Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Гўшт кам ейиладиган, дарахтлари «юрадиган» давлат

4147

Малайзия – Жануби-Шарқий Осиёдаги давлат. Федерал конституциявий монархия бўлган Малайзия Жанубий Хитой денгизи билан икки минтақа, ярим орол ва Борнеонинг Шарқий Малайзия минтақасига ажратилган ўн учта штат ва учта федерал ҳудуддан иборат.

Малайзия ярим ороли Таиланд билан қуруқлик ва денгиз чегараси, Сингапур, Вьетнам ва Индонезия билан денгиз чегарасига эга. Шарқий Малайзия эса Бруней ва Индонезия билан қуруқлик ва денгизда, Филиппин ва Вьетнам билан эса денгизда чегарадош. Куала-Лумпур пойтахт, энг йирик шаҳар ҳамда федерал ҳукуматнинг қонунчилик палатаси жойлашган ўрнидир. Узоқ бўлмаган жойда режалаштирилган пойтахт бўлмиш Путражая эса маъмурий пойтахт ҳисобланади; федерал ҳукуматнинг ижроия ҳокимияти (Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар) ҳамда суд ҳокимияти ваколатхоналари шу ерда жойлашган. Тахминан 330 минг квадрат километр майдон ва 33 миллиондан ортиқ аҳолига эга Малайзия аҳоли сони бўйича дунёда 43-ўринда туради. Малайзия ринггити миллий пул бирлигидир.

Малайзия подшоҳликлари қадимдан маълум бўлган. XVIII асрдан бошлаб Малай қиролликлари Британия империясига бўйсунган. 1946 йилда Малайзия ярим ороли Малайзия иттифоқи сифатида бирлаштирилди. Ўша даврда у Малайя деб номланарди. Малайя 1948 йилда Малайя Федерацияси сифатида қайта тузилиб, 1957 йил 31 августда Британиядан мустақилликка эришди. Мустақил Малайя ўша пайтдаги Британия колониялари бўлмиш Шимолий Борнео, Саравак ва Сингапур билан 16 сентябрда бирлашиб, 1963 йили Малайзияга айланди. 1965 йил августда Сингапур федерациядан чиқарилди ва алоҳида мустақил давлатга айланди.

Мамлакат кўп миллатли ва кўп маданиятли бўлиб, бу унинг сиёсатига катта таъсир кўрсатади. Аҳолининг қарийб ярмини малай халқи вакиллари, озчиликни хитойлар, ҳиндлар ва маҳаллий халқлар ташкил қилади. Мамлакат расмий тили – малай тили. Инглиз тили фаол иккинчи тилдир. Ислом мамлакатда ўрнатилган дин сифатида эътироф этилган бўлса-да, конституция мусулмон бўлмаганларга дин эркинлиги ҳуқуқини беради. Амалда ҳам ҳукумат бу ҳуқуқни ҳурмат қилади. Ҳукумат Вестминстер парламент тизимига, қонун тизими эса умумий қонунларга асосланган. Давлат бошлиғи ҳар беш йилда тўққиз штат султони орасидан сайланадиган монархдир. Бош вазир – ҳукумат бошлиғи.

Мустақилликдан сўнг Малайзия ялпи ички маҳсулоти қарийб 50 йил давомида йилига ўртача 6,5% ўсди. Иқтисодиёт ўсиши анъанавий равишда табиий ресурслар билан таъминланган, аммо илм-фан, туризм, савдо ва тиббий туризм соҳалари ҳам сезиларли даражада кенгайиб бормоқда. Малайзия янги саноатлашган бозор иқтисодиётига эга бўлиб, Жануби-Шарқий Осиёда учинчи, дунёда 33-ўринда туради. Малайзия АСЕАН, ИҲТ каби ташкилотларнинг асосчиси аъзоларидан ва APEC, Халқлар ҳамдўстлиги ҳамда Қўшилмаслик ҳаракатининг аъзосидир.

Малайзия ҳақида ажойиб фактлар

1. 26 фоизи Малайзияга тегишли Борнео ороли Гренландия ва Янги Гвинеядан кейин дунёдаги учинчи йирик оролдир.

2. Куала-Лумпурда эгизак меъморий миноралар бўлмиш Petronas Twin Towers жойлашган. Иншоот 1998 йилдан 2004 йилгача дунёнинг энг баланд биноси сифатида тан олинган. Минораларнинг ҳар бири 451,9 м баландликка эга. 

3. Малайзия 2900 миллик қирғоқ чизиғига эга. Бу шуни англатадики, мамлакат Куба, Таиланд, Швеция ва Колумбиядан кўра кўпроқ денгиз қирғоғига эга. 

