Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Французча гапирадиган энг катта давлат

3400

Конго Демократик Республикаси (КДР; Конго-Киншаса) - Марказий Aфрикадаги давлат. Ҳудуди бўйича Саҳрои Кабир жанубида биринчи, Aфрика қитъасида (Жазоирдан кейин) иккинчи, дунёда ўн биринчи энг йирик давлат. 105 миллионга яқин аҳолига эга КДР дунёдаги энг кўп аҳоли яшайдиган расмий франкофон (француз тилида гаплашадиган) давлатдир.

Шунингдек, КДР Aфрикада аҳоли сони бўйича учинчи ўринда, дунёда 14 ўринда туради. Пойтахти ва энг йирик шаҳри - Киншаса. Француз тили - мамлакатнинг расмий тили. Киконго тилидан ташқари, лингала, суахили ва бошқа кўплаб миллий тиллар ҳам тан олинган. 2,3 миллион квадрат километрдан ортиқ майдонга эга бўлган ушбу мамлакат дунёдаги иккинчи энг йирик тропик ўрмон ҳудуди, Конго тропик ўрмони ҳудудида жойлашган. Конго франки - миллий пул бирлиги. БМТ, Aфрика Иттифоқи, COMESA каби ташкилотларга аъзо. 2015 йилдан бери мамлакатнинг шарқий қисми Киву ҳарбий можаро марказига айланган.

Конго ҳавзасида жойлашган КДР ҳудудига тахминан 3000 йил олдин Банту қабиласи муқим ўрнашган. XIV-XIX асрларда Ғарбий Конгода Конго қироллиги шу номдаги дарё атрофида ҳукмронлик қилган. Мамлакатнинг шимоли-шарқий, марказий ва шарқий минтақаларида Aзанде, Луба ва Лунда каби подшоликлар XVI-XVII асрлардан XIX асргача ҳукмронлик қилган.

1870 йилларда Конго ҳавзасида бельгияликлар биринчи тадқиқотларни ўтказишган. Бельгия қироли Леополд II 1885 йили Берлин конференциясида Конго ҳудудини ўзининг шахсий мулки деб эълон қилиб, мамлкатни Конго эркин давлати деб номлаган. Мустамлакачи ҳукумат маҳаллий аҳолини резина ишлаб чиқаришга мажбур қилган. 1885 йилдан 1908 йилгача 10 миллионга яқин конголик касаллик ва эксплуатация натижасида вафот этган.

Конго 1960 йил 30 июнда Конго Республикаси номи билан Бельгиядан мустақилликка эришган. Миллатчи Патрис Лумумба биринчи Бош вазир, Йозеф Каса-Вубу эса биринчи президент этиб сайланган. Конго инқирози пайтида ўзини Мобуту Сесе Секо деб атаган Йозеф Мобуту давлат тўнтариши орқали ҳокимият тепасига келиб, 1971 йили мамлакат номини "Заир" (барча дарёларни ютиб юборувчи дарё) деб ўзгартирганида, мамлакат бир партияли диктатура сифатида бошқарилган. Аммо ҳукумат борган сари заифлашиб, 1994 йилги Руанда геноцидидан кейин бошланган шарқий Конгодаги беқарорлик 1996 йилги Руанда томонидан босқинга учради. 1997 йили Биринчи Конго урушида Мобуту ҳокимиятдан четлаштирилган.

Лоран Кабила президентликка сайлангач, мамлакат номини Конго Демократик Республикасига ўзгартирган. Президент Кабила даврида Иккинчи Конго уруши (1998 - 2003) бошланган. Урушга тўққиз Aфрика мамлакати ва йигирмага яқин қуролли гуруҳлар қўшилиб, натижада 5,4 миллион киши ҳалок бўлган. Ушбу урушлар КДРни ўта оғир аҳволга олиб келган. Президент Лоран Кабила 2001 йил 16 январда қўриқчиларидан бири томонидан ўлдирилган. Саккиз кундан кейин эса унинг ўғли Йозеф ҳам ўлдирилган. Ушбу шахслар даврида мамлакат оммавий қашшоқлик ва очарчилик домига тушган эди. 2018 йили бўлиб ўтган мамлакат тарихидаги биринчи тинч сайловлардан сўнг Феликс Тшисекеди президентликка сайланган.

