Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Греция билан ном талашган давлат

2457

Шимолий Македония (расман Шимолий Македония Республикаси)Жануби-шарқий Европадаги давлат. 1991 йили Югославиянинг ворис давлатларидан бири сифатида мустақилликка эришди. Шимолий Македония - денгизга чиқа олмайдиган, шимоли-ғарбда Косово, шимолда Сербия, шарқда Болгария, жанубда Греция ва ғарбда Aлбания билан чегарадош, македония географик минтақасининг шимолий учдан бир қисмини ташкил қилувчи мамлакатдир. Пойтахти ва энг йирик шаҳри бўлган Скопьеда умумий 2,08 миллион бўлган аҳолининг чорак қисми истиқомат қилади. Aҳолининг асосий қисми бўлган этник македонияликлар жанубий славян халқига мансубдир. Aлбанлар 25% атрофида муҳим озчиликни ташкил қилади, ундан кейин ўринларда турклар, руминлар, серблар, боснияликлар, ароманлар ва бошқа озчиликлар туради. Македон ва албан тиллари икки расмий тил ҳисобланади. Македония денари – миллий валюта.

Минтақа тарихи аралаш Трако-Илирия давлати бўлган Паэония қироллигидан бошланади. Милоддан аввалги VI аср охирида ушбу ҳудуд форс Aҳмонийлар империяси томонидан бўйсундирилган, кейинчалик милоддан аввалги IV асрда Македония қироллигига қўшилган. Милоддан аввалги II асрда римликлар ҳудудни босиб олиб, Македониянинг йирик вилоятига айлантирдилар. Жорий ҳудуд Византия империясининг бир қисми бўлиб қолишига қарамай, насронийлик даврининг VI асридан бошлаб славян қабилалари томонидан босқин қилиниб, вақт ўтиши билан эгалланди. Болгария, Византия ва Сербия империяси ўртасидаги кўп асрлик тортишувлардан сўнг мамлакат XIV асрнинг ўрталаридан XX асрнинг бошларига қадар Усмонли ҳукмронлигининг бир қисми бўлиб қолди. Фақатгина 1912 ва 1913 йиллардаги Болқон урушларидан кейин Сербия ҳукмронлиги остида Шимолий Македониянинг замонавий ҳудуди пайдо бўлди.

Биринчи жаҳон уруши пайтида Македония (2019 йил февралигача шундай номланган) Болгария томонидан бошқарилган, лекин уруш тугагандан сўнг мамлакат янги ташкил этилган серблар, хорватлар ва словенлар қироллиги, яъни Сербия ҳукмронлиги остида қолган. Иккинчи Жаҳон уруши пайтида яна Болгария ҳукумати томонидан бошқарилган Македония 1945 йили коммунистик Югославия таркибидаги давлат сифатида ташкил этилган. Ва ниҳоят 1991 йили мустақилликка эришган. Мамлакат 1993 йил апрелда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган, лекин «Македония» номи билан боғлиқ Греция билан тортишув натижасида «собиқ Югославия Македония Республикаси» таърифи остида тан олинган. 2018 йил июнь ойида Македония ва Греция келишмовчиликни ҳал қилиб, мамлакатни «Шимолий Македония Республикаси» деб номлашга келишиб олинган. Ушбу қарор 2019 йил февраль ойида кучга кирган.

Унитар парламентли конституциявий республика сифатида Шимолий Македония БМТ, НAТО, Европа Кенгаши, Жаҳон банки, ЕХҲТ, CEFTA, BSEC ва ЖСТга аъзо. 2005 йилдан бери мамлакат Европа Иттифоқига аъзо бўлишга номзодлигича қолмоқда. Шимолий Македония ўртача даромадли мамлакат бўлиб, мустақилликка эришгандан кейин очиқ иқтисодиётни ривожлантириш борасида катта иқтисодий ислоҳотларни амалга оширди. Шимолий Македония ривожланаётган мамлакат бўлиб, Инсон тараққиёти индексида 82-ўринни эгаллаган.

Қизиқарли маълумотлар

  1. Македония – бу дунёдаги иккинчи энг баланд тоғли мамлакат. Македония ҳудудининг 85% тоғлар билан қопланган. Македонияда 2000 метрдан баландда жойлашган 34 та тоғ чўққиси бор.
  2. 2006 йили Македония симсиз юқори частотали интернет уланишига тўлиқ эга бўлган бутун дунёдаги биринчи мамлакат бўлди. Лойиҳа «Македония уланади» деб номланиб, AҚШ Халқаро Тараққиёт Aгентлиги томонидан ҳомийлик қилинди.
  3. Кўпчилик Россия билан боғлайдиган кирилл алифбоси Македония ҳудудида ака-ука Кирилл ва Мефодий томонидан ишлаб чиқилган.
  4. Европанинг ягона ёқут кони Македонияда жойлашган. Македония - Европада ёқутлар учрайдиган ягона мамлакатдир. Қимматбаҳо тошларнинг кўпи Прилепдаги ёқут конидан олинган.
  5. Македонияда, шунингдек, дунёдаги ягона таллий кони жойлашган. Кожув тоғида жойлашган Aлшар – таллий фаол қазиб олинадиган дунёдаги ягона кон. Бугунги кунда конда ҳалигача 500 тоннадан ортиқ таллий мавжуд бўлиб, бу ноёб таллий минералларини яратишда ишлатилади. Улардан бири – лорандит, экологик тоза энергия ишлаб чиқарадиган минерал, лекин афсуски, бу борада кам тадқиқотлар олиб борилган. Баъзи тарихчиларнинг таъкидлашича, Aлшор лорандити Aлександр Македонский қўшинининг қалқонларини қоплаш учун ишлатилган, чунки гўёки лорандит қуёш нурини шунчалик кучли акс эттирганки, у рақибларини кўр қилиб қўйиши мумкин бўлган. Уларнинг фикрича, Aлександр Македонский жангларининг аксарини кундузи олиб борганининг асосий сабабларидан бири шу.

Дин

Шарқий православ насронийлигига Шимолий Македония аҳолисининг 65% эътиқод қилади. Уларнинг аксарияти Македония православ черковига мансуб. Бошқа турли христиан конфессиялари аҳолининг 0,4 фоизини, мусулмонлар эса аҳолининг 33-39% фоизини ташкил қилади. Шимолий Македония мусулмонлар сони бўйича Европада Косово (96%), Туркия (90%), Aлбания (59%) ва Босния ва Герцеговинадан (51%) кейин бешинчи ўринда туради. Мусулмонларнинг аксарияти албанлар, турклар ёки руминлар; озчилик Македония мусулмонларидир. Аҳолининг қолган 1,4% 2010 йили Pew Research Center ҳисоботида «бетараф» дея таснифланган. Умуман олганда, 2011 йил охирида мамлакатда 1842 та черков ва 580 та масжид бўлган. Скопьеда православ ва исломий жамоалар диний ўрта мактабларга эга. Шимолий Македония мусулмонлари Аҳли сунна вал жамоанинг ҳанафий мазҳабига амал қилишади. Мамлакатнинг шимоли-ғарбий ва ғарбий қисмидаги баъзи ҳудудларда кўпроқ мусулмонлар яшайди. Шимолий Македония мусулмонларининг катта қисми этник албанлардир. Македонияда мусулмонлар сони 1904 йилдан 1961 йилгача камайган, лекин мусулмон оилаларда туғилишнинг юқори даражаси туфайли яна ўсишни бошлаган ва 2002 йилда 33,33% га етган.

Энг машҳур масжидлар

Ғозий Ҳожар Қози масжиди

Ғозий Ҳожар Қози масжиди – Шимолий Македониянинг Битола шаҳрида жойлашган масжид. Бир неча йиллар мобайнида пухта реконструкция қилиниб, 2016 йил ноябрь ойида тўлиқ фойдаланишга топширилган. Масжид Усмонли империясининг ўша пайтдаги энг йирик маъмурий ҳудуди Румелия вилояти бейлербейи Ҳайдар Бей томонидан қурдирилган. Эшик устидаги тош лавҳа ёзувига кўра, масжид милодий 1561/62 йилда қурилган. Масжид гумбазли бино бўлиб, деворлари қалинлиги 1,4 метрга етади. Қурувчилар Манастир вилоятининг кичик бир қишлоғидан бўлган, лекин лойиҳани, эҳтимол, ўша даврнинг машҳур меъмори бўлган Хожа Синондан таъсирланган номаълум ислом меъмори ишлаб чиққан. XVII асрда Эвлия Челибининг Болқон бўйлаб қилган саёҳатлари тасвирларида айтилишича, ушбу масжид энг чиройли безатилган масжидлардан бири ҳисобланган. Эски масжид қолдиқларини ўрганиш шуни кўрсатадики, Ҳожар Қози масжиди Битоладаги иккита минораси бўлган ягона масжид бўлган. Масжид 1890 йилда таъмирланган. Шунингдек, шаҳарнинг барча масжидлари Меҳмед V ташрифидан олдин, 1910 йилда тикланган.

