БМТнинг Ливияни қўллаб-қувватлаш миссияси (UNSMIL) мазкур мамлакатда 2020 йилнинг илк чорагидаги вазиятга бағишланган ҳисоботини эълон қилди. Рақамлар Ливиядаги тўқнашувларда тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ортганини кўрсатмоқда.
Миссия ҳисоботида қайд этилишича, жорий йилнинг 1 январидан 31 мартигача 131 ҳодиса юз берган бўлиб, шундан 64 тасида ўлим, 67 тасида жароҳат олиш кузатилган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўлимларда 113 фоиз, яраланишларда 11 фоиз кўпайиш бўлган.
Таъкидланишича, генерал Халифа Ҳафтар кучларининг аҳоли зич жойларда нишон ажратмаган ҳолда ҳужум уюштириши тинч аҳоли орасида ўлимларнинг ортишига олиб келмоқда. 2020 йилнинг илк чорагида тинч аҳолининг ўлиши ва яраланиши билан боғлиқ 106 ҳодисага (49 ўлим ва 57 яраланиш) айнан Ҳафтар кучлари сабаб бўлган. Бу жами ҳодисаларнинг 81 фоизи демакдир.
Шунингдек, ҳисоботда 5 фоиз ҳодисаларга Миллий муроса ҳукумати кучлари сабабчи бўлгани, 14 фоиз ҳодисаларда ҳужум ким томонидан амалга оширилгани номаълумлиги айтилган.