Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ғарб иқтисодий тафаккурида судхўрликнинг ман этилиши

909

Янги асрдаги ғарб иқтисодиёт фанида ссуда фоизи тизимини фаол танқидчиларидан бири утопик социалист П. Ж. Прудон эди (1809-1865). Товарлар ва пуллар ўртасида жиддий тафовутларни кўрмаган Прудон олтин ва кумуш ўзининг хусусиятлари билан шартли умумэквивалент вазифасини бажарувчи сифатида хизмат қила олади деб ҳисоблади. Олим фоизни эксплуататорлик даромадининг асосий шакли сифатида кескин танқид қилди. Прудоннинг фикрича, агар фоиз йўқ бўлса, ишчилар капиталистдан ўз меҳнатлари маҳсулини пул тўлаб сотиб олишлари мумкин бўлар эди.

Прудон ўзининг назарий дунёқарашларини ўзи томонидан 1849 йилда ташкил этилган Ҳалқ банкида амалиётда қўллашга уринди. Ҳалқ банки товар ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилган товарларга алмаштириш учун уларга меҳнат талонлари деб аталувчи талонни берар эди, унда товар ишлаб чиқариш учун сарфланган меҳнат сони ёзиб қўйилар эди. Бу ишчи пуллар ҳам деб аталиб, уларга худди шу банкда мувофиқ сондаги товарларни олиш мумкин бўлган. Меҳнаткашлар банкдан фоизсиз кредит олишлари мумкинлиги кўзда тутилган. Тўла уч ой бўлмаган банк фаолияти мобайнида 12000 киши - асосан пролетарлар банкнинг ҳиссадорлари бўлдилар. Лекин тез орада Прудоннинг Халқ банки ўз фаолиятини тамомлади – уни ташкил этувчи ҳукуматга қарши фаолиятда айбланиб, ҳибсга олинди.

Буэнос-Айреслик немис тадбиркори Сильвио Гезелл (1862-1930) иқтисодий ривожланишга ссуда фоизининг салбий таъсири ҳақидаги масалани ўрганишга сезиларли ҳисса қўшди, у “Пул ишини ислоҳ этиш ижтимоий давлат сари йўл сифатида”, “Фоиз ҳақида янгича қарашлар” ва ўз ҳаётидаги энг асосий “Табиий иқтисодий тартиб” каби асарларнинг муаллифи ҳисобланади. Гезеллнинг илмий ишларини Ж. М. Кейнс юқори баҳолади.

Айрим вақтларда ўзининг товарлари нима учун тез ва юқори баҳода, айрим вақтларда жуда секин сотилишини таҳлил этган Гезелл, бунинг сабаби талаб ва таклифнинг ўзаро нисбати қонунларида эмас, балки пул бозоридаги пуллар баҳосида эканини хулоса қилди. Сотиб олиш фаоллиги фоиз ставкалари пастлигида ўсган, шу билан бирга фоиз ставкалари кўтарилган вақтда тадбиркор ўз товарларини сотишда муаммоларга дуч келган.

Натижада Гезелл, худди бошқа товар ва хизматлар сингари пул учун ҳам - йиллик 5% атрофида омбор харажатлари тизими тузиш лозимлиги ҳақида хулоса қилди. Бошқача айтганда, пулларни айланмага қайтариш ва пуллардан фойдаланганлик учун давлатга маълум бир миқдорни тўлаб туриш лозим бўлади.

Таклиф этилган табиий иқтисодиёт тартиби назариясидан кутилган ижобий натижани Гезелл, иқтисодиётни пул чайқовчилиги туфайли юзага келадиган нотекис ривожланишдан халос этишда кўрди. Фоиздан озод бўлган пулларни Гезелл “эркин пуллар” деб атади. Дастлабки қарашда утопик (хаёлий) хусусиятга эгадек туюлган Гезелл назариясини унинг давомчилари амалиётга тадбиқ этишга уриниб кўрдилар. 1930- йилларнинг ўрталарида Австриянинг Вергль шаҳри магистрати томонидан банкда жойлаштирилган мана шу миқдордаги ҳақиқий австрия шиллинги билан таъминланган эркин (фоизсиз) деб номланувчи шиллинглар шаҳарликларнинг розилиги ила муомалага киритилди. Фоизсиз пуллардан фойдаланганлик учун йиллик 12 фоиз (ойига 1%) миқдорида ҳақиқий шиллинг тўланадиган бўлди. Тўлов марка кўринишида ундирилиб, тўловчи томонидан банкнотанинг орқа тарафига елимлаб қўйилар эди. Агар банкнотада марка бўлмаса, у ҳақиқий эмас деб ҳисобланарди. Натижада шаҳар аҳли қўлларига тушган фоизсиз пулларни тезроқ сарфлашга ҳаракат қилар эдилар. Ҳатто солиқлар ҳам олдиндан тўланадиган бўлди.

Фақат бир йил ичида 5000 эркин шиллинг муомалада 463 марта бўлди - шу билан бир вақтда оддий австрия шиллинги муомалада 213 марта бўлди, холос. Бу 2315000 шиллинг (463*5000) миқдорида товарлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш имконини берди. Фоизсиз пулларни киритиш ишсизлик даражасини пасайтириш имконини берди, пуллардан фойдаланганлик учун тўловлар ижтимоий эҳтиёжларга ишлатилди.

