Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Фарзандингизни танийсизми?

816

Яқинда тележурналист Нозима Воҳидова мени бир кўрсатувга таклиф қилди. Кўрсатув мавзуси “Бой берилаётган болалик” деб номланган экан. Нозима опага телевизорга чиқишга шароитим йўқлигини тушунтирдим. Бироқ кўрсатув номи кўнглимга ўрнашиб қолди. Бу хусусда менинг ҳам фикрларим тўпланди. 

Бугун болалар компьютер, телефон ўйинларига боғланиб қолиб, болаликнинг асл ўйинларидан, умуман болаликдан мосуво бўлаётгандек. Оилада катталар ўртасидаги суҳбатлар бир хил. Боғчага тўлов, инглиз тилига, тўгаракка... хуллас, улар катталарга савол беришга ҳам қимтинади гоҳида. Дадалар телеграмм, оналар сериал томошаси билан банд. Тўғри, сал иқтисоди яхши хонадонлар тоққа, бирор жойга дам олишга боришади. Бунда ҳам суратлар чиройли чиқиши, қанақа жойда дам олинаётгани “прямой эфир” қилиниши муҳим. Яна бола ота-она ёнида ёлғиз.

Қизим бошланғич синфда ўқиётганда устози ота-оналар мажлиси қилди. Табиий, оналар йиғилдик. Ҳар биримизга қоғоз қалам тарқатиб, “Фарзандингизни танийсизми?” деб савол қўйди. Ҳамма ҳайрон фарзандини онадан ортиқ ким танисин? Хуллас, доскага тўртта савол ёзди:

1.  Болангизни нима деб эркалатасиз?

2.  Қандай рағбатлантирасиз ёки жазолайсиз?

3.  Оилада қандай ўйинлар ўйнайсиз?

4.  Охирги марта қандай китоб олиб бердингиз?

Ҳаммамиз саволларга жавоб ёзиб узатдик.  Шунда устоз синф болалари ўртасида ўтказилган сўровномани ўқиб эшиттирди. Уларга ҳам юқоридаги саволлар ота-онага нисбатан қўйилган экан. Шунақа антиқа жавоблар чиқди... Болалар қайси китобларга қизиқишини, ота-онаси олиб бермаётганини, ёзган. Ҳатто бир бола дадаси билан бўш вақтларида карта ўйнашини ёзибди. Бу жавобни ҳеч бир она менинг фарзандим деб зиммасига олмади. Лекин устоз жавобли варақаларни оналарга тарқатганда эгасини топгандир. Ишонасизми, оилада рағбатлантирилмаган болалар бор экан. Мажлис охирида оналар устоздан шикоят қила бошлади. Оилавий ишимизга аралашманг, деб. Устоз “Болангиз менинг қўлимда сабоқ олар экан, уни сиз танимасангиз, мен танишим учун бундай сўровнома керак”, деб жавоб берди. 

Ота ишдан чарчаб келиб, телефон титкиласа, она ошхона билан телевизор ўртасида қатнаса. Бола нима қилсин? Кимга савол берсин? Бу билан ҳамма хонадонларда сериал кўрилади, ҳамма оталар телефонга боғланиб қолган демоқчи эмасман. Лекин аксарият хонадонларда шу аҳвол. Болага китоб ўқи, дарсингни қил, деган хитоблар ёқмайди. “Кел, бирга дарс қиламиз”, “Мана бу китоб сенга ёқса керак, бирга ўқиймизми?” дейиш уни ўқишга қизиқтиради. 

Яқинда қариндошимнинг қизи эрининг оилага эътиборсизлигидан нолиди. Уйга нима керак бўлса, бадастир рўзғор қиладиган турмуш ўртоғи болалар тарбиясига аралашмас экан. “Шу даражадаки, иш қилаёганимда бола йиғлаб қолса, болангни овут, дейди. Телефондан бош кўтармайди. Ваҳоланки мен болани уйдан олиб келмаганман”, дейди йиғлаб. Шунақа, кўп ҳолларда болага она масъул бўлиб қолган. Мактаблар уюштирадиган оталар мажлисига беш-олти ота иштирок этади. Унда ҳам баъзан ота номидан акалар ёки қариндошлар борар экан. 

Катта бўлсанг, ким бўлмоқчисан? Қанақа рангни яхши кўрасан? Мен билан қайси ўйинни ўйнагинг келяпти? Қайси китобни олиб берай? 

Бунақа саволлар эскирдими? Яна болаларда болалик йўқ деб нолиймиз. Ўз болалигимизни ўрнак қиламиз. Поққиллоқ ўйнардик, чиллак ўйнардик, холакасим ўйнардик... Имконият берсак бизнинг боламиз ҳам ўйнайди. 

Қуш уясида кўрганини қилади, деган гап бор. Бир ўйлаб кўрайликчи, уйимиздаги қушчалар нима ўрганяпти биздан. Ўзи болаларимизни таниймизми?

Яна бир карра таъкидлайман, бу ҳаммага тегишли эмас. 4-5 ёшида қори бўлаётган, тилларни, математик амалларни ўзлаштирган, спортда мувафақиятга эришаётган болажонларнинг ота-онасига минг бор қуллуқ. Бу алоҳида мақолага мавзу.

Манзура ШАМС

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркистоннинг қулаши ва оммавий қатағонлар

398 21:05 01.10.2022

Укамни гўдаклигида холам эмизган...

684 20:10 01.10.2022

Ислом оламининг қадимий беш кутубхонаси

362 19:25 01.10.2022

Фиқҳнинг уммат орасида тарқалишига сабабчи бўлган тўрт саҳоба. Саҳобалар даврида фиқҳнинг ҳолати

380 17:55 01.10.2022

Мансур ибн Илёс Шерозий — нейрожарроҳлик асосчиси

292 17:15 01.10.2022

Қозоғистонлик депутатлар: "Россиянинг ўзи «сирпанчиқ» йўлда" 

518 15:55 01.10.2022
« Орқага