Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ҳадис илми: Ижтиҳодий насхнинг турлари (давоми)

294

(давоми, боши бу ерда

Ижтиҳодий насхнинг турлари (давоми)

Учинчиси, ҳазар (тақиқ)нинг кейин келганини билиш

Имом Сарахсий айтади: “Баъзи машойихларимизнинг тутган йўлига кўра (нарсалардаги) мубоҳлик қандай бўлса, шундайлигича қолади. Чунки асл ҳукм нарсалардаги мубоҳликдир. Бунга имом Муҳаммад “Икроҳ” китобида ишора қилиб ўтган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлиб юборилишларидан олдин мубоҳлик нарсаларда очиқ-ойдин билинар эди. Зеро инсонлар ҳеч бир замонда беҳуда ташлаб қўйилмаганлар. Фатрат[1] замонида мубоҳлик инсонлар орасида очиқ‑ойдин эди. Ва бу жараён шариатимизда ҳаромликни вожиб қилувчи далил собит бўлгунича боқий қолди. Мана шу билан ҳазар (тақиқ)ни вожиб қилувчи далил кейин келганлиги равшан бўлади. Чунки агар мубоҳликни вожиб қилувчи далилни кейин келган деб айтадиган бўлсак, иккита насхни исбот қилишга, яъни бошдан‑бош собит бўлган мубоҳликни ҳазар (тақиқ)ни вожиб қилувчи насс билан насх қилишга, сўнгра ҳазар (тақиқ)ни мубоҳликни вожиб қилувчи насс билан насх қилишга  муҳтож бўлиб қоламиз. Агар ҳазар (тақиқ) нассини кейин келган деб айтадиган бўлсак, фақатгина иккисидан бирида насхни исбот қилишга эҳтиёж сезамиз. Мана шу услуб авло ҳисобланади. Зеро мубоҳлик ҳукми ҳазар (тақиқ) билан мансух бўлганига иттифоқ қилинган”[2].

Бунга Абдураҳмон ибн  Шибл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган:

أن النبي صلى الله عليه وسلم نهى عن أكل الضب

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зоббни[3] ейишдан қайтардилар”[4] ҳадиси ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган:

دَخَلَت أنا و خَالِد بْنِ الْوَلِيدِ مَعَ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم بَيْتَ مَيْمُونَةَ فَأُتِيَ بِضَبٍّ مَحْنُوذٍ فَرَفَعَ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه و سلم يَدَه فَقُلْتُ: أَ حَرَامٌ هُوَ يَا رَسُولَ اللهِ فَقَالَ: لاَ وَلَكِنْ لَمْ يَكُنْ بِأَرْضِ قَوْمِي فَأَجِدُنِي أَعَافُهُ قَالَ خَالِدٌ: فَاجْتَرَرْتُهُ فَأَكَلْتُهُ وَرَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَنْظُرُ

Мен ва Холид ибн Валид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Маймунанинг уйига кирдик. Қовурилган “зобб”ни келтирилди. Шунда У зот қўлларини тортдилар. “У ҳаромми? Эй Аллоҳнинг Расули?” дедим. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ. Лекин, менинг қавмим ерида бўлмагани учун, кўнглим тортмайди”, дедилар. Холид айтди: “Бас, уни ўзимга яқинлаштириб олиб, едим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам назар солиб турдилар”  ҳадиси далил бўлади[5].

Татбиқ: имом Сарахсий айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зоббни ейишдан қайтардилар” ва “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга рухсат бердилар” ҳадислари зоҳиран қаралганда бир‑бирига зид келмоқда. Сўнгра бу қарама‑қаршилик тарихни билиш орқали йўққа чиқади. У ҳазар (тақиқ)ни вожиб қилувчи насс мубоҳликни вожиб қилувчи нассдан кейин келганлигидир. Демак, мана шу кечикканини олиш авло ҳисобланади”[6].

Шайхимиз Баҳрум улум ҳафизаҳуллоҳ айтади: “Насх гоҳида итлар ва хамр идишларида бўлгани каби миқдор ёки кайфияти эътиборидан қаттиқликдан енгилликка ўзгариш бўлади. Гоҳида намозга тескари келадиган феъл ва ҳаракатлар каби енгилликдан қийинликка ўзгариш бўлади”[7].

Тўртинчиси, умумий қоидага мухолиф бўлиши[8].

Ҳасан Қобиса ибн Ҳурайсдан, у Салама ибн Муҳаббиқдан ривоят қилади:

أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قضى في رجل وقع على جارىة امرأته: إن كان استكرهها فهي حرة و عليه لسيدتها مثلها وإن كانت طاوعته فهي له و عليه لسيدها مثلها

“Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлининг чўриси билан жимоъ қилиб қўйган киши борасида: “Агар эр чўрини мажбурлаган бўлса, чўри ҳур ва эрнинг зиммасига чўрининг мислини саййидасига тўлаб бериш бор. Агар чўри хоҳиш билдирган бўлса, у эркакники ва эрнинг зиммасига чўрининг мислини саййидасига тўлаб бериш бор”, дедилар”[9].

