Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Ҳаагадаги Халқаро суд Владимир Путин ва Россия болалар омбудсманини ҳибсга олишга ордер берди

1038

Ҳаагадаги Халқаро жиноий суди Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берди, деб хабар қилди суд матбуот хизмати.

Путин Украинанинг босиб олинган ҳудудларидаги болалар Россияга  ноқонуний депортация қилингани учун жавобгарликка тортилган. Судда изоҳ берилишича, Россия Федерацияси Президенти бунинг учун шахсан жавобгар эканини исботлаш учун асослар мавжуд.

Ўз навбатида, Россиядаги болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Львова-Белова ҳам шу каби жиноятларда гумон қилинмоқда.

Путин ва Львова-Беловани ҳибсга олиш учун ордерлар прокурорларнинг 2023 йил 22 февралда берган аризалари асосида чиқарилган.

Ўз навбатида, Украина бош прокурори Андрей Костин ҳозирда Россия Федерацияси президенти халқаро жиноятда расман гумонланувчи мақомига эгалигини маълум қилди.

"Бу Путинни Россиядан ташқарида ҳибсга олиш ва судга бериш кераклигини англатади. Дунё етакчилари эса у билан қўл бериш саломлашиш ёки у билан музокаралар столига ўтиришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўришади. Дунё ҳамжамияти Россия режими жиноятчи экани ҳақида сигнал олди. Унинг раҳбарияти ва гумашталари жавобгарликка тортилади”, деди у.

Костин, шунингдек, Украина Бош прокуратураси Донецк, Луганск, Харков ва Херсон вилоятларидан 16 мингдан ортиқ украиналик болаларнинг Россияга мажбуран депортация қилинишига оид 40 жилдлик материалларни ХКМга топширганини айтди. Айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Халқаро жиноий суд қарорлари “мамлакатимиз учун, жумладан, ҳуқуқий нуқтаи назардан ҳам ҳеч қандай маънога эга эмас” деди.

"Россия Халқаро Жиноят Суди Рим Статутининг иштирокчиси эмас ва унга мувофиқ мажбуриятларни ўз зиммасига олмайди. Россия бу орган билан ҳамкорлик қилмайди ва Халқаро Суд томонидан ҳибсга олиш бўйича ҳужжатлар биз учун қонуний кучга эга эмас", деди у.

Аввалроқ The New York Times газетаси Халқаро жиноий суд (ХЖС) Россиянинг Украинага бостириб кириши билан боғлиқ иккита ҳарбий жиноят ишини очиш ниятида эканлигини ва бир неча кишини ҳибсга олиш учун ордер сўраганини хабар қилган эди.

Нашрнинг аниқлик киритишича, судгача бўлган ишларда Россия украиналик болаларни ўғирлаш ва Украинадаги фуқаролик инфратузилмасига атайлаб зарба беришда айбланади.

Шу билан бирга, NYT маълумотларига кўра, ХЖС бош прокурори Карим Хон биринчи навбатда судялар ҳайъатига ўз далилларини тақдим этиши керак, улар гумонланувчиларни ҳибсга олиш учун ордер беришнинг қонуний меъёрлари бажарилганини, терговчиларга қўшимча маълумотлар керак ёки йўқлигини ҳал қилади.

ХЖС қарори чексиз муддатга амал қилади ва ҳар кимга, жумладан, давлат раҳбарига ҳам тегишли бўлиши мумкин. Бироқ, Халқаро жиноий суд сиртдан ҳукм чиқармайди. Демак, судга тортилиш учун айбланувчи Ҳаагада жисмонан келтирилиши керак.

Энди Путин Рим статутини ратификация қилган мамлакатларга ва суд юрисдикциясини тан олган мамлакатларга (123 та давлат) саёҳат қила олмайди. Булар - барча Европа давлатлари, бутун Жанубий Америка (жумладан, Россиянинг Венесуэла каби иттифоқчилари), Тожикистон, Афғонистон, Бразилия, Жанубий Африка, Марказий Африка Республикаси, Нигерия.

Халқаро жиноий суд юрисдикциясига уруш жиноятлари, инсониятга қарши жиноятлар ва Украина ҳудудидаги геноцид ҳаракатлари, улар урушаётган томонларнинг қайси бири томонидан содир этилганидан қатъи назар, тергов ҳаракатларини ўз ичига олади.

Украина ва қатор давлатлар россиялик амалдорлар ва ҳарбий хизматчиларни жавобгарликка тортишнинг бошқа механизмларини яратиш имкониятларини ҳам муҳокама қилмоқда. Ўз навбатида, Россия олий ҳарбий-сиёсий раҳбарияти Украинада ҳарбий жиноятлар содир этилганини рад келади. 

Таъкидлаш керак, Марказий Осиёда Қозоғистон ва Туркманистон Рим Статутига аъзо эмас, яъни уни имзоламаган. Ўзбекистон ва Қирғизистон эса Рим статутини имзолаган, аммо ратификация қилмаган. Фақат Тожикистон ва Афғонистон имзолаган холос. Демак, амалдаги халқаро қонунчиликка кўра, Путин бу икки давлатлардан бирортасига келса, тегишли идоралар уни қамоққа олиб, Ҳаага судига жўнатишга мажбур бўлади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Толибон» делегацияси Тожикистонга илк бор ташриф буюрди  

834 20:40 25.03.2023

Тунисликлар Рамазонни оғир шароитда ўтказмоқда

816 20:05 25.03.2023

АҚШ Эрон билан зиддиятга интилмаяпти – Байден   

514 19:45 25.03.2023

АҚШ Конгрессида Хитойнинг уйғурларга босими муҳокама қилинди. Унда ўзбек аёл ҳам сўзга чиқди

1267 19:15 25.03.2023

CCВ: Юртимизда саратонни 99 фоизгача даволовчи препарат яратилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга зид

511 18:40 25.03.2023

Путин Арманистонга борса қамоққа олиниши мумкин

435 18:05 25.03.2023
« Орқага