4. Гентинг тепаликларидаги First World меҳмонхонаси дунёдаги энг катта меҳмонхонадир. Ундаги 7351 хона иккита рангли минора орасига бўлинган. First World 2008 йилда Лас-Вегасдаги «Венеция» меҳмонхонасига ўз унвонини ютқазган. 2015 йилда қўшимча 1233 та хонани қўшганидан кейин унвонни қайта ютишга муваффақ бўлган. Эндиликда у Гиннес рекордлар китобига киритилган.

5. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Малайзия дунёдаги энг очиқ иқтисодиётлардан бири бўлиб, 2010 йилдан буён савдонинг ЯИМга бўлган ўртача нисбати 130% дан ошган. Савдо ва инвестициялар учун очиқлик иш ўринлари яратиш ва даромадларнинг ўсишида муҳим рол ўйнайди, тахминан 40% иш ўринлари экспорт фаолияти билан боғлиқ.

6. Малайзияда чет эл автомобилларини олиб кириш божлари катталигидан уларни сотиб олиш қимматга тушади. Аҳолининг деярли 80% арзонлиги учун маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиль ва мотоциклларни бошқаради.

7. Малайзияда гўшт деярли истеъмол қилинмайди, фақат байрамлардагина гўштли таом тайёрланади. Гап шундаки, мамлакатда яйловлар етарли эмас ва чорвачилик билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

8. Малайзияда сиз ҳам мушук, ҳам айиққа ўхшаган жониворни кўришингиз мумкин. Унинг номи - бинтуронг.

9. Бу давлатнинг баъзи ўрмонларида раффлециа деб номланадиган дунёдаги энг катта гул ўсади. Гулнинг диаметри бир метрга етиши мумкин, вазни эса 20 кг дан ошади. Гул ҳашаротларни ўзига тортувчи ўткир сассиқ ҳид чиқаради.

10. Малайзия ўрмонларида юрадиган дарахт ўсади. Унинг илдизлари танасининг ўртасидан чиқади ва намлик излаб аста-секин ер бўйлаб кетаверади. Бир дарахт йилига ўнлаб метр масофани босиб ўтиши мумкин.

Дин

Конституция дин эркинлигини таъминлайди ва Малайзияни расман дунёвий давлатга айлантиради, шу билан бирга исломни «Федерация дини» деб белгилаган. 2010 йилги аҳоли ва уй-жойларни рўйхатга олиш маълумотларига кўра, миллат ва диний эътиқод бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. Аҳолининг қарийб 63,7% ислом, 17,7% буддавийлик, 9,4% насронийлик, 6,0% ҳиндуизм ва 2,3% конфуцийлик, даосизм ва бошқа анъанавий хитой динларига амал қилади. 0,7% динсиз, қолган 0,2% бошқа динларни қабул қилган ёки ҳеч қандай маълумот бермаган. Шофеий фиқҳи Малайзияда нисбатан устундир.

Малайзия конституцияси мусулмон, малай тилида сўзлашадиган, малайча урф-одатларга амал қиладиган, Бруней, Малайзия ва Сингапурда яшайдиган ёки ота-боболари ўша ердан бўлганларни малай халқига мансуб деб белгилайди. Хитойлар, ҳиндулар ва бошқа малай бўлмаганлар орасида мусулмонлар сони озчиликни ташкил қилади.

Мусулмонлар ўз динларига оид масалаларда шариат маҳкамаларининг қарорларини бажаришга мажбурдирлар. Исломий қозилар Малайзиянинг асосий мазҳаби бўлган Шофеий фиқҳ мактабига амал қилишади. Шариат судларининг юрисдикцияси никоҳ, меросхўрлик, ажрим, диндан қайтиш, динни ўзгартириш ва васийлик каби масалаларда мусулмонлар билан чегараланади. Мамлакатнинг олий судлари бўлмиш фуқаролик судлари исломий амалиёт билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқмайди. Мавлид каби турли хил исломий байрамлар Рождество, Хитой Янги йили ва Дипавали билан бир қаторда миллий байрамлар деб эълон қилинган.

Малайзияда Ислом тарихи

Якка араб савдогарлари, жумладан саҳобалар, VII аср бошларида Малай архипелаги, Ҳиндихитой ва Хитойда даъват ишларини олиб боришган. Ислом дини милодий 674 йилда араблар томонидан Суматра соҳилига кириб келган.

Исломни милодий XII асрда тамил ҳинд мусулмон савдогарлари ҳам Малайзияга олиб келишган. Ўша даврдан бошлаб Малайзия подшоҳлари исломни бирин-кетин қабул қилишни бошлашган.

Исломни Малайзия ва Индонезия қирғоқлари савдо портларида яшовчилар тинч йўл билан қабул қилишган. XV-XVI асрларда Ислом малай халқининг асосий эътиқоди эди.

