Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ҳадис илми: Таржиҳ

802

(давоми, боши бу ерда)

Иккинчи мавзу

Таржиҳ

Таърифи:

Таржиҳ луғатда: رجح الشيء يرجح  [рожаҳаш шайʼу яржаҳу] дан олинган бўлиб “Вазни зиёда бўлди”, маъносини билдиради. Исм шакли الرجحان [ар-ружҳа́ну] бўлади. Бу феъл ўтимли шаклида ҳам ишлатилади. Масалан, тарозининг бир палласи оғир келганда رجحته ورجح الميزان يرجح  [рожжаҳтуҳу ва рожаҳал мийза́ну яржаҳу] дейилади. Феъл أ (алиф) билан ҳам ўтимлига айлантирилади. Масалан, أرجحته و رجحت الشيء [аржаҳтуҳу ва рожжаҳтуш шайʼа] – оширдим, қувватладим ва нарса оғир келди” маъносида.

Истилоҳда: фуқаҳолар таржиҳнинг истилоҳий маъносини баён қилишда ихтилоф қилишган. Бунга уламоларнинг усулий масалалардаги ихтилофлари сабаб бўлган. Мазкур ихтилофларни қуйидагича келтириш мумкин:

Ҳанафий ва шофеъий уламоларининг жумҳури ва баъзи ҳанбалийлар, таржиҳ мужтаҳиднинг иши эканлигини айтишиб, бир‑бирига яқин таърифлар билан ифодалашган.

Ҳанафий улуғларимизнинг аксари: “Таржиҳ – ёлғиз ўзи бўлганда ҳужжатликка ярамайдиган қувватловчи орқали ўзаро зид келувчи икки тенг далилнинг бирини иккинчисидан устунлигини кўрсатиш”, деб таърифлашган.

Заиф банда айтади: “Бу таърифларга назар ташлайдиган бўлсак, уларда мужтаҳиднинг амали айтилганини кўришимиз мумкин. Демак, мужтаҳид таржиҳ қилувчидир. Таърифларга чуқур назар ташлашдан маълум бўладики, мужтаҳид ҳақиқатда эмас, балки зеҳнда бир‑бирига зид келувчи иккита далилнинг бирини устун эканлигини баён қилиш билан шуғулланади”.

Жумҳур уламолар таржиҳни қуйидагича таърифлашган:

Таржиҳ – икки ишдан бирига амал қилиниши учун уни  бошқасидан устун қўйиш. Ёки ҳукмни танишга олиб борувчи иккита яроқли далилдан бири далолатда қувватли бўлганлиги сабаб (бошқасидан) муқаддам қилиш.

Икки таърифнинг орасидаги фарқ:

Ҳанафийларнинг таржиҳ борасида айтган таърифлари жумҳур уламоларнинг таърифига мувофиқ келади. Фақатгина охирги жумла, яъни “ёлғиз ўзи бўлганда ҳужжатга ярамайдиган қувватловчи орқали” қисми жумҳурнинг таърифига мухолифдир.

Ихтилофнинг келиб чиқиш сабаби:

Билингки, бу ихтилофнинг асл сабаби, ҳанафийлар ва жумҳур уламолар даллилларнинг кўплиги билан таржиҳ қилишдаги ихтилофларидир. Ҳанафийлар далиллар кўплиги сабаб таржиҳ қилишни жоиз деб билмаганлари учун ҳам, таржиҳга таъриф беришда мана шунга ишора қилишган. Жумҳур уламолар эса, далиллар кўплиги сабаб таржиҳ қилишни жоиз деб билишган. Шунинг учун мазкур қайддан беҳожат бўлишган.

Таржиҳ ўрни:

Жумҳур усул уламоларининг фикрига кўра қатъий (насс)ларда ўзаро таъоруз ва таржиҳ юзага келмайди. Чунки таъоруз ишнинг аслида эмас, балки мужтаҳиднинг зеҳнида пайдо бўладиган нарсадир. Валлоҳу аълам.

Рожиҳга амал қилишнинг ҳукми:

Рожиҳни муқаддам қилиш ва унга амал қилиш вожиб. Баъзи уламолар бунга ижмоъ боғланганини ҳам айтишади.

Бадриддин Заркаший айтади: “Агар таржиҳ иши амалга ошса, рожиҳга амал қилиш ва бошқаси (маржуҳи)ни ташлаш вожиб. Чунки саҳобалар ўзларининг наздида қувватли деб топилган хабарларга амал қилишга ижмоъ қилишган”.

Имом Розий айтади: “Аксар уламолар таржиҳни тутиш жоизлигига иттифоқ қилганлар. Баъзилар инкор қилиб: “Таъоруз вақтида ихтиёр қилиш ёки таваққуф қилиш лозим бўлади”, дейишган. Лекин биз тутган йўлнинг бир неча асослари бор:

А) Саҳоба розияллоҳу анҳумларнинг таржиҳга амал қилишга ижмоъ қилганлари. Зеро улар Оиша розияллоҳу анҳонинг التقاء الختانين “Икки хатна қилинган жой бир‑бирига йўлиққан” вақтида ғусл вожиб бўлиш ҳадисини الماء من الماء “Сув сувдандир” ҳадисидан таржиҳ қилганлар. 

Яна саҳобалар пайғамбар алайҳиссаломнинг аёлларидан бирлари كان صلى الله عليه وسلم يصبح جنبا  “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жунуб ҳолатларида тонг оттирар эдилар”, деб ривоят қилган ҳадисни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган  من أصبح جنبا فلا صوم له “Ким жунуб ҳолда тонг орттирса унинг учун рўза йўқ” ҳадисидан муққаддам қилишган. Кимда ким саҳоба, тобеъин, табаъа тобеъин ва улардан кейингиларнинг ҳаётларига назар ташласа, улар рожиҳ ҳадисга амал қилиш ва маржуҳ ҳадисни тарк этишда иттифоқ бўлганларини кўриши мумкин.

Б) Зонни ифода этадиган иккита иш бир‑бирига муъораза келиб, сўнг бири бошқасига таржиҳ топадиган бўлса, урфда ҳам рожиҳига амал қилиш аниқ бўлиб қолади. Демак, бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: مَا رَآهُ الْمُؤمِنُونَ حَسَناً فَهُوَ عِنْدَ الله حَسَنٌ  “Мўминлар яхши, деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузурида ҳам яхшидир” ҳадисига биноан шаръан ҳам вожиб бўлади. Бундан ташқари рожиҳ ҳадисга амал қилинмаса, унинг хилофидаги маржуҳ ҳадисга амал қилиш лозим бўлиб қолади. Маржуҳ ҳадисни рожиҳ ҳадисдан устун қўйиш эса ақлан ўйлаб кўрилганда ҳам мумкин бўлмаган ишлардандир”.

(Давоми бор)

Таржимон: Абдулҳодий Ғиёс

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Розилик – нозик масала

454 10:30 29.04.2022

Рўза ҳақида ўн ҳадис

860 18:05 10.04.2022

Ҳадисларни ёзиб бориш қачондан бошланган?

443 16:30 31.03.2022

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

1695 09:22 18.02.2022

Ўз давридан илгарилаб кетган даҳо олим – Абу Ҳомид Ғаззолийнинг иқтисодий тафаккурнинг юксалишига қўшган ҳиссаси

1174 11:00 29.01.2022

Исломий «Youtube» каналлар дайжести

1732 18:30 12.01.2022
« Орқага