Франция ҳукумати Жазоир уруши билан боғлиқ суд ишлари ва полиция терговлари архивларидан махфийлик тамғасини олиб ташлади, дея хабар бермоқда РИА “Новости”.
“Жазоир архивлари” махфийлик муддати тугашидан 15 йил олдин очилиши ҳақида икки ҳафта олдин Франция Маданият вазири Розелин Башло-Наркин маълум қилган эди.
Ҳукумат қарори 1954 йил 1 ноябрдан 1966 йил 31 декабргача бўлган Жазоир урушига оид ишлар доирасида яратилган ва миллий архивларда сақланаётган давлат архивлари материаллари эркин тарқатилишини назарда тутади.
Қайд этилишича, ушбу материаллар полиция ва армия архивлари, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги ҳужжатларини ўз ичига олади. Ушбу ҳужжатларнинг барчаси 75 йил давомида сир сақланган, улардан фақатгина махсус рухсатнома билан фойдаланиш мумкин эди.
Жорий йилнинг март ойи бошида Франция президенти Эммануэл Макрон Жазоирдаги мустақиллик уруши (1954-1962) билан боғлиқ махфий архив ҳужжатларидан фойдаланишни соддалаштиришга қарор қилган эди. Қарорда 1971 йилгача бўлган ва "мутлақо махфий" тамғасига эга ҳужжатлар кўзда тутилган. Президент маъмуриятида таъкидланганидек, бундай тартиб тадқиқотчиларнинг архивлардан фойдаланиш учун кутиш вақтини қисқартиради.