Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ҳаж сураси тафсири

4745

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида шундай марҳамат қилади:

“Эй одамлар! Бир масал айтилмиш, бас, унга қулоқ солинг! Албатта, Аллоҳни қўйиб, топинаётган нарсаларингиз, агар барчалари бирлашсалар ҳам, битта пашша ярата олмаслар. Ва агар пашша улардан бирон нарсани тортиб олса, ундан ўшани қутқариб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам заиф бўлди” (73-оят).

Эй одамлар, ичингизда баъзилар Аллоҳни қўйиб, турли-туман нарсаларга топиниб, уларни рози қилиш учун ҳаракат қилиб юрибдилар. Ўшаларга эