Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Газета ўлдими? 

2816

Радио ихтиро қилиниб оммалашганидаёқ газеталар келажагига шубҳа билан қаралган…

Газеталар тақдири ҳақида фикрлар билдириляпти, уларнинг келажаги йўқлиги ва ҳоказо. Лекин бир нарсани унутмаслигимиз керак, радио ихтиро қилиниб оммалашганидаёқ газеталар келажагига шубҳа билан қаралган, аммо улар яшаб қолди. Кейин телевизор, келажак яна туманлашди, бироқ газеталар босилаверди. Интернет, энди тамом дейилди, йўқ, газеталар ҳаётимизда бор.

Газеталар тарихига бир назар солсак. Дастлабки босма газета Пекинда чиққан “King pao” газетаси эди. 911 йилда таъсис этилган ушбу газета 1361 йилдан ҳафтада бир марта чиққан бўлса, 1800 йилдан кундалик газетага айланган эди.1450 йилда Германияда Иоаганн Гуттенберг томонидан босма пресси ихтиро қилиниши билан газета босиб чиқариш ишлари анча осонлашган.

Газета сўзи итальянча “gazzetta” сўзидан олинган бўлиб, чақа деган маънони билдиради, яъни XVI асрда янгиликлар варағини Венецияда бир чақага сотиб олишган.

Ҳозирги замонавий газеталарга яқин бўлган босма газеталар XVII асрда Европада босиб чиқарила бошлаган. XVIII асрнинг бошларида эса Россияда газета чоп этила бошлаган бир даврда Европа давлатлари матбуот соҳасида анча илгарилаган. Масалан, фақат Лондоннинг ўзида бир вақтда 10 тадан 20 тагача газета ва журналлар чиқиб турган.

Бизнинг ўлкаларда эса матбуот Европа ва Осиёдаги кўпчилик давлатларга қараганда анча кеч вужудга келган. Туркистоннинг маданий марказларидан бири бўлган Тошкент шаҳрида ўлканинг тўнғич газетаси “Туркестанские ведомости” 1870 йил 28 апрелда чиқа бошлаган, яъни тахминан 200-250 йил ортда қолганмиз.

Тўғри, «энди ривожланган давлатларда газеталар йўқ бўлиб кетгандан 200 йил ўтибгина бизда ҳам тамом бўлади», демоқчимасмиз. Аммо АҚШ, Европа мамлакатларида босма нашрлар тўлиқ тугатилса, бугунги кундаги глобаллашувни ҳисобга олган тақдиримизда ҳам газеталар бизда яна 30-40 йил яшаса керак. Бу бир авлод дегани ва биз хали ривожланган давлатларда босма нашрлар интиҳосини кўрмаяпмиз.

2019 йил 3-кварталида Россияда 41038 номдаги газета ва журналлар босилган. АҚШда эса «USA Today» ва «The Wall Street Journal» каби газеталарнинг кунлик адади хали ҳам 500 000 донадан пасаймаган.

Тўғри, Ўзбекистон ва улардаги аҳоли сони орасида катта тафовут бор, лекин шунда ҳам босма нашр ривожланишида фарқ катта.

Бу бизни хотиржам қилиб қўймаслиги керак, агар журналистикада ривожланиш бўлмас экан, очиқ-ойдин, реал статистика ва таҳлилларга асосланган мақолалар чиқмас экан, кучли маркетинг сиёсати юритилмас экан – бир куни бу соҳани йўқотиб қўямиз. Унинг ўрнига блогерлар томонидан юритиладиган ресурслар билан кифояланишимизга тўғри келади.

Жойи келганда айтиб ўтиш керак, ўз вақтида кучли журналистлар йўқлиги ёки уларнинг жуда ҳам камайиб кетгани ҳамда борларига берилмаган имкон блогерларни юзага чиқарди. Иш шу таҳлид давом этадиган бўлса, бир кун блоглар асосий ОАВ ролига ўтади ва, хоҳлаймизми-йўқми, нафақат босма газеталар, ҳатто уларнинг электрон талқинларига ҳам эҳтиёж қолмайди.

Электрон газеталар. Ривожланган давлатлардаги босма газеталарнинг яшаб қолишига, кўп ҳолларда, уларнинг электрон талқини чиқарилгани ҳам сабаб бўлди. Масалан, «USA Today» босма газетасининг кунлик адади 700 000 бўлгани ҳолда, интернет обуначилари 500 000 нафарни ташкил этади (https://en.wikipedia.org/wiki/USA_Today). Яъни «эски» ва янги технологиялар ҳамкорлиги яхши натижа берган.

Яна бир гап, босма газеталарни ривожлантириш пировард мақсад бўлиши керакмас. ОАВ соҳасини ривожлантириш асосий мақсад бўлиши керак, бунда босма газеталар керак бўлса, демак уларни ҳам ривожлантириш керак, устуворликни тўғри қўйишимиз керак.

Сўнгсўз ўрнида қизиқ бир маълумот билан ўртоқлашмоқчимиз. Бизда газеталарнинг келажаги борми-йўқми деб юрган вақтимизда Ҳиндистонда урду тилида чоп этилувчи «Мусалман» («Мусулмон») газетасининг асл нусхаси хали ҳам хаттотлар томонидан қўлёзма шаклида тайёрланади…

Ғайратхўжа Сайидалиев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Истанбул сафари таассуротлари: “Бир ҳовлида икки ибодатхона: масжид ва черков”

4744 19:49 11.12.2021

«Ал-Азҳар овози»да ўзбек олимининг мақоласи эълон қилинди

1757 08:05 08.11.2021

Афғонистон: моддий қийинчилик туфайли газета-журналлар ёпиляпти

695 16:05 23.09.2021

“Шарли Эбдо” аҳмоқона ишини яна такрорламоқчи

3076 18:10 01.09.2020

Газета Исломни ҳақорат қилгани учун узр сўради

1428 09:00 23.06.2020

Газеталарнинг куни битди деёлмайман, аммо... 

1344 02:30 28.04.2020
« Орқага