Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Геосиёсий вазият, минтақада шаклланган сиёсий қарашлар

589

3.1.   Ўзбекистон давлатчилигини тушуниш учун, давлатнинг геосиёсий вазият борасидаги қарашлари, хавотирлари борасида ҳам ўйлаб кўриш мақсадга мувофиқ бўлади. Ўзбекистон давлатчилиги Россия-Украина урушини бу яқин ойлардан тугамайдиган, Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигига сиёсий ва геосиёсий босим шакллантирадиган жиддий омил сифатида кўриши эҳтимолга яқин. 

3.2.  Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги энг йирик урушлардан бири бўлган Россия-Украина уруши пост-совет ҳудудидаги аҳолиси бўйича Россия ва Украинадан кейинги учинчи давлат ҳисобланмиш Ўзбекистон давлат суверенитетига ҳам билвосита ва бевосита қўшимча зўриқиш омили сифатида кўрилиши, табиий. Мана шу фонда давлат раҳбарининг ваколатларини узайтириш – геосиёсий чайқалишларга маълум муддатли жавоб тариқасида ҳам кўрилиши аниқ. 

3.3.  Тасаввур қилиш мумкинки, Россия-Украина уруши ва унинг геосиёсий тирашувлари бу яқин 4-5 йилда тугамаслиги аниқ. Кўплаб омиллар қаторида, минтақадаги геосиёсий ноаниқлик ва зўриқишлар фонида Ўзбекистон давлатчилиги ўзининг асосий эътиборини геосиёсий мувозанат, яъни кўп векторли ва тенг векторли ташқи сиёсат олиб боришга қаратиб, пост-совет ҳудудидаги агрессив геосиёсий экспериментлардан Ўзбекистонни масофада сақлаш ниятида ҳам маъмурият ваколатларини чўзишдан манфаатдор бўлиши мумкин. 

3.4.  Шунингдек, шимолий давлатнинг энг марказий геостратегик лойиҳаларидан шу пайтга қадар масофа сақлаб келаётган Ўзбекистон, «пост-совет ҳудудидаги демократик экспериментлар, шимолий қўшнининг қўшимча агрессиясига, давлатимизнинг ички ишларга аралашувчига ҳам стимул берувчи омил бўлиши мумкин» деган қараш ҳам мавжуд бўлиш эҳтимоли юқори. 

3.5.  Марказий Осиё минтақасидаги, Кавказ ва Туркияда шаклланган сиёсий маданиятлар, қарашлар, ҳокимиятларнинг фикрлаш ҳамда ҳаракатланиш моделларининг таъсирини инкор қилиб бўлмайди. Марказий Осиёдаги давлатларда, маъмуриятларнинг ўз ваколатларини узайтириши еки узайтиришга мойиллиги сиёсий анъанага айланиб улгурган. Қўшни Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам ҳокимиятлар ўзининг конституциявий муддатлари доирасида алмашинув тизими шаклланиб улгургани йўқ. Қўшни Туркманистон ва Тожикистонда эса, республикачиликдан монархия томон мойиллик намоён қилинмоқда. 

3.6.  Туркий дунёнинг биринчи давлати бўлмиш Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған ҳам 2003-2014 йилларда Бош вазир сифатида ҳукуматни бошқарди. Туркия Конституциясини ислоҳ қилгач асосий ваколатлар Президентга ўтказилди ва 2014 йилдан буён ушбу қардош давлатнинг давлат раҳбари сифатида фаолиятда қолмоқда. Қолаверса, келаси 2023 йилги президентлик сайловларида ҳам, Эрдоған ўз номзодини қўйиш ва ютиш ниятида эканлигини билдирган. 

3.7.  Туркия нисбатан демократик давлат. Бу давлатда демократик институтлар фаолияти барқарор, мухолифат мавжуд, сиёсий партиялар кўп ва уларнинг фаолияти анча эркин. Шундай бўлсада, Туркиядаги мухолифатчи шахслар Эрдоғанни авторитаризмда айблайди ва унинг узоқ муддат ҳокимиятда қолишини танқид қилиб келишади. 