Татбиқ: Хаттобий айтади: “Бирор фақиҳ бу гапни айтганлигини билмайман. Бунда усулларга мухолиф келадиган бир неча ишлар бор. Улардан:

– Ҳайвонларда мислни вожиб қилиш.

– Зино билан мулкиятни ҳосил қилиш.

– Бадандаги ҳаддни соқит қилиш ва уқубатни молда вожиб қилиш.

Юқоридаги суратларнинг барчасида фуқаҳолардан биронтасининг мазҳабига тўғри келмайдиган мункар ишлар бор. Агар мазкур ривоятнинг асли бўлса унинг мансух эканлиги муносибдир. Валлоҳу аълам[10].

 

(Давоми бор).
Таржимон: Абдулҳодий Ғиёс

 


[1] Ийсо алайҳиссалом ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ораларидаги замон

[2] Усулус Сарахсий. – Ж. 2. – Б. 20.

[3] “Зобб”–Арабистонда бўладиган, судралиб юрувчилар оиласига мансуб ҳайвонлардан бири.

[4] Айтаманки, “Ибн Ҳажар Асқалоний роҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳул Борий” (– Ж. 9. – Б. 665‑666)да айтади: “Бу ҳадисни Абу Довуд ҳасан санад билан ривоят қилган. У Исмоил ибн Айёш Зомзом ибн Зуръадан, у Шурайҳ ибн Утбадан, у Абу Рошид Ҳубронийдан, у Абдураҳмон Шибл розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Ибн Айёшнинг Шомликлардан қилган ривояти кучли ҳисобланади. Зеро, улар сиқа шомликлардир. Хаттобийнинг: “Унинг исноди унчалик эмас”, Ибн Ҳазмнинг: “Бу ҳадиснинг санадида заиф ва мажҳул ровийлар бор”, имом Байҳақийнинг: “Бу ҳадисни Исмоил ибн Айёш ёлғиз ўзи ривоят қилган. У ҳужжат эмас” ва Ибн Жавзийнинг: “Саҳиҳ эмас”, деган сўзларига эътибор берилмайди. Буларнинг барчаси бепарволик билан айтилган гаплар ҳисобланади. Чунки Исмоилнинг шомликлардан қилган ривояти имом Бухорийнинг наздида кучли ҳисобаланади. Имом Термизий ҳам айримларини саҳиҳ деган...”

“(рухсатликка қаратилган) Ўтган ҳадислар гарчи ҳалолликка очиқ-ойдин, ишора, айтиш, тақрир орқали далолат қилса-да, у билан қайтариқнинг ўртасини жамлаш – аввало, зобб масх қилинганлардан бўлиши эҳтимоли бўлган пайтга йўйилади. Ўша пайтда  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қозондагиларни тўкиб юборишга буюрганлар. Сўнгра қанчадир вақт таваққуф қилганлар. Яъни унга буюрмаганлар ҳам, ундан қайтармаганлар ҳам. Яна жамлаш – масх қилинган ҳайвондан насл қолмаслиги билингани сабабли зоббни ейиш ҳақидаги изнни иккинчи ҳолатга йўйилади. Шундан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўнгиллари тортмай емадилар. Ҳаромга чиқармадилар. У зот ҳозир бўлган дастурхонда ейилди. Демак, бу ҳолат мубоҳликка, кароҳат эса кўнгли тортмаганлар борасида танзиҳийликка далолат қилади. Мубоҳлик ҳадислари эса кўнгли тортадиганларга нисбатан йўйилади. Бундан унинг мутлақ макруҳлиги келиб чиқмайди”. Фатҳул Борий матни тугади.

[5] Имом Бухорий “Саҳиҳ” асарида 5391‑рақам билан ва имом Муслим “Саҳиҳ” асарида 1543‑рақам билан ривоят қилган.

[6] Усулус Сарахсий. – Ж. 2. – Б. 20.

[7] Нематуллоҳ Аъзамий. “Ал‑Фавоидул муҳимма”. – Б. 32.

[8] Бунинг маъноси учинчи баҳснинг еттинчи бобида ўтган.

[9] Бу ҳадисни Абу Довуд “Сунан” асарида 4460‑рақам билан ривоят қилган.

[10] Маъолимус сунан. – Ж. 3. – Б. 331.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қалбни Қуръон билан тўлдиринг!

665 12:05 13.06.2021

«Ҳадис — фақиҳлардан бошқалар адашадиган жойдир»

611 21:55 06.06.2021

“Тилингга маҳкам бўл...”

619 16:00 01.05.2021

Рамазонга хос ҳадислар

704 13:30 13.04.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: “Саҳифалар” (49-қисм) 

429 16:40 08.04.2021

"Иммаъа бўлманг" ҳадиси ҳақида

785 19:00 06.04.2021
« Орқага