Конго Демократик Республикаси табиий бойликларга жуда бой бўлишига қарамасдан, сиёсий беқарорлик, инфратузилма инқирози, коррупция ва бир қатор жиддий муаммолардан азият чекмоқда. Пойтахт Киншасадан ташқари, иккита йирик шаҳар - Лубумбаши ва Мбужи-Майи ҳам кончилик марказлари ҳисобланади. КДРнинг энг йирик экспорт маҳсулоти қазилма минераллар хомашёси ҳисобланади. 2012 йили Хитой КДР экспортининг 50% дан ортиғини қабул қилган. 2019 йили КДР Инсон тараққиёти индексида 189 мамлакат орасида 175 ўринни эгаллаган. 2018 йил ҳолатига кўра, 600 мингга яқин конголик мамлакат маркази ва шарқидаги можаролардан қўшни давлатларга қочиб кетган. Икки миллион ёш бола очликдан ўлиш хавфи бор; урушлар 4,5 миллион одамни уйидан кўчиб кетишга мажбур қилган.

Ҳозирда мамлакат Киншаса шаҳар-провинцияси ва 25 вилоятга бўлинган. Вилоятлар 145 ҳудуд ва 32 шаҳарга бўлинган. КДРда 200 дан ортиқ этник гуруҳлар истиқомат қилади, уларнинг аксарияти банту халқларидир. Монго, Луба, Конго, Мангбету ва Aзанде халқлари биргаликда аҳолининг 45 фоизини ташкил қилади. Конго гуруҳи КДРдаги энг йирик этник гуруҳдир.

Дин

Насронийлик — КДР аҳолисининг асосий дини. 2018 йилги AҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, аҳолининг қарийб 96 фоизи насроний конфессияларининг аъзолари бўлган (уларнинг ярмига яқини католиклар; деярли ярми протестантлар). Аҳолининг 5 фоизидан камроғи бошқа христиан бўлмаган динларга эътиқод қилади. Конституция дин эркинлигини таъминлайди, лекин озчилик динларга, шунингдек Исломга нисбатан камситиш ҳаракатлари бўлиб туради.

Ислом

Ислом - Конго Демократик Республикасида озчиликни ташкил этувчи дин. Турли манбаларда мамлакат аҳолисининг бир фоизидан ўн фоизигача бўлган қисми мусулмон деб ҳисобланади. Ислом биринчи марта Шарқий Aфрика қирғоғидан XVIII-XIX асрларда араб савдогарлари томонидан олиб келинган. Конго мусулмонларининг аксарияти суннийлар бўлиб, шофеий ва моликий фиқҳий мазҳабларига амал қилишади. Мусулмон жамоалари чет элдан қўллаб-қувватланиб келади, хусусан, 1990 йилларда Ливия ҳукумати Конгонинг шарқий қисмида масжидлар қурилишини молиялаштирган. Бугунги кунда мусулмонларнинг аксарияти Маниема провинцияси, айниқса, Касонго ва Кинду шаҳарларида истиқомат қилишади. Масжидларнинг аниқ сони номаълум. Мамлакатдаги 200 дан ортиқ этник гуруҳ ўз тилларига эга бўлганлиги боис КДР масжидлари ҳақида жуда кам маълумот мавжуд.

Масжидлар

Кисангани масжиди

Кисангани масжиди - Конгонинг шимоли-ғарбий қисми, Кисангани шаҳридаги жоме масжиди. Тшопо провинциясидаги энг катта ва қадимий масжидлардан бири ҳисобланган ушбу масжид Aфрика-мусулмон меъморий услубида қурилган. Унинг битта марказий гумбази ва тўртта минораси бор. Ўрмонли ҳудудда жойлашган бу масжид, айниқса, қуёш ботиши пайтида чиройли тусга киради.

Киншаса марказий масжиди

КДРдаги энг катта ва муҳташам масжидлардан бири. Тахминан XX асрнинг ўрталарида қурилган бу масжид Киншасадаги энг гўзал масжид ҳисобланади. Икки қаватга эга масжид биносида қўшимча курслар учун хоналар мавжуд бўлиб, уларда турли курслардан тўгараклар йўлга қўйилган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Француз босқинчиларини мот қилган шайх ва... биз!

5594 10:40 19.04.2021
« Орқага