Эслатма олувчи борми?!
3. “Малики явмид дин” – У қиёмат кунининг подшоҳидир.
Яъни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло жазо ва ҳисоб кунининг молики – подшоҳидир. Ояти каримадаги “Молик” сўзи “мулк”, “малака” ўзагидан келиб чиққан бўлиб, эга, соҳиб, хўжайин, ҳоким каби маъноларни ифодалайди.
“Явмид дин” калимасини эса барча муфассирлар бир овоздан “қиёмат куни” эканлигига иттифоқ қилишган. Яъни, “дин” калимаси “ҳисоб-китоб қилиш” маъносини ҳам ифодалайди.
Аслида Аллоҳ таоло нафақат қиёмат кунининг, балки бу дунёнинг ҳам, умуман бутун борлиқнинг Молики – эгаси ҳисобланади. Бу дунёда кимнидир молик, подшоҳ деб аташса, бу мажозий маънода тушунилади. Ҳудди Қуръони Каримда “Албатта Аллоҳ сизларга Толутни малик – подшоҳ қилиб юборди”, дейилганидек.
Молик – подшоҳ қўл остидагиларга буйруқ беради, буйруқларига итоат этганларни мукофотлаб, осийлик қилганларни жазолайди. Қўл остидагиларнинг барча ишларини ўз зиммасига олади. Ояти каримада айнан “қиёмат кунининг молики” деб зикр қилишдан мақсад, у кунда Аллоҳ таолонинг жамики махлуқотлар устидан Ўзининг ҳикмати, адолати билан ҳақиқий Молик экани кўринади (зоҳир бўлади). Дунёдаги ўзини моликман – подшоҳман, деганлар оддий халқ билан, ҳурлар қуллар билан, бойлар фақирлар билан тенг – баробар ҳолатда бўладилар. Ҳамма Аллоҳнинг азамати олдида ҳокисор, ҳукмига бўйсунган ҳолда бўлади. Ҳақиқий Молик аслида ким эканини ана ўшанда англайдилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оятни тафсир қилиб: “Ҳеч бир кимса у кунда дунёдаги каби ҳукмга ҳақли эмас”, деган. Ва яна айтадики: “Явмуд дин – махлуқотлар ҳисоб қилинадиган кун – қиёмат кунидир. Бу кунда халойиқнинг амаллари ҳисоб қилинади, яхши бўлса яхши, ёмон бўлса ёмон. Фақат Аллоҳ авф қилганлари бундан мустасно”.
Юқоридаги уч оят бир бирига бевосита боғлиқ бўлиб, уларга биргаликда маъно берадиган бўлсак “Оламларинг Роббиси, Раҳмон ва Раҳим бўлган, қиёмат кунининг подшоҳи Аллоҳгагина ҳамдлар – мақтовлар бўлсин”, деган маъно келиб чиқади.
4. “Ийяака наъбуду ва ийяака настаъийн” – Сенгагина ибодат қиламиз, Сендангина ёрдам сўраймиз.
Дастлаб “Ийяака наъбуду” жумласини грамматик жиҳатдан таҳлил қилиб ўтсак. Аслида бу жумлани “наъбудука” кўринишида ифодалаб келтириш ҳам мумкин эди. Шунда ҳам “Сенга ибодат қиламиз” деган маъно англашиларди. Аммо ояти каримада тўлдирувчи (ийяка) эга ва кесимдан олдин зикр қилинди. Араб тили грамматикасига кўра, агар тўлдирувчи эга ва кесимдан олдин зикр қилинса, урғу тўлдирувчига қаратилаётгани ва маънонинг чеклангани тушунилади. Демак “наъбудука” деганда “Сенга ибодат қиламиз” маъноси тушунилади. “Ийяака наъбуду” деганда эса “Бошқаларга эмас, фақат Сенгагина ибодат қиламиз”, деган маъно келиб чиқади. “Ийяака настаъийн” жумласи ҳам худди шундай. Яъни, ҳеч кимга ибодат қилмаймиз, фақатгина сенга ибодат қиламиз. Ҳеч кимдан ёрдам сўрамаймиз, ҳеч кимга суянмаймиз, фақатгина сенга сиғинамиз. Мана шу икки жумла динимизнинг энг асосий ғоясини ўзида мужассам қилган. Баъзи салаф уламолар айтишганки, “Ийяака наъбуду” жумласи кўнгилни ширкдан оклайди, “Ийфака настаъийн” жумласи эса барча ишни Унга топширади.
Ояти каримадаги “Ибодат” сўзи ҳам турфа маънога эга. Имом Ибн Касир роҳимаҳуллоҳнинг айтишича, луғавий жиҳатдан “ибодат” – “ҳокисорлик” дегани. Шариатда эса энг комил муҳаббат, мукаммал итоат ва энг олий даражадаги қўрқувдан иборат амал ибодат дейилади. Тафсирус Саъдийда келишича, ибодат – Аллоҳ таолони рози қиладиган ҳар қандай ботиний ва зоҳирий амал ва сўз. “Истиъона” яъни ёрдам сўраш эса – манфаат талаб қилиш ва зарарларни даф этиши учун Аллоҳ таолога суянишдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оятни тафсир қилиб айтади: “Сени ягона деб биламиз, бошқадан эмас фақат Сендан қўрқиб, фақат Сендан умид қиламиз. Ибодат ва бошқа барча ишларда Сендангина ёрдам сўраймиз”.
Қатода розияллоҳу анҳу эса: “Аллоҳ таоло бу оят орқали сизларга ибодатда холис бўлишингизни ва барча ишларингизда Ундан ёрдам сўрашингизни буюрмоқда” деган.
Ушбу оятда биринчи бўлиб ибодат кейин эса ёрдам зикр қилинди. Муфассирларнинг фикрича бунда ҳам ўзига хос ҳикмат бор. Ибн Касирнинг фикрича, бунинг сабаби - У зотга ибодат қилиш асосий мақсад, ёрдам сўраш эса ана шу мақсадга элтувчи воситадир. Мақсад воситадан олдин туради. Бошқа муфассирларнинг фикрича, ибодатни ёрдам сўрашдан олдин зикр қилинишининг сабаби - ибодат Аллоҳнинг ҳаққи, ёрдам сўраш эса бандаларнинг ҳаққи. Аллоҳнинг ҳаққи банданинг ҳаққидан олдин туради.
Аллоҳнинг ибодатида қоим бўлиш ва фақат Ундан ёрдам сўраш абадий саодат калити, барча ёмонликлардан нажотдир. Банда ҳатто ибодат қилиш учун ҳам Аллоҳнинг ёрдамига муҳтож. Айнан шунинг учун ибодатдан кейиноқ ёрдам сўраш жумласи келган.