Шу кунларда Қоҳира шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов бугун Мисрнинг “Ал-Азҳар” мажмуаси Ислом тадқиқотлари академияси бош котиби Назир Муҳаммад Назир билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон ва Миср халқларини азалий муштарак анъана ва урф-одатлар, савдо-иқтисодий ва маданий гуманитар алоқалар ҳамда муқаддас Ислом динимиз қадриятлари боғлаб келади. Минг йиллар давомида Самарқанд, Бухоро ва Хивадаги мадрасалар каби Мисрнинг қадимий “Ал-Азҳар” диний таълим даргоҳи ҳам Шарқ ва Ғарб халқлари учун етакчи зиё масканлари ҳисобланган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва “Ал-Азҳар” ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб бормоқда. “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари, Бош имом шайх Аҳмад ат-Тоййибнинг 2018 йил октябрь ва 2020 йил март ойларида Ўзбекистонга ташрифлари доирасида эришилган келишувлар мамлакатларимиз диний-маърифий муассасалари ўртасида илм-фан, таълим ва дин соҳаларидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
“Ал-Азҳар”нинг Ислом тадқиқотлари академияси бош котиби Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида қатор жабҳаларда, хусусан диний ва дунёвий таълим ҳамда илм-фан ривожига йўналтирилган ислоҳотларни юқори баҳолади. Ўтган қисқа вақт ичида ушбу йўналишларда эришилган муҳим натижалар ва кўзланган истиқболли режалар Миср жамоатчилигида катта кизиқиш уйғотмоқда.
Учрашув чоғида миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, жаҳолатга қарши маърифат тамойиллари ҳамда Ислом динининг меҳр-оқибат, мўътадиллик, тинчлик, инсонпарварлик, дўстликни тараннум этувчи пок рисоласини халқаро майдонда тарғиб этишга қаратилган қўшма тадбирлар ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
«Ал-Азҳар» мажмуаси вакиллари билан диний-маърифий ва илмий тадқиқот, диний соҳа вакилларининг малакасини ошириш йўналишларида келишувларга эришилди.