Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Фиқҳни енгил ўрганамиз. Покланиш масалалари

926

Аввало усти-бошларимизни ҳар хил нопокликлардан тоза тутишда нажосатлик ва нопоклик даражасини яхши англаб олишимиз керак. Чунки уларнинг орасида фарқ катталигидан айримлари таҳоратни ҳам синдирса, айримлари фақат кийимимизгагина таъсир қилади. Фуқаҳоларимиз шу нуқтаи назардан нажосатларни, асосан, икки турга бўладилар. Улар оғир нажосат ва енгил нажосатлардир.

 Оғир нажосат деб Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ фикрларида нажосат эканлиги ҳақида насс (оят карима ёки ҳадиси шариф) келган бўлиб, унинг муқобилига бошқа насс келмаган нарсаларга айтилади. Масалан, гўшти ҳалол ҳайвонларнинг нажосати, инсоннинг танасидан чиққан қон ва йиринг каби нарсалар. Буларнинг нажосат экани ояти карима ва ҳадиси шарифлар билан собит бўлган. Айни пайтда буларнинг ҳалол эканлиги ҳақида, бошқа ҳеч қандай насс келмаган. Шунинг учун буларнинг барчаси оғир нажосатлар туркумига киради. 

Умуман, оғир нажосатлар қуйидагилардир:

Инсон танасидан чиқадиган қон, йиринг, ахлат ва сийдик каби нопок нарсалар, (чунки инсондан гоҳида кўз ёш, балғам, сўлак, терлаш каби асли пок нарсалар ҳам чиқиши мумкин. Улар таҳоратни синдирмайди, кийимни нопок қилмайди), гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг тезак-у ахлатлари (сийдиги оғир нажосатга кирмайди), гўшти ҳалол бўлмаган ит, эшак каби ҳайвонларнинг сийдигу тезаклари, сичқон ва каламуш каби кемирувчиларнинг нажосатлари... буларнинг барчаси оғир нажосатлар тукумига киради. 

Инсоннинг манийси ҳам оғир нажосатдир. Аммо бу масалада бошқа фикрлар ҳам бор. Бошқа фикрдагилар ҳам манийни нажосат эканида хилоф қилмайди. Фақат унинг оғир ёки енгил нажосат эканида ихтилоф қилганлар. Бунинг сабаби эса бу ҳақда келган далилларнинг турли эканидир. Қисқаси маний, вадий, мазий каби эркак кишининг жинсий аъзосидан чиқадиган барча суюқ, ёпишқоқ моддалар оғир нажосатдир. 

Бу каби ажратишдан нима маъно, деган савол туғилиши табиий, албатта.

Маъно шуки, мазкур нажосатларнинг нажосат экани ҳақида насс келди. Аммо нажосат эмаслиги хақида эса насс келмади. Иккинчидан, мазкур нажосатларнинг миқдори ҳар бир инсоннинг ўз қўли кафтининг ўртасидаги кичик чуқурлик миқдорига етиши билан намозга яроқсиз бўлиб қолади. Яъни қўлингизни кафтини очиқ ҳолда таранг қилиб ёйиб турасиз. Ана шу ҳолатда кафт ўртасида билинар-билинмас кичик чуқурча ҳосил бўлади. Юқорида айтилган турдаги нажосатлар суюқ ҳолатда бўлиб тахмин шу миқдордан ошсагина намозга яроқсиз ҳолатга айланади. 

Аммо у миқдордан ошмаса у кийим билан намоз ўқиш жоиздир. Бу динимизнинг енгиллик томонидир. Аммо бемалол шароитда бўлса, уни ҳам ювиб олган яхши бўлади. 

Енгил нажосатларнинг ҳукми бундан енгилроқ. Уни кейинги мақоламизда эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Тоҳир Воҳид, 

Тошкент шаҳридаги “Умар ибн Хаттоб” масжиди имоми ноиби

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Таҳорат ва намоз фазилатлари

515 12:10 30.09.2021

Поклик ҳақида

3380 16:00 17.04.2021

Таҳорат ва намозни ўрганинг!

1161 14:00 20.03.2021

Аммо... 

2768 14:11 20.11.2020

Биласизми?

10542 15:50 16.10.2020
« Орқага