакомпаниялар мамлакатга арзон рейсларни таклиф қилишади.

Замонавий сайёҳлик саноати Марокашнинг қадимий барбар, Рим ва исломий жойлари ҳамда унинг ландшафти ва маданий тарихидан фойдаланади. Марокашга сайёҳларнинг 60 фоизи унинг маданияти ва мероси учун ташриф буюришади. “Агадир” қирғоқ бўйидаги йирик курорт бўлиб, ҳордиқ чиқариш учун ёқимли маскан ҳисобланади. Бу жой Атлас тоғларига саёҳатлар учун тўпланадиган марказдир. Шунингдек, Марокаш шимолидаги бошқа курортлар ҳам жуда машҳур.

Ўзбекистон билан алоқалари

Марокаш ва Ўзбекистон дипломатик муносабатларига 1993 йил асос солинган. 2019 йилдан бошлаб муносабатлар янада яхшилана бошланиб, давлатлар ўзаро алоқаларга яқиндан кириша бошладилар. 2019 йилги икки тараф делегациялар учрашувида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов ҳамда ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Давлат котиби Муниа Букетта кўришадилар. Икки давлат вазирлари, юқори мансабдор шахслар ва парламент делегациялари даражасида ташриф алмашишни фаоллаштиришга чақириб, халқаро ташкилотлар доирасида Марокаш ва Ўзбекистон номзодларини ўзаро қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидладилар.

 

Марокаш ҳақида қизиқарли фактлар

1.  Марокашда дунёдаги энг қадимий бўлган Қаровиййин университети бор. Университет эрамизнинг 859 йилида қурилган бўлиб Фес шаҳрида жойлашган. 

2.  Марокаш хилма-хил ландшафтли мамлакат. Марокашда гўзал соҳиллар ҳам, баланд тоғлар ҳам, чўл ландшафтлари ҳам, ям-яшил воҳалар-у қорли тоғлар ҳам бор.

3.  Цитрус мевалари мамлакатнинг асосий экспорти ҳисобланади. Уларнинг аксарияти маҳаллий бозорларда сотилади, бироқ бошқа мамлакатларга ҳам экспорт қилинади.

4.  Мусулмонлар аҳолининг 99% ни ташкил қилади. Марокашнинг деярли барча аҳолиси мусулмонлар ва Ислом дини кундалик ҳаёт ва маданиятга сингиб кетган.

5.  Хурмонинг энг йирик экспортчилари билан солиштирганда, Марокаш қироллигининг ишлаб чиқариш ва экспорти нисбатан оз, аммо шунга қарамай, ҳар йили 112 минг тоннадан ортиқ хурмо экспорт қилинади. 

6.  Марокаш иқтисодиётининг ярми хизмат кўрсатиш соҳасига асосланган. Туризм Марокаш иқтисодиётининг жуда муҳим қисмидир ва мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ярмидан кўпи хизмат кўрсатиш соҳасига тўғри келади. Хизмат кўрсатиш соҳасига қўшимча равишда фосфат минераллари ва қишлоқ хўжалиги, шунингдек, балиқ ва денгиз маҳсулотлари экспорти маҳаллий иқтисодиётнинг асосий қисмини ташкил қилади.

7.  Марокашда биноларининг ҳаммаси кўк рангга бўялган шаҳарлар бор. Шефшауен - Марокашнинг энг гўзал жойларидан бири бўлиб, шаҳар кўк рангли уйлар ва эски мафтункор хиёбонлар билан тўла.

8.  Ялпизли кўк чой энг кенг тарқалган ичимликлардан биридир. Аҳолининг 99 фоизи мусулмон бўлганлиги сабабли, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш жуда кам учрайди. 

9.  Францияда 1 миллиондан ортиқ марокашликлар яшайди. Франциядаги муҳожирларнинг катта қисми 1960 йиллардан ҳозирги кунгача кўчиб келган. Испаниядаги 700 000 марокашликлар асосан жанубий ҳудудларда истиқомат қилишади. Умуман олганда, 5,6 миллионга яқин марокашликлар чет элда, шундан 5,1 миллиони Европада яшайди. 

10.  Футбол марокашликлар орасида энг кўп тарқалган спорт тури.

11.  Марокашни Европадан атиги 14 километр ажратиб туради

Марокашда ислом дини

Авқоф ва Ислом ишлари вазирлигининг 2016 йилдаги маълумотларига кўра, Марокашда 41 755 та масжид мавжуд бўлиб, улардан 16 489 таси жоме масжидлари ҳисобланади. Марокашда масжид минораларини тўртбурчак архитектура шаклида қуриб кўтариш илк ислом дини етиб келиши даврларидан анъана бўлиб қолган.

Ҳасан II масжиди — Марокашнинг Касабланка шаҳридаги масжид. Бу катталиги бўйича Африкадаги иккинчи, дунёда эса еттинчи масжиддир. Унинг минораси 210 метр бўлиб, дунёдаги иккинчи энг баланд минорадир. Масжид 1993 йилда қуриб битказилган, у қирол Ҳасан II раҳбарлигида Мишель Пинсо томонидан лойиҳалаштирилган ва бутун қиролликдаги Марокаш ҳунармандлари томонидан қурилган. Миноранинг устига фонар-лазер  ўрнатилган, унинг нур тушиш йўналаши эса Маккаи мукаррама томон йўналтирилган. Масжид Атлантика океани соҳилида жойлашган; бу ерда намозхонлар деярли денгиз устида ибодат қилишлари мумкин. Деворлари мармардан ишланган, томи эса очиладиган қилиб ясалган. Масжидга 105 000 намозхон сиғиши мумкин.

Касба масжиди - тарихий масжиддир. У яна Мансурия масжиди, Мовлай ал-Язид масжиди деб ҳам номланади. Касба Алмоҳад халифаси Яқуб ал-Мансур томонидан милодий 1185-1190 йилларда қурилган. У Касба туманида, шаҳарнинг собиқ қалъасида, тарихий қироллик саройларига яқин ерда жойлашган. Кутубийя масжиди билан бир қаторда Марокашдаги энг муҳим тарихий масжидлардан бири ҳисобланади.

Зайнулобиддин Турғунбоев тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Марокаш қироли «қардош» Жазоир билан алоқаларни тиклашга чақирмоқда

298 10:00 01.08.2022

Марокашда Пайғамбар алайҳиссаломга бағишланган кўргазма очилди

500 08:45 29.07.2022

Полиция Испания чегарасига йиғилган минглаб муҳожирларга қарата ўт очди

380 13:30 27.06.2022

Марокашдан Испанияга ўтиш пайтида ўнлаб инсонлар ҳалок бўлди  

429 15:45 25.06.2022

Дунё мамлакатларида Рамазон: Марокаш

816 17:40 08.04.2022

Араб дунёси Исроилни «тинчлик тарафида» деб тушунади - Беннетт

1006 11:25 28.03.2022
« Орқага