Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Гендер тенглиги» масаласи: Президент қарори бажарилмаганга ўхшайди

942

«Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 7 мартдаги ПҚ-4235-сон Президент қарорининг биринчи бандида 2019 йил 1 майдан аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилиниши ва тавсиявий характердаги аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати тасдиқланиши белгилаб қўйилган. Аммо қарорда кўрсатилган муддат ўтиб кетган бўлса-да, биз Интернет тармоғидан янги рўйхатни тополмадик.

Президент қарори ижроси ҳақидаги маълумотларни излар эканмиз, мавзу юзасидан бир нечта саволлар билан кўплаб ташкилотларга журналист сўровини юбордик.

  1. Аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ва касблар тавсиявий рўйхати тасдиқландими?
  2. Ушбу рўйхат билан қаерда танишиш мумкин? Иш берувчилар иш излаб келган номзодларни ушбу рўйхат билан таништириши керакми?
  3. Тавсиявий характердаги аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхатидаги касбларнинг бирини танлаган аёл кишининг ушбу рўйхатдан хабари бўлмаса, бунга ким жавобгар бўлади? 

Саволларни, аввало, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Кадирханова ҳамда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситхановага бердик. Эльмира Баситханова бу борада маълумотга эга эмаслигини, Малика Кадирханова эса ушбу қарор ижроси юзасидан кейинроқ батафсил маълумот беришини айтди. Лекин орадан қанча вақт ўтса-да жавоб келмади. Нафақат улардан, балки биз мурожаат қилган бошқа ташкилотлардан ҳам жавоб ололмадик. Малика Кадирханованинг ёрдамчисига телеграм орқали қилган мурожаатимизга “бу масалада асосий ижрочи Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан тўлиқроқ маълумот олишингиз мумкин” деган жавоб олдик, холос. Адлия вазирлиги матбуот котибига мурожаат қилганимиздан сўнг вазирликнинг электрон почтасига юборилган сўровга жавоб келди. Унда, жумладан, шундай дейилади:

“...Ушбу қарорнинг (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 7 мартдаги ПҚ-4235-сон қарори – таҳр.) 10-бандида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларини хотин-қизларнинг меҳнат ва тадбиркорлик ҳуқуқлари камситилиши ҳолатлари мавжудлиги нуқтаи назаридан инвентаризация қилиб, тегишли таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш юклатилган.

2021 йилнинг декабрь ойи ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базасида 30 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд бўлиб, ундаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ялпи хатловдан ўтказиш натижасида «Тавсиявий характердаги аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати» келиб тушмаганлиги аниқланди”.

Адлия вазирлиги томонидан берилган ушбу маълумотдан Президент қарори билан белгилаган топшириқ – «Тавсиявий характердаги аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати» тасдиқланмаган, деб хулоса чиқариш мумкин.

Аниқлай олганимиз шу маълумотлар. Балки сўров юборилган идораларнинг жавоби вазиятга ойдинлик киритар.

Дарвоқе, ПҚ-4235-сон қарорнинг 1-иловасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Т.К.Нарбаева бошчилигида вазирлик ва идоралар масъул раҳбарларидан иборат «Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси» таркиби тасқдиқланган. Балки улар Президент қарори ижросига бефарқ эмасдир?!

Ўйлаймизки, мутасадди ташкилотлар ушбу ҳолатга муносабат билдиришади, зеро гап аёл-қизларимиз ҳуқуқлари ҳақида кетмоқда. Уларнинг соғлиғи, камолоти миллат келажагини белгилайди.

Айтганча, «Қонунчилик маълумотлари миллий базаси (Lex.uz)»да «тақиқланган касблар» рўйхати бор, у ҳам бўлса рус тилида. Чет тилини билмайдиганлар нима қилсин? «Гендер тенглиги» деймиз-у, лекин аёл-қизларимизнинг бирламчи ҳуқуқларидан бири бўлмиш ахборот олиш ҳуқуқини чеклаб қўйган бўлмаймизми?

Нурбек Ғофуров

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Саудия Арабистони: аёллар учун иш имкониятлари кўпайтирилмоқда

524 08:05 18.02.2022

Истанбул сафари таассуротлари: “Бир ҳовлида икки ибодатхона: масжид ва черков”

5130 19:49 11.12.2021

«Гендер тенглиги диний таълимда ҳам бўлсин!»

1918 23:40 28.06.2021

Англияда “ота” ва “она”дан воз кечиш таклиф қилинди

3702 15:40 13.03.2021

Аёл ва жамият (3-мақола) 

1607 12:30 26.08.2020
« Орқага