Савол:
Савол:
Қариялар рўза тутиш ўрнига фидя беришлари мумкинлиги ҳақида эшитдим. Фидя миқдори қанчани ташкил этади. Шу ҳақда маълумот берсангиз?
Жавоб:
Мазҳабимизнинг барча мўътабар китобларида фидянинг фитр садақаси каби эканлиги таъкидланган.
“Мухтасарул виқоя” китобида:
“Рўза тутишдан ожиз шайхи фоний (кучдан қолган қария) рўза тутмай, ҳар бир кун учун фитр садақаси каби бир мискинга таом беради”.
“Баҳрур роиқ”да эса қуйидаги ибора келади:
“Фидя ҳар бир кун учун фитр садақасидаги каби буғдой ва майиздан 0,5 соъ (тақрибан 2 кг), хурмо ва арпадан 1соъ (тақрибан 4 кг) вожиб бўлади”.
“Муҳити Бурҳоний”да мазкур масала қуйидагича ифода этилган:
“Шайхи фоний рўза тутмай, ҳар бир кун учун фитр садақаси миқдорида фидя беради”.
Маълумки, динимизда миқдорга оид барча нарсалар шариат тарафидан белгилаб берилади. Унга қиёс ёки инсон ақли аралашиши мумкин эмас. “Фатҳул Қодийр” китобида айтилади:
“Албатта, миқдорларни белгилашга қиёс дахл қила олмайди”.
Шу эътибордан рўза тутишдан кучи қолган қариялар, сурункали касаллик билан оғриётган беморларнинг рўза ўрнига берадиган фидялари худди фитр садақаси миқдорича бўлади. Хоҳласа, белгилаб қўйилган нарсаларнинг ўзидан, хоҳласа, уларнинг қийматидан беришлари мумкин.
Демак, фидянинг миқдори фитр садақанинг миқдори билан бир хил бўлади. Шундан келиб чиқиб мазкур кишилар ҳар кунлик рўза учун қуйидагилардан бирини бериши мумкин:
а) Тақрибан 2 кг буғдой ёки бозордаги ўртача қиймати;
б) 4 кг арпа ёки унинг қиймати,
в) 2 кг майиз ёки унинг қиймати;
г) 4 кг хурмо ёки унинг қиймати.
Тавсия сифатида қуйидагиларни қўшимча қилишимиз мумкин. Кам таъминланган кишилар 2 кг буғдой ёки унинг қийматини ёхуд 4 кг арпа унинг қийматини, ўрта ҳол кишилар 2 кг майиз ёки унинг қийматини, ўзига тўқ, бадавлат инсонлар 4 кг хурмо ёки унинг қийматини беришлари мақсадга мувофиқ бўлади.
Эслатиб ўтамиз бу йилги (2023-йил) фитр садақасининг миқдори Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2 кг буғдойдан – 12 минг сўм, 4 кг арпадан – 20 минг сўм, 2кг майиздан – 100 минг сўм, 4кг хурмодан – 180 минг сўп қилиб белгиланди.
Жавоб: