Франция черковларида 1950-йиллардан бери уч мингга яқин педофил руҳоний ишлаган. “Евроньюс”нинг хабар беришича, черковдаги жинсий жиноятларни текширган мустақил комиссия ана шундай хулосага келган.
Комиссия раиси Жан-Марк Сове аслида черковдаги педофиллар сони кўпроқ бўлиши мумкинлигини маълум қилди.
Текширув доирасида 6500 гувоҳнинг кўрсатмалари тингланди, полиция ва архив маълумотлари ўрганиб чиқилди. Шунингдек, кўплаб руҳонийлар сўроққа тутилди, улар орасида Ренн епархияси архиепископи Пьер Дорнелас ҳам бор. “Қурбонларнинг азоб-уқубатлари ҳақида ўйлаш жуда оғриқли. Мен зўравонларнинг ҳаракатлари учун уяляпман, ғазабдаман, мен буни тушуна олмаяпман”, – дейди у.
Жорий йил бошида Франция епископлари руҳонийлар орасида педофилия ҳолатлари учун черковнинг жавобгарликка тайёрлиги ҳақида резолюция қабул қилган эди.
Мустақил комиссия маълумотига кўра, Францияда 1950-йиллардан бери 10 мингга яқин бола педофилия қурбонига айланган бўлиши мумкин.