Германияда ўтказилган тадқиқотларга кўра, немислар орасида ўзини протестант черковига мансуб деб биладиганларнинг сони 28 фоизга, католик черкови қавмининг сони эса 25 фоизга тушиб қолган. 1995 йилда бу рақамлар 37 ва 36 фоизни ташкил этган эди.
Қайд этилишича, черковлардаги жинсий тажовуз ва педофилия ҳолатлари ошкор этилиши ортидан охирги йилларда черковга қатнайдиганларнинг сони шитоб билан камаймоқда.
Немис жамиятида насронийликнинг аҳамияти камайиб бораётган бўлса-да, сўровномада қатнашганларнинг 70 фоизи насронийлик дини Германиянинг бир парчаси эканлигини таъкидлаган. Иштирокчиларнинг атиги 17 фоизи ислом дини ҳам Германиянинг бир парчасига айланганини айтган.
Сўровномада “Исо Масиҳ Тангрининг ўғли” деб ишонадиганларнинг сони ҳам камайиб бораётганини кўрсатди: 1989 йилда немисларнинг 56 фоизи шундай эътиқодда эди, ҳозир эса бу кўрсаткич 37 фоизга тушган. Бундан ташқари, “Ота, ўғил ва муқаддас руҳ” эътиқодига ишонадиганларнинг сони 39 фоиздан 27 фоизга тушиб қолган.