Лекин Австрия Миллий банки фоизсиз шиллингларни киритишда ўзининг монопол ҳуқуқларига, энг аввало пулларни эмиссия қилиш ҳуқуқига тажовузни сезди. Шунинг учун, Верглдаги тажрибага бутун мамлакат бўйлаб ва ундан четда ҳам катта қизиқиш бўлишига қарамай, синов тўхтатилди.

Гезеллнинг ғояларини япон олими Йошито Отани янада ривожлантирди ва фоизсиз пулларни муомалага киритишнинг, ҳисобларга жойлаштирилган маблағлар учун тўлов олиш технологик усулини таклиф этди – энди банкноталарга марка ёпиштириш шарт бўлмай қолди.

Фоизсиз ёки холис пуллар назариясининг рифожланишига немис архитектори ва ҳаваскор иқтисодчи М. Кеннеди ўзининг “Фоизсиз пуллар ва инфляция: қандай қилиб ҳаммага хизмат қилувчи алмашинув воситасини яратиш мумкин” китоби орқали салмоқли ҳисса қўшди дейиш мумкин. М. Кеннеди фоизсиз пуллар ғоясини амалга оширишнинг муваффақиятини нафақат пул, балки ер ва солиқ ислоҳотлари ўтказишда ҳам деб билди.

Муқобил иқтисодий, шунингдек ислом иқтисодиёти концепциясини кўриб чиқар экан, тадқиқотчи уларни жамиятдаги ресурсларни қайта тақсимлаш масалаларида етарли даражада самарали эмас деб баҳолади. Буни шу билан изоҳлаш мумкинки, китоб ёзилган вақтда (1980-йилларнинг иккинчи ярми) Ғарбда ислом иқтисодиёти ҳақида айтарли ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас, исломий банк иши эса эндигина тикланиш босқичида эди. Шунинг билан бирга М. Кеннеди ўрта асрлар Европасида мавжуд бўлган брактеат пуллар (брактеатлар) зарб қилиш амалиётини идеаллаштирди, бу пуллар феодаллар, шаҳарлар, епископликлар томонидан муомалага чиқарилар ва бир муддат ўтгач, муомаладан олиниб, янги зарб этилган тангалар билан алмаштирилар эди. Бунда уларнинг қадри 25%га пасайтирилган (девальвация қилинган) ва мазкур қисми зарб қилиш учун солиқ сифатида ушлаб қолинган.

XX асрда ғарб иқтисодиёт фанида инқирозларнинг пул-кредит назарияси (Л. Минтс, Г. Симонс ва бошқалар) ва Ж. М. Кейнснинг инқирозлар назарияси маънавий тарафдорлари иқтисодий инқирозларнинг сабабларини кўриб чиқиб, пул-кредит омилининг такрор ишлаб чиқариш жараёнига таъсирини таҳлил этдилар. Лекин улар шундоқ ҳам ссуда фоизига асосланган тизимнинг ҳалокатли оқибатларини тўлақонли баҳолай олмадилар ва фақат алоҳида давлатлар пул-кредит сиёсатини[1] танқид қилиш билан чекландилар.

Марксизм нуқтаи-назаридан молиявий капитални пайдо бўлиши, монополиялар ҳукмронлиги ортиши билан бир қаторда империализм босқичидаги инқирозларни чуқурлаштирадиган сабаб сифатида кўриб чиқилади, пул-кредит сиёсатига урғу берадиган ғарбий концепциялар эса кўплаб инқирозларнинг асосий сабаби сифатида тўлақонли асосланмаган танқидга дучор бўлади.

Замонавий - илмий, шунингдек ғарб адабиётида ссуда фоизининг жамият иқтисодий ривожланишига ҳалокатли таъсири муаммоларига эътибор қаратадиган асарлар ноёб бўлмай қолди. Шу билан бирга бундай амалиёт ресурслардан нооқилона фойдаланишга олиб келиши ҳақидаги тўлақонли аниқ далиллар мавжудлигига қарамай, аксарият ғарблик муаллифлар ҳанузгача иқтисодий муносабатларда ссуда фоизини алмаштириб бўлмаслиги ва муҳимлиги ҳақидаги тезисларга асосланиб қолмоқдалар.

Манба: «Ислом иқтисодий модели ва замон»

Муаллиф: Ренат Беккин.

Таржимон: Ботирхўжа Жўраев

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 5 февралдаги 586-хулосаси асосида тайёрланган.


[1] Ғарб иқтисодчиларининг айрим журъатли таклифлари мусулмон олимлари томонидан тушуниш ила қарши олинди. Масалан, банк сектори барқарорлигини ошириш мақсадида қонундаги мажбурий заҳиралар миқдорини 100%гача етказиш тавсияси.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: битта мажлисда талоқнинг такрорланиши

326 22:05 24.01.2022

Қатағон қурбонлари: Носирбек тўқсабо Абдураҳимов

627 21:05 24.01.2022

Динимни ўрганаман: қазо рўза узлуксиз тутиладими ёки бўлиб-бўлибми?

435 20:10 24.01.2022

Исломий «Youtube» каналлар дайжести

228 19:30 24.01.2022

Ўзбекистоннинг яшаш учун қиммат давлатлар қаторидаги ўрни маълум бўлди

929 19:00 24.01.2022

Омикрон инсон танасига қандай кириши маълум қилинди

1036 18:30 24.01.2022
« Орқага