Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Фарзандларимиз ва олийҳиммат ёшлар келажагимиздир!

889

Бу шиор ҳақиқат. Ёшларимизни Ислом уммати сифатида чиройли тарбияламоғимиз лозим. Ҳали ёш, ўйнаб-куладиган вақти деб бепарво ташлаб қўйишдан узоқ бўлишимиз керак. Бинобарин, донишманднинг олдига бир киши келиб: “Фарзандимнинг тарбияси учун нима қилишим зарур?” деб сўради. Донишманд: “Ёши қанчада?” деди. “Бир ойлик”, деган жавобни эшитгач, “Кеч қолибсан”, деб айтди. Чунки бола йиғласа, онаси сут беради. Бу эса болада йиғи истаганига етиш учун сабаб экан, деган фикр шаклланишига сабаб бўлади ва шу фикрда улғаяди. Демак, ёшларимизнинг тўғри ва соғлом ўсишида ҳаммамиз масъулмиз. Энг олдин отаоналарга тўғри илмий услубларни ўргатиш керак. Чунки бола асосий тарбияни оиладан, ота-онадан олади.

Имом Абу Ҳомид Ғаззолий айтади: «Бола ота-онасининг ҳузурида омонат, қалби пок, нафис гавҳардир. Уни яхшиликларга одатлантириб, илм ўргатилса, шу тарзда улғаяди. Дунё ва охиратда саодатга эришади. Бироқ эътибор қилинмай, ҳайвондек бепарво ташлаб қўйилса, ёмонликларга одатланади ва бадбахт бўлади. Уларни бундай оқибатлардан асраш фақатгина одоб ўргатиш, таълимтарбия бериш ва гўзал хулқларни ўргатиш билан бўлади».

Имом Ибн Қайюм айтади: “Агар эътибор қилсангиз, болалардаги ёмон одатлар отадан ўтади”. Шунинг учун Аллоҳ таоло каломида айтади: “Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)” (Таҳрим сураси, 6-оят).

Халифа Мансур қамоқда ўтирганлардан сўраттирди:

“Қамоқда ўтириб, йўқотган энг катта нарсаларинг нима?”

“Фарзандларимизнинг тарбияси”, деб жавоб беришди.

Бир ҳалқадан иккита болакайни турғизиб юбормоқчи бўлишганида, у ерда ўтирган Амр ибн Ос: “Ундай қилманглар, аксинча, жой бериб қизиқтиринглар. Улар бугун бу қавмнинг кичкинаси, аммо эртага бир қавмнинг улуғига айланади. Биз ҳам бир қавмнинг кичкинтойлари эдик, бугун катталари бўлиб юрибмиз”, деди.

Қобилият ва иқтидор аломатлари ёшликдан намоён бўлади. Имон нури билан нурланган фаросати ўткир кишилар бундай иқтидорларнинг келажакда юксак чўққиларни эгаллаши, улуғ ва пешво одамлар бўлиб етишишини англайдилар.

Шу сабабли мусулмонлар бундай ёшларни аниқлашга ва уларга эътибор беришга қаттиқ аҳамият қаратган, бу учун меъёрлар ишлаб чиққан. Пешқадамлиги кўринган қобилиятлиларни хос мактабларда тарбиялашган.

Имом Абулфараж раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таоло ўзига валий ва яқин қилиб танлаган бандалари ҳақида ўйлаб кўрдим. Ҳақ таоло уларни комил суратдаги, вужуди камчиликсиз, қалби пок, сахий, ақлли, барча гўзал хулқларни ўзида мужассам қилган бандаларидан танлаган. Булар ёшлигиданоқ чиройли тарбияли бўлган, ёш болаларнинг бекорчи ўйинларидан ва турли разилликлардан четда турган, ёшлигида ҳам ўзларини катта одамлардек тутган. Йигитлик ёшига етганида буларнинг самараси кўрина бошлайди, илм ўрганишга иштиёқ баланд, кўп амал қиладиган, вақтини тежайдиган ва яхши ишларга интилиб, ёмон ишлардан четланадиган бўлади”.

Муҳаммад ибн Заҳҳокдан ривоят қилинади: «Абдулмалик ибн Марвон Роъс Жолутдан: “Сизларда болаларнинг зийраклиги қанақа?” деб сўради. “Қандай бўларди, улар ҳам оддий инсонлар. Аммо қараймиз, агар улардан бирортаси ўйин чоғида: “Ким мен билан бирга?” деса, ўша ҳимматли ва бошқаларга ҳам ичи ачийдиган бўлади. Агар: “Мен ким билан биргаман?” деса, уни ёқтирмаймиз. (Абдуллоҳ) Ибн Зубайр ёшлик чоғида болалар билан ўйнаётган эди. Шунда у ердан бир киши ўтиб қолди ва болаларга қаттиқ бақирди. Ҳамма югуриб қочиб кетди. Ибн Зубайр эса орқада бемалол юриб, шерикларига: “Сизларга етакчи бўламан, биргаликда унинг олдига борамиз!” деди».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ибн Зубайр болалар билан ўйнаётганида уларнинг олдидан ўтиб қолди.

Болалар қочиб кетишди, фақат Ибн Зубайр қолди. Шунда Умар сўради: “Нега дўстларинг билан қочмадинг?”

Ақлли болакай: “Эй мўминлар амири! Мен айб иш қилмадимки, қочгани. Йўл ҳам тор эмаски, четга ўтиб сизга йўл бергани!” деди.Имом Бухорий ёшлигидан зеҳни ўткир, зийрак эди.

Кичиклигидаёқ етмиш минг ҳадисни ёдлаган, бир қарашдаёқ эсида қоларди.

Муҳаммад ибн Ҳотим айтади: “Бухорий билан бирга мактабга қатнардим. У ёзмас, фақат эшитарди. “Бизга ўхшаб ёз!” дердик. Бир қанча вақт ўтиб ёзганларимиз ўн беш минг ҳадисга етди. Бир куни уларни бир-биримизга ўқиб бермоқчи бўлдик. Бухорий эса ҳамма ҳадисларни ёддан айтиб берди. Шундан сўнг дафтаримиздаги хато жойларини унинг айтганидан тўғрилайдиган бўлдик”.

Ислом уммати қанчалик буюк бўлса, ёшлари ҳам шунчалик ақл-заковатлидир. Бунга мисоллар жуда кўп, биз айримларини келтириб ўтдик, холос. Азиз китобхонни зериктириб қўймаслик учун сўзимизни қисқароқ қилдик.

(давоми бор)

Асадулло Холмуродовнинг "Мўминнинг қуввати" китобидан олинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитаниниг 4418-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

ЭСЛАТМА: Сиз бу ва яна турли қизиқарли китобларни Азон китоблари нашриётининг телеграм каналидан топишингиз ва харид қилишингиз мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Лавров Тожикистонга нега келяпти?

440 20:14 05.06.2023

Фотиҳ Эрбақон: «Одамларнинг машаққатларини енгиллатиш ибодатдир!»

566 18:18 05.06.2023

Душанбеда Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилади

790 16:28 05.06.2023

Иброҳим алайҳиссалом чақириғига биринчи бўлиб «лаббайка» деганлар

613 14:40 05.06.2023

Таниқли ислом олими Жазоир ва  Марокашни мулоқотга чақирмоқда

1127 11:18 05.06.2023

Азон овози яхши эшитилмаса...

942 09:15 05.06.2023
« Орқага