Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Гербида масжид тасвирланган давлат

845

Мали (расман Мали Республикаси) – Ғарбий Африкадаги денгизга чиқа олмайдиган мамлакат. Мали – Африкадаги саккизинчи энг йирик давлат, майдони 1 миллион 240 минг квадрат километрдан ошади. Аҳолиси 21 миллион киши. Ҳисоб-китобларга кўра, Мали аҳолисининг 67% ини 25 ёшгача бўлганлар ташкил қилади. Пойтахти ва энг катта шаҳри – Бамако. Суверен Мали давлати саккиз минтақадан иборат бўлиб, унинг шимолдаги чегаралари Саҳрои Кабир чўлининг ўртасига қадар етиб боради. Мамлакатнинг Нигер ва Сенегал дарёлари оқиб ўтувчи жанубий қисми Судан саваннасида жойлашган бўлиб, бу ерда аҳолининг аксарият қисми истиқомат қилади. Мамлакат иқтисодиёти қишлоқ хўжалиги ва тоғ -кон саноатига марказлашган. Малининг энг кўзга кўринган табиий бойликларидан бири олтиндир. Мамлакат олтин экспорти бўйича Африка қитъасида учинчи ўринда туради. Бундан ташқари, туз ҳам катта ҳажмда экспорт қилинади. Француз тили расмий тилдир.

Ҳозирги Мали бир вақтлар Саҳрои Кабир минтақасидаги савдони бошқарган Ғарбий Африканинг Гана империяси, Мали империяси ва Сонгхай империяси каби уч империя таркибига кирган. 1300 йилдаги ривожланиш чўққисида Мали империяси ҳозирги Франциядан икки баробар катта майдонни эгаллаб, ҳудуди Африканинг ғарбий соҳилигача чўзилган. XIX асрнинг охирида, Африка учун курашда Франция Мали устидан назоратни қўлга киритиб, Франция Суданининг бир қисмига айлантирди. Франция Судани (ўша пайтда Судан Республикаси деб аталган) 1959 йилда Сенегал билан бирлашиб, 1960 йилда Мали Федерацияси сифатида мустақилликка эришди. Кўп ўтмай, Сенегал федерациядан чиққанидан сўнг, Судан Республикаси ўзини мустақил Мали Республикаси деб эълон қилди. Узоқ муддатли бир партияли бошқарувдан сўнг, 1991 йилдаги давлат тўнтариши натижасида янги конституция ёзилди ва Мали демократик, кўп партияли давлат деб белгиланди.

2012 йил январь ойида мамлакат шимолида қуролли тўқнашув бошланиб, туарег қўзғолончилари шимолдаги ҳудудни ўз назоратига олишди ва апрелда Азавад деган янги давлат ажралиб чиққанини эълон қилишди. Можаро март ойида содир бўлган ҳарбий тўнтариш ва кейинчалик туарег ва бошқа исёнчи гуруҳлар ўртасидаги жанг туфайли тобора мураккаблашди. Ҳудудий эгаллашларга жавобан, француз ҳарбийлари 2013 йил январь ойида Сервал операциясини бошлашди. Бир ой ўтгач, Мали ва Франция қўшинлари шимолдаги кўп ҳудудларни қайтариб олишди.

2020 йилнинг бошида ҳозирда Мали муваққат президенти ҳисобланмиш Ассими Гоита иккита ҳарбий тўнтарувни амалга ошириб, ҳукуматни қўлга олди. Ҳали-ҳануз Мали нотинчлигича қолмоқда.

Илгари Мали дунёдаги энг буюк ва бой империялардан бири бўлган. Айниқса, Манса Мусо даврида энг юқори чўққисига чиққан. Ҳозирги кунда эса Мали дунёдаги энг қашшоқ мамлакатлардан биридир. Мали аҳолисининг 70 фоизи кунига 1 АҚШ долларидан кам пул топади ва атиги 10 фоизи кунига 2 АҚШ долларидан юқори даромад қилади. Бунинг асосий сабаби – турли ихтилофлар ортидан келиб чиққан ҳарбий тўқнашув ва вайронагарчиликлар.

Сайёрамизнинг Бош меридиани Малидан ўтиши эса жуда ҳам қизиқ. Агар сиз Малининг Гао шаҳрига ташриф буюрсангиз, Бош меридиан ўтадиган жойни кўриш имкониятига эга бўласиз. Сиз том маънода икки ярим шарнинг ўртасида туришингиз мумкин.

Малидаги ягона университет талабалар етишмаслиги туфайли ёпилган.

Дин

Малида Ислом асосий динидир. Аҳолининг 95 фоизи мусулмонлар, қолган 5 фоизи анъанавий динлар – Догон ёки насронийликка эътиқод қилади. Малиликлар орасида атеизм ва агностицизм камдан-кам учрайди. Мусулмонлар асосан тасаввуф тариқатлари таъсирида бўлган Моликий фиқҳ мактабига мансуб суннийлардир.

IX асрда барбар ва туарег мусулмонлари Исломни жанубга, Ғарбий Африкага ўзлари билан олиб келишган. Исломнинг минтақада тарқалишига тасаввуф шайхлари ҳам мисли кўрилмаган ҳисса қўшишган. Аҳолининг аксарият қисми ягона динга эътиқод қила бошлагач, жуда тез фурсатда Тимбукту, Гао ва Кано каби шаҳарлар Ислом таълимининг халқаро марказларига айланди.