Масжидлар

2020 йил ҳолатига кўра Малайзияда 6300 га яқин масжид бор. Бу Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) сайтидан олинган маълумотларга асосланади. Ўртача, Малайзиянинг ҳар бир штатидаги масжидларнинг 92% қорйаҳ масжидлари тоифасига киради (яъни қишлоқ ёки шаҳар масжиди). Қуйида бутун мамлакат бўйлаб энг машҳур масжидлар келтирилган.

Султон Салоҳиддин Абдулазиз масжиди

Султон Салоҳиддин Абдулазиз Шоҳ масжиди – Малайзиянинг Селангор шаҳридаги давлат масжиди. У Шоҳ Аламда жойлашган. Бу мамлакатнинг энг йирик масжиди, шунингдек Жануби-Шарқий Осиёдаги иккинчи йирик масжиддир. Унинг энг ажралиб турадиган хусусияти катта кўк ва кумуш гумбаздир. Масжиднинг ҳар бир бурчагига биттадан ўрнатилган тўртта минора бор. Масжид марҳум Султон Салоҳиддин Абдулазиз томонидан 1974 йил 14 февралда Шоҳ Аламни Селангорнинг янги пойтахти деб эълон қилинганида қурилган. Қурилиши 1982 йилда бошланиб, 1988 йил 11 мартда тугатилган. Масжид дунёдаги энг катта диний гумбазга эга бўлиб, унинг диаметри 51,2 метр, ер сатҳидан 106,7 метр баландликда жойлашган. Ҳар бири ер сатҳидан 142,3 метр баландликда жойлашган тўртта минора Касабланкадаги Ҳасан II масжиди ва Жазоирдаги Жазоир жомеси минораларидан кейин дунёдаги учинчи энг баланд миноралардир. Асосий хонақоҳнинг юқори қисми аёллар учун ажратилган. Биринчи қаватда қабулхона, маъмурий идоралар, конференц-заллар, кутубхона ва маъруза хоналари мавжуд. Масжид 24,000 намозхонни сиғдира олиш билан бирга шу қадар каттаки, уни ҳаво очиқ кунда Куала-Лумпурдаги баъзи диққатга сазовор жойлардан туриб кўриш мумкин. Ишлатиладиган материаллар: бетон, пўлат, алюминий, шиша қопламали пўлат панел, ёғоч, шиша, керамик плитка.

Зоҳир масжиди

Зоҳир масжиди Кедаҳ штатининг давлат масжидидир. Зоҳир масжиди Малайзиядаги энг улуғвор ва энг қадимий масжидлардан бири бўлиб, 1912 йилда қурилган. Зоҳир масжиди дунёнинг энг гўзал 10 та энг яхши масжидларидан бири сифатида тан олинган. Штат ҳар йили Қуръон ўқиш мусобақасини масжид биносида ўтказади.

Малайзия миллий масжиди

Миллий масжид пойтахт Куала-Лумпурда жойлашган. Масжид 15,000 намозхонни сиғдира олади ва 53,000 квадрат метр майдонда жойлашган. Унинг асосий хусусиятлари 73 метр баландликдаги минора ва 16 бурчакли юлдузли бетонли асосий томдир. 1965 йилда қуриб битказилган ушбу масжид 1987 йили капитал реконструкция қилиниб, бир вақтлар пушти бетондан ясалган том яшил ва кўк рангли кафел билан қопланган.

Федерал ҳудуд масжиди

Федерал ҳудуд масжиди – Куала-Лумпурдаги масжид. У MATRADE мажмуаси ва федерал ҳукумат мажмуаси яқинида, Сегамбут туманида жойлашган. Ушбу Куала-Лумпур масжиди 1998 йилдан 2000 йилгача қурилган. Бу ҳукумат томонидан шаҳар ҳудудида қурилган 44-масжиддир. Масжид бир вақтнинг ўзида 17,000 намозхонни сиғдира олади. Масжид дизайни Усмонли ва Малай меъморчилиги услубларининг уйғунлиги бўлиб, Истанбулдаги Мовий масжиддан катта андоза олган.

Султон Сулаймон масжиди

Султон Сулаймон қироллик масжиди Селангор қироллик масжидидир. У 1932 йил бошида инглизлар томонидан қурилган ва 1933 йилда марҳум Султон Сулаймон Шоҳ томонидан расман очилган. Масжид бир вақтнинг ўзида 1000 га яқин намозхонни сиғдиришга мўлжалланган. Асосий хонақоҳнинг катта гумбази тўртта кичикроқ гумбаз билан ўралган.

