Зурабишвили Грузия ҳукуматини мамлакатнинг Европа Иттифоқига номзод мақомини ололмаганида айбдор, деб ҳисоблашини айтди.
Грузия президенти Саломе Зурабишвили мамлакат ҳукуматини ташқи сиёсат курсини ўзгартиришга уринишда айблади, деб ёзади “Новости-Грузия”. Бу ҳақда сиёсатчи парламентдаги йиллик чиқиши чоғида маълум қилди.
“Сиз халққа Грузия Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза топширишига ваъда берган ҳукумат эдингиз. Ҳукмрон партия бир овоздан Европа йўли - бизнинг цивилизацион танловимиз, деганди. Сиз ким тарафдасиз, нега халқ иродасидан, улардан олган мандатдан четга чиқдингиз? Сиз секин-аста ўзгариб бораётган ҳукуматсиз”, деди Зурабишвили.
Президентнинг таъкидлашича, унда ҳукуматга нисбатан илк шубҳа белгилари 2019 йилда, Давлат Думаси депутати Гаврилов Тбилисига таклиф қилинганида пайдо бўлган.
Aммо у ташқи сиёсатдаги ўзгаришларнинг бошланишини Бидзина Иванишвили сиёсатдан кетишини эълон қилган 2021 йил билан бевосита боғлади. “Янги йўналиш учун ким масъул экани борасида катта тушунмовчилик шу ерда бошланади”, деди Зурабишвили.
Зурабишвили Грузия ҳукуматининг қилмиши мамлакатнинг Европа Иттифоқига номзод мақомига эга бўлиш эга бўлиш йўлидаги ҳаракатларини чиппакка чиқарганини таъкидлади.
"Охирги икки йил ичида биз Россияни ғазаблантирмасликка ҳаракат қилдик, буни тушунса бўлади, аммо нега дўстларимиз ва ҳамкорларимизга худди шундай хушмуомалалик ва эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлмаётганимиз тушунарсиз. Алал-оқибат бизни доимо қўллаб-қувватлаб келаётган Европа давлатлари билан дипломатик муносабатларни буздик. Охирги икки йилдаги риторика ва ҳаракатларингиз билан сиз 9 йиллик бошқарувингиз йўналишини ўчириб ташладингиз ва ўзгартирдингиз, халқингиз ва сайловчиларингиз иродаси ва мандатидан четга чиқдингиз. Буларнинг барчаси натижасида 2022 йил 17 июн куни Грузия номзод мақомини ололмай қолди”, деди Грузия президенти.