Мали империясининг таъсирини Нигер дарёсининг Тимбукту, Гао ва Женне каби йирик шаҳарларигача кенгайтирган Манса Мусо (1312–1337) тарихда ўчмас из қолдирган. Диндор мусулмон бўлган Мусо ўз даврида кўплаб йирик масжидлар қурдиргани билан машҳур бўлган.

Конституция Малини дунёвий давлат деб белгилаш билан бирга дин эркинлигини ҳам таъминлайди ва ҳукумат амалда бу ҳуқуқни ҳурмат қилади. Мусулмонлар ва диний озчилик ўртасидаги муносабатлар одатда дўстона бўлиб, мусулмон ва мусулмон бўлмаган хорижий миссионерлик гуруҳларига рухсат берилган.

Мали масжидлари

Айюб масжиди

Айюб масжиди – Бамако шаҳридаги масжид. Масжид Туркия ҳукумати томонидан тўлиқ молиялаштирилган 3,5 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ ҳисобига қурилган. Қурилиш 2012 йилда бошланиб, 2013 йилда якунланган. Масжид Усмонли меъморий услубида қурилган. Масжид деворлари мармардан ясалган ва Туркиядан олиб келинган рангли ойналар билан тўлдирилган.

Бамако масжиди


 

Буюк Бамако масжиди – Бамако шаҳар марказидаги масжид. Мустамлакадан олдинги лой ғиштдан қурилган масжид ўрнида барпо этилган ҳозирги масжид 1970 йилларнинг охирида Саудия Арабистони ҳукумати маблағлари ҳисобига қурилган. Бамакодаги энг баланд иншоотлардан бири бўлган ушбу масжид Нигер дарёсининг шимолида, марказий бозор ва мустамлакачилик давридаги Бамако собори яқинида жойлашган. Бино стилистик жиҳатдан Саудия масжидларига ўхшаш. Масжид шаҳарнинг кўп жойларидан кўринади ва вақти-вақти билан сайёҳлар учун очилади.

Мопти масжиди

Буюк Мопти масжиди (Комогел масжиди сифатида ҳам танилган) ғ – Мопти вилоятининг Мопти шаҳрида жойлашган масжид. Масжиднинг ўзи ёпиқ бино ва ҳовли, шунингдек, 2-3 метрли ҳимоя деворидан иборат. Масжид қурилиши 1908 йилда бошланган. Иншоот 2009 йил 19 мартда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига “Маданият” тоифасида киритилган.

Женне масжиди

Женне Буюк Масжиди – кўпгина меъморлар Судан-Саҳелиан архитектура услубининг энг катта ютуқларидан бири деб ҳисоблайдиган катта хом ғиштдан қурилган масжид. Масжид Малининг Женне шаҳрида, Бани дарёсининг тошқин текислигида жойлашган. Биринчи масжид XIII аср атрофида қурилган, аммо ҳозирги тузилиши 1907 йилга тўғри келади. Женне жамоатининг маркази бўлиш билан бир қаторда, иншоот Африкадаги энг машҳур диққатга сазовор жойлардан биридир. “Женненинг эски шаҳарлари” билан бир қаторда ушбу масжид 1988 йилда ЮНЕСКО томонидан Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Женне Буюк масжиди ўрта асрларда Африкадаги энг муҳим исломий таълим марказларидан бири ҳисобланган, минглаб талабалар Женне мадрасаларида Қуръон ўқиш учун келишган. Ушбу масжид Малининг гербида тасвирланган.

Нионо масжиди

Буюк Нионо масжиди – Мали жанубидаги Сегоу вилоятининг Нионо шаҳрида жойлашган масжид. Масжид 1948 йили қурилган бўлиб, бугунги кунда 1800 квадрат метр майдонни эгаллайди. Нионо шаҳридаги халқаро миқёсда энг эътироф этилган жой сифатида 1983 йили архитектураси учун Ага Хон мукофотига сазовор бўлган. Объект 2008 йил 19 мартда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига “Маданият” тоифасида киритилган.

Саид Яҳё масжиди

Саид Яҳё масжиди Малидаги Тимбукту масжиди ва мадрасасидир. Масжид қурилиши 1400 йилда Тимбукту шайхи Мухтар Ҳамалла бошчилигида бошланган ва милодий 1440 йилда тугатилган. Масжид ўзининг биринчи имоми Саид Яҳё Таделсий номи билан аталган. Масжид Тимбукту университети таркибига киради, унга Саид Яҳё, Джингуеребер ва Санкоре мадрасалари киради.

Фахриддин Расул ўғли тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброни рад этиш

237 22:05 03.12.2021

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг Ўзбекистон бозорларидаги нархи маълум қилинди

403 21:00 03.12.2021

Динимни ўрганаман: Қуръоннинг ўзбекча таржимасини ўқиса хатм қилган ҳисобланадими?

634 20:05 03.12.2021

Москва: давлатга хиёнат қилган Россия фуқароси ҳибсга олинди

422 19:05 03.12.2021

Президент ташаббуси билан қурилган масжид ёпиб қўйилдими? Адлия бошқармаси муносабат билдирди

1229 18:10 03.12.2021

«Барча мустақил туркий давлатлар умумий байроқ остида бирлашди» – Бағдод Амриев

827 17:30 03.12.2021
« Орқага