Обидин масжиди

Обидин масжиди Теренггануда Султон Зайнул Обидин II томонидан 1793- 1808 йиллар орасида қурилган масжиддир. Оқ масжид ёки Катта масжид номи билан ҳам танилган ушбу масжид Куала Теренггануда жойлашган. Масжиднинг асл қурилиш материали ёғоч бўлган, лекин 1852 йил атрофида Султон Умар даврида масжид ғиштдан қайта қурилди. 1881 йилда Султон Аҳмад II Султон Зайнул Обидин II даврида қурилган эски гумбаз ўрнига янги гумбаз қурдирди. 1901 йилда Султон Зайнал Обидин III даврида эса масжид яна бир таъмирдан бошдан кечирди, яъни катталашиб бораётган жамоатни қабул қилиш учун кенгайтирилди. Бундан ташқари, думалоқ тош устунлар ва учта минора қурилди. Масжид 1972 йилда Султон Исмоил Носириддин Шоҳ ҳукмронлиги даврида қайта таъмирланди. Эндиликда масжиднинг ҳажми асл бинодан икки баробар катта эди. Узун минора ва янги гумбазлар қурилди. 

Кристал масжиди

Кристал масжиди – Малайзиянинг Ван Ман шаҳридаги масжид. Пўлат, шиша ва биллурдан ясалган улкан иншоот Ван Ман оролидаги Ислом мероси боғида жойлашган. Масжид 2006 йилдан 2008 йилгача қурилган ва расмий равишда 2008 йил 8 февралда очилган. У бир вақтнинг ўзида 1500 дан ортиқ намозхонни сиғдириш имкониятига эга. Қурилиш қиймати 80 миллион долларга баҳоланган. 9 та катта ва 51 та кичик гумбаз мавжуд. Миноралар сони 4 тани ташкил қилади.

Путра масжиди

Путра масжиди Путражая шаҳрининг асосий масжидидир. Қурилиш 1997 йили бошланиб, икки йилдан сўнг тугалланган. Масжид Пердана Путра ёнида жойлашган бўлиб, у ерда Малайзия Бош вазирининг идораси ва сунъий Путражая кўли жойлашган. Масжид олдида Малайзия байроғи ва ҳар бир штат байроқчалари бўлган катта майдон жойлашган. Пушти гумбазли Путра масжиди пушти рангли гранитдан қурилган бўлиб, учта асосий функционал майдон – ибодат зали, саҳн ёки ҳовли ва турли ўқув хоналаридан иборат. Масжид бир вақтнинг ўзида 15,000 намозхонни сиғдира олади. Баландлиги 50 метр бўлган 9 гумбаз ва баландлиги 116 метр бўлган битта минораси бор. Қурилиш қиймати 250 млн Малайзия ринггитини ташкил қилган.

Убудият масжиди

Куала Кангсар шаҳрида жойлашган кичик масжид. Масжид дизайни Ипоҳ темир йўл вокзали ва Куала-Лумпур темир йўл вокзали дизайнига ҳам масъул бўлган Артур Бенисон Хуббек томонидан ишлаб чиқилган. Масжид Перакнинг 28-султони Идрис Муршидул Аъзам даврида қурилган. Қурилиш 1917 йил охирида якунланган, умумий қиймати 24000 доллани ташкил қилган. Ҳозирда масжид Перак штати аҳолиси учун ифтихор рамзи ҳисобланади. Масжид 2003 йилда реконструкция қилинган. Унинг марказий олтин гумбази, тўртта минораси, шунингдек олтин гумбазчалар билан қопланган кичикроқ миноралари мавжуд. Италия мармаридан оқ бинога қуюқроқ рангдаги чизиқлар чизилган.

Сабаҳ давлат масжиди

Бу Сабаҳ давлат масжиди. Қурилиш 1970 йилда бошланиб, 1975 йилда тугатилган. Масжид расман 1977 йил 28 июнда Келантан султони Яҳё Петра томонидан очилган. Масжид 5,000 га яқин намозхонни сиғдира олади. Унинг 17 гумбази ва баландлиги 65,5 метр бўлган минораси бор. Сабаҳ давлат мақбараси масжид яқинида жойлашган.

Фахриддин Расул ўғли тайёрлади

Ушбу рукн «Azon travel» билан ҳамкорликда тайёрланди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўзбекистон ҳарбий қудрат бобида Марказий Осиёда етакчи

1689 10:51 01.11.2021

Рақсга тушишни ёқтирмайдиган одамлар мамлакати

2365 21:05 07.10.2021

Пулининг номи «озодлик» деб аталган давлат

2122 22:35 23.09.2021

Греция билан ном талашган давлат

2742 22:20 13.09.2021

Лемурлар мамлакати – Мадагаскар

1670 22:50 10.09.2021
« Орқага