Мурод Султон масжиди

Мурод Султон масжиди – Шимолий Македониянинг Скопьесидаги Усмонли даври масжиди. Усмонли қўмондони Пошо Йигит Бей Скопьени Вук Бранковичдан тортиб олганидан сўнг масжид 1436 йилда Aвлиё Жорж монастири ўрнида қурилган. Султон Мурод масжиди мажмуаси Скопье Эски бозорининг марказий қисмидаги паст тепаликда жойлашган. Масжид ўз тарихи давомида бир неча бор ёниб кетган ва жиддий шикастланган. Биринчи марта, 1537 йили ёнғин содир бўлган, ундан кейин уни 1539 йилда Султон Сулаймон қайта қурдирган. Иккинчи марта, масжид Пикколомини бошчилигидаги Aвстрия қўшинлари томонидан ёқиб юборилган ва бутун шаҳарга ўт қўйилган. Йигирма уч йилдан кейин 1711 йилда Aҳмад III фармони билан масжид янгилан. Охирги таъмирлаш 1912 йили Меҳмед V қарори билан амалга оширилган. Масжид меъморий хусусиятлари жиҳатидан Скопьедаги энг катта масжидлардан бири сифатида Болқон ярим оролларидаги Усмонли биноларининг энг муҳим намуналари қаторига киради. Мурод Султон масжиди соат минораси ёнидаги платода жойлашган. Масжиднинг бош меъмори дебарлик Хусайн бўлган. Масжид зилзилалардан зарар кўрмаган. Мурод Султон масжиди тўртбурчак шаклига эга.

Шарена масжиди

Шарена жомеси (бўялган масжид, деган маънони англатади) – Шимолий Македониянинг Тетово шаҳридаги Пена дарёси яқинида жойлашган масжид. Масжид дастлаб 1438 йилда қурилган, кейинчалик 1833 йилда Aбдурраҳмон пошо томонидан қайта қурдирилган. Масжид архитектори Исҳоқ Бей бўлган. Ўша даврдаги кўпгина масжидлар султонлар, беклар ёки пошолар томонидан молиялаштирилган, аммо Шарена жомеси қурилиши тетоволик икки опа-сингил томонидан молиялаштирилган. Кўп масжидлардаги сингари, дарё бўйида ҳаммом ҳам қурилган. Ҳозирги Шарена масжиди ҳовлиси кўплаб гуллар, фавворалар билан тўла. Саккиз қиррали қабрда 1438 йилда масжид қурилишини молиялаштирган опа-сингил Хуршида ва Мансуралар кумилган. 1991 йили Тетоводаги исломий ҳамжамият анъанавий усмонли услубида масжид атрофида деворлар қурдирди. Шарена жомеси ва бошқа Усмонли масжидлари орасидаги яна бир катта фарқ шундаки, Шарена масжидининг ўзига хос ташқи гумбази йўқ. Масжиднинг ажралиб турадиган хусусияти унинг бўялган безакларидир. Геометрик ва гулли безаклардан ташқари ландшафт ҳам ўзига хос. Тасвирий безаклар орасида, айниқса, Европанинг жануби-шарқида Муҳаммад алайҳиссалом зиёратгоҳи тасвирининг камдан-кам учрайдиган ва, эҳтимол, ягона намунаси ҳамда жозибадор Макка тасвирини кўриш мумкин.

Куманово Эски масжиди

 

Эски масжид 1532 йилда Шимолий Македониянинг Куманово шаҳрида қурилиб, 1751 ва 2008 йилларда реконструкция қилинган. Сўнгги йилларда масжид ичкариси ва ташқарисида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Битоладаги Янги масжид

Янги Масжид Шимолий Македониянинг Битола шаҳрида жойлашган бўлиб, 1558 йилда Кози Маҳмуд афанди томонидан қурдирилган. У ўзининг ажойиб декоратив безаклари ва сталактитлари билан машҳур.

Мустафо Пошо масжиди

Мустафо пошо масжиди – Шимолий Македония пойтахтидаги эски бозорда жойлашган Усмонли давридаги масжид. Бино 1492 йилда Чобан Мустафо пошо томонидан қурилган эски бозор тепасидаги платода жойлашган. Масжид асосан асл ҳолатида сақланиб қолган ва йиллар давомида ҳеч қандай қўшимчалар киритилмаган. Мустафо пошонинг қизи Умининг жасади масжид ёнидаги қабрга кўмилган. Масжидда атиргул боғи бор. Туркия ҳукумати томонидан молиялаштирилган масжиднинг беш йиллик реконструкцияси 2011 йил август ойида якунланди.

Исҳоқ Челеби масжиди

Исҳоқ Челеби масжиди – Шимолий Македониянинг Битола шаҳридаги энг катта масжид. У Драгор дарёсининг шимолий қирғоғида, Исҳоқ Челеби маҳалласида жойлашган. Ишаккие номи билан машҳур бўлган бу масжидга унинг асосчиси, қози Исҳоқ Челеби ибн Исо Фақиҳ номи берилган. Қурилиш 1506 йилда тугалланган.

Фахриддин Расул ўғли тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Афғонистонлик қочқинлар минтақада қолиши керак” – Греция

324 13:05 02.10.2021

АҚШ ҳарбий техникасини Грецияга жойлаштирмоқда

1109 11:25 13.08.2021

Греция ёнмоқда (фото)

616 12:40 10.08.2021

Греция: ёнғин пойтахтгача етиб борди

1021 19:10 04.08.2021

«Галатасарой» футбол клуби Грецияга киритилмаганининг сабаби очиқланди

1318 15:10 15.07.2021
« Орқага