Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Фашистлар Германияси ва советлар ҳамкорлиги

694

Олмониянинг Россия билан Ленин тириклигидаёқ бошланган «ҳамкорлиги» фашизмни дунёга келтирди. «Оқлар», «қулоқлар», «босмачилар», «жадидлар», «жосуслар», «халқ душманлари», «ёт унсурлар»… билан фуқаролар урушидан эзилиб чиққан большавойлар Россияси оғир аҳволдан қутулиш учун ўзи ҳам Олмония билан «дўстлашиш» йўлларини излаётган эди. Қолаверса, дунё меҳнаткашлари «социалистик инқилоб»ни, Ленин орзу қилганидай, «шоду хуррам» кутиб олмадилар, «жаҳон социалистик инқилоби» юз бермади. Ривожланган капиталистик мамлакатлар революцион йўлларни эмас, эволюцион йўлни танладилар. «Коммунистик» Россия   ёлғизланиб қолди. Буни немислар сездилар ва дарҳол фойдаландилар. 

Большавойларнинг илк қадамларидаёқ маълум бўлдики, инқилобни амалга оширган меҳнаткаш халқ озод бўлмайди, чоризм зулми большевизм зулми билан алмашади, холос. Бой ва помешчиклар ўрнига – райком ва обкомлар, миршаб тўралар ўрнига – чекистлар, қози-калонлар ўрнига – «тройка» судлари, муллалар ўрнига агитаторлар келдилар. Оқ подшо мардикорчиликдан бош тортганларни Сибирга сургун қилар эди, «қизил подшо» – Ленин, Сталин бутун халқни текин ишлайдиган мардикорга айлантирди, «миқ этиб» гапирганларни булар ҳам Сибирга сургун қилаверди. Чоризмни қулатиб Қўқон мухторияти каби мустақилликни орзу қилган барча халқлар «инқилоб»дан сўнг зўрлаб яна Россия таркибига қайтарилди.

Россияда «қардошлик», «биродарлик», «тенглик» шиорлари остида коммунистик фашизм – партиявий монархия ҳокимиятга келганини хорижий давлатлар сездилар ва Россиядан чўчий бошладилар. СССР ва Олмониянинг – Сталин ва Гитлернинг «ҳамкорлиги»га бу ҳам  бир сабаб бўлгани шубҳасиздир.

Россия немисларнинг моддий ва техникавий ёрдамидан умидвор эди, Олмония эса Версал шартномасига кўра немис давлатида фаолият юритиши ман қилинган ўта махфий ҳарбий базаларини Россия ҳудудида жойлаштириб, яширин тарзда қурол-яроғ ишлаб чиқариш ва синаб кўришга қарор қилди. Кейинчалик рейхсвернинг собиқ генерали Кюллентал бу ғояни жуда аниқ ифодалади: «Олмониянинг ўзида янги қурол турларини ишлаб чиқариш, шунингдек, офицер ходимларни тайёрлаш мумкин бўлмаган бир пайтда Россия тажриба ва ўқув учун қулай жой сифатида ўта муҳимдир».

Ҳатто ефрейтор Адольф Гитлер ўзининг «Майн кампф» (1925-1927) китобида «немисларнинг ҳудудий муаммолари Шарқда, Россия ва унга қарам давлатлар ҳисобига ҳал этилиши» ҳақида очиқ ёзганидан кейин ҳам Россия ва Олмония ўртасида ҳарбий ҳамкорлик давом этаверган.

Аниқ ҳарбий ҳамкорлик қачон бошланган?