3.8.  Яқинда Ўзбекистонда давлат ташрифи билан келган Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳам 2003 йилдан буён ушбу қардош давлатнинг раҳбари сифатида бошқариб келмоқда. Тахмин қилиш мумкинки, Озарбайжон Президенти Илхом Алиев ҳам, Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған ҳам бу яқин йиллар ичида ушбу давлатлар ҳокимиятида қолишлари эҳтимоли жуда юқори. 

3.9.  Мўътадил авторитар деб эътироф этиладиган, демократик институтлар бошланғич шаклланиш палласида бўлган Озарбайжонда ҳам узоқ йиллардан буён Алиевлар сулоласи ҳокимиятда қолишига қарамасдан, давлат ватандошлик жамиятини қаттиқ бўғмайди, давлат ва жамият ўртасида қандайдир «ижтимоий келишув» бордек кўринади. Яъни Алиевларнинг ушбу давлат ҳокимиятида қолиши, жамиятнинг тараққиётига, ҳудудий яхлитлигига хизмат қилиши керак деган ёндашув сезилади. 2020 йилда Тоғли Қорабоғнинг қайтариб олиниши, Алиев ҳокимияти легитимлигини жуда юқори бир паллага олиб чиқди.

3.10.  Яқинда конституциявий ислоҳотлар ўтказган Қозоғистон, ушбу ислоҳотлар билан демократия томон маълум қадамлар ташлади. Лекин, янгиланган Қозоғистон Конституциясида ҳам, Президентлик ҳокимияти ўта қудратли бўлиб қолмоқда. Қабул қилинган ўзгаришларни, кўплаб экспертлар ва қозоқ мухолифати «чекланган» деб қабул қилди. Президент Қосим-Жомарт Тоқаев «ушбу ислоҳотлардан мақсад – Президент ваколатларини узайтириш эмас» деб баёнот бериши, минтақадаги демократик тенденциялар учун яхши янгилик ҳисобланади. Лекин ҳали жами бўлиб 7 йиллик ваколатлари сақланиб қолаётган ва ваколатлари тугаганда 76 ёшда бўладиган Тоқаевнинг жисмоний ва сиёсий ресурслари, бошқа қўшни давлатлар раҳбарларидан фарқ қилиши мумкин. 

3.11.  Кўп йиллар давомида парламент ваколатлари устуворлиги замирида ривожланиб келган қўшни Қирғизистон ҳам, конституциявий ислоҳотлар натижасида, кучайтирилган президентлик бошқарувига қайтишни лозим кўрди. Бунинг сабаби, ушбу давлатда муттасил сиёсий инқирозлар ва давлат тўнтатишлари замирида, марказий ҳокимият заифлиги ҳам асосий омиллардан бири эканлиги айтилди. 

3.12.  Россия Федерациясида, Марказий Осиё минтақасида, Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкор давлатлари бўлмиш туркий давлатларда демократик-ҳуқуқий давлатчиликнинг шаклланиб бориши, натижада, давлат олий ҳокимиятларининг ўз вақтида алмашиб туриши, Ўзбекистондаги давлат органлари ваколатлари ва муддатларини конституциявий чегаралар доирасида фаолият кўрсатиши учун ижобий таъсир қилади. Аксинча, агарки ушбу давлатларда, ҳокимиятлар ўз ваколатларини узайтиришни жорий сиёсий ва геосиёсий чақириқларга жавоб сифатида кўрса, бу Ўзбекистонга ҳам таъсир қилади.

Камолиддин Раббимов,

Azon.uz сайтининг сиёсий эксперти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Камолиддин Раббимов: «Ўзбекистон учун Қорақалпоғистон воқеалари имтиҳон бўлди»

839 20:45 20.07.2022

Қорақалпоғистон воқеаларига дунё муносабати

1134 09:40 17.07.2022

Давлат ва диний идоралар ўртасида ҳамкорлик бўлиши керак(ми?)

987 11:45 10.07.2022

Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига қандай ташқи кучлар раҳна солмоқда?

2031 21:30 05.07.2022

Камолиддин Раббимов: «Ватандошлик жамиятидаги хавотирлар ҳақида»

618 11:50 04.07.2022

Камолиддин Раббимов: "Давлатнинг бирлиги учун курашаётганларга тош отиш вақти эмас"

1342 10:31 02.07.2022
« Орқага