Кейинги маълумотларга қараганда, қонхўр тузумлар ҳарбий ҳамкорлиги Ленин ҳаётлигидаёқ – 1923 йилда бошланган. Шу йили Олмониянинг «Юнкерс» фирмаси СССР ҳудудида ўз авиазаводини қуришга киришади. Олмония ҳарбий министрлиги вакилининг эътирофига кўра, бу завод «немис авиасаноатининг таянчи» бўлган. СССРда чиқарилган ана шу «Юнкерс» самолётлари кейинчалик совет шаҳар ва қишлоқларини вайрон қилди, халқимиз устидан ажал уруғларини сепди. 1924 йилда эса немислар совет саноатига уч дюймли жанг қуроллари учун 400.000 дона снаряд ясаб беришга буюртма берадилар ва 1926 йилда буюртманинг ҳаммасини оладилар. Кейинчалик бу снарядлар совет шаҳри ва қишлоқлари устига ташланади, уларнинг баъзилари уни ясаганларнинг устига ҳам тушган бўлса, ажаб эмас.1924 йилда Липецкдаги учувчилар олий мактаби замирида немис рейхсверининг «Липецк» деб аталган махфий авиация мактаби очилади, уни ниқоблаш мақсадида «Қизил Ҳаво Флоти авиация қисмининг 4-эскадрильяси» деб расмийлаштирадилар. Ворошилов (ҳарбий қўмондон, кўп йиллар СССР Мудофаа министри бўлиб ишлаган) эътироф этганидай, бу мактаб «рейхсвер учун яхши натижалар берди, айни пайтда, биз афсуски, унинг мавжудлигидан ҳеч қандай фойдалана олмадик». Немис учувчиларини СССРда тайёрлаш дастури кейин СССР билан урушда асқотган барча кўникмаларни ўз ичига олганди: самолётларни ерда ва ҳавода бошқариш, бомба ташлашни автоматлаштириш, ҳаводан туриб ҳаводагиларни ва ердагиларни катта ҳажмдаги милтиқлардан отиш малакасини эгаллаш, алоқа воситаларини такомиллаштириш ва ҳоказо соҳалар бўйича совет олимлари немис учувчиларини 1924 йилдан бошлаб изчил ўргата бошладилар. Мактаб 1933 йилга келиб бекилгунча, ўн йил давомида 130 немис учувчиси СССРда ҳарбий малакаларини оширдилар ҳамда кейин Олмонияда ўз тажрибаларини бевосита минглаб немис учувчиларига ўргатдилар. Немислар Иккинчи Жаҳон уруши олдидан дарҳол кўп сонли ва юқори малакали ҳарбий учувчилар тизимини шакллантирганининг «сири» ана шундадир. Кейин бу «ўқувчилар» совет ҳудудига мўр-малахдай ёпирилиб «устозлари»ни қон қақшатдилар. Бизда ўқиганлари учун улар бизнинг авиациямиз ва ҳимояланиш тизимининг ютуқ ва камчиликларини, ожиз томонларини яхши билардилар. Бу уларга асқотди.

Мисол учун, урушнинг илк даврида Севастополни ҳимоя қилиш қатнашчиси, 1-тоифа капитани А.Евсеевнинг махфий хабарларидан бир парчани ўқиб кўрайлик: «Севастополга душман самолётлари ўнлаб, юзлаб ёпирилдилар. Севастополга самолётлардан юзлаб, минглаб бомбалар ёғилди. Немислар энди бизни ҳеч нарса билан ҳайратлантиролмасдилар. Самолётлар сонини улар меъёрга етказган эдилар. Самолётлар кўплигидан Севастопол осмонига сиғмай қолаётган эди… Улар шу қадар кўп ва шу қадар зич эдики, ҳавода буралиб ололмасдилар, ҳатто самолётлар бир-бирини туртиб кетган пайти ҳам бўлди». Улар қон тўкиб, ўз устозларига яна бира «имтиҳон» топшираётган эдилар.

Орқароққа қайтайлик. 1926 йилда немислар СССРнинг Қозон шаҳрида «Кама» номли махфий танкчилар мактабини ташкил этишга киришдилар. Немис қўмондонлари ўша пайтдаёқ танклар қўшинларнинг алоҳида турига айланиб, мустақил вазифаларни бажаришга қодир бўлишини кўра олдилар. Немис тарихчиларининг ўзлари тан олганларидай, бу мактабларда таълим олган танкчилар Липецкда ўқиган немис учувчилари сингари тезда немис танк қўшинларининг яратилишини таъминладилар. Совет ҳарбий мутахассислари Иккинчи Жаҳон уруши олдидан немисларни танкчиликнинг барча сир-асрорларига ўргатдилар. Совет танкларининг турлари, уларнинг қурол-аслаҳалари, ўқ-дорилари, бошқа турдаги қўшинлар билан ўзаро мувофиқ ҳаракатланиш, тоғларда ҳаракатланиш, жанг пайтида тузатиш ва бошқа зарур билимларни эгаллаган немислар кейинчалик бу билимлардан совет қўшинларига қарши жангларда моҳирона фойдаландилар, ахир улар совет қўшинлари тактикаси ва стратегиясини, ҳарбий имкониятлари ва имконсиз жиҳатларини яхши билардилар-да…

Бугун сир эмаски, айни шу мактабда бўлғуси вермахт генерал-полковниги, 1941 йилда немис танкчи армиясининг қўмондони бўлган Г.Гудериан таълим олган. Кейинчалик у танк қўшинларидан фойдаланиш борасида қўлланма китоблар ҳам ёзади. Айни пайтда уруш олдидан бевосита империя пойтахти – Московда немис офицерлари ҳарбий малакаларини оширган эдилар. Улар орасида кейинчалик вермахтнинг улкан ҳарбий қўмондонлари бўлган Модел, Браухич, Кейтел, Манштейн ва бошқалар бор эди.

Тақдир ўйинини қарангки, уларнинг Московда олган билими Московга қарши урушда ишга тушди. Бу урушда халқ катта матонат кўрсатди, аммо урушнинг узоқ ва оғир кечгани, қурбонларнинг ҳаддан зиёд кўп бўлгани ҳам сир эмас. Бу урушнинг келиб чиқиши ва фожеавий оқибатлари сабабларидан бири ана шу – Ленин ва Олмониянинг «ҳамкорлиги», Сталин ва Гитлернинг урушолди «дўстлик шартномалари» эди. СССРнинг шаҳар ва қишлоқлари шу шаҳарларда қурилган «Юнкерс» самолётларида ўққа тутилди, бу самолётларни Липецкда таълим олган учувчилар бошқардилар, совет ерларини «Кама» мактабида таълим олган танкчилар оёқости қилдилар, эл бошига шу ерда тайёрланган бомбалар ташланди.

Немис рейхсверининг СССРдаги энг махфийлаштирилган маконларидан бири Самара вилоятининг Вольск шаҳри яқинидаги «Томка» номли кимёвий уруш мактаби эди. Бу ерда ҳам, Версал шартномасига хилоф равишда, 1926 йилдан бошлаб қўшма кимёвий тажрибалар ўтказилди. «Томка»да артиллерия, авиацияда заҳарли моддаларни қўллаш усуллари синовдан ўтказилади, заҳарланган жойни зарарсизлантириш воситалари ва усуллари ишлаб чиқилади. Заҳри қотил моддаларни синаш учун немислар бу мактабда янги танклар, асбоб-ускуналар, кимёвий моддалар билан таъминланади. 1926 йилнинг 31 декабрида (Янги йил байрамида «совға»!) И.Уншлихт Иосиф Сталинга шундай хабар беради: «Ўта махфий Дастурнинг биринчи қисми тўла бажарилди. Суюқликни турли баландликлардан сепиш бўйича қирққа яқин учишлар ўтказилди…  Тажрибалар авиацияни заҳарли моддаларни сепишда кенг қўллашнинг тўла имкониятлари борлигини кўрсатди. Мутахассисларимизнинг таъкидлашича, бу тажрибалар асосида шундай хулоса қилиш мумкинки, авиация орқали опритдан тирик нишонлар (яъни, инсонлар – К.Б.), жойлар ва аҳоли яшайдиган қўналғаларни заҳарлашда фойдаланиш техникавий жиҳатдан мумкин ва катта қимматга эга».

Худога шукурки, бу «катта қимматга эга» заҳарли дорилардан Иккинчи Жаҳон урушида фойдаланилмади. Аммо даҳшатлиси шундаки, нацизм ва социализм доҳийлари дунё ҳамжамияти ман қилган усуллар билан – заҳарли дориларни «тирик нишонлар» – одамлар, жониворлар, табиат устидан сепишдан тап тортмас эдилар. Урушдан олдин ҳам, кейин ҳам совет ҳукумати бундай тажрибаларни бир дақиқа тўхтатмади.

(давоми бор)

Карим Баҳриев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркистоннинг қулаши ва оммавий қатағонлар

452 21:05 01.10.2022

Укамни гўдаклигида холам эмизган...

752 20:10 01.10.2022

Ислом оламининг қадимий беш кутубхонаси

403 19:25 01.10.2022

Фиқҳнинг уммат орасида тарқалишига сабабчи бўлган тўрт саҳоба. Саҳобалар даврида фиқҳнинг ҳолати

390 17:55 01.10.2022

Мансур ибн Илёс Шерозий — нейрожарроҳлик асосчиси

304 17:15 01.10.2022

Қозоғистонлик депутатлар: "Россиянинг ўзи «сирпанчиқ» йўлда" 

538 15:55 01.10.2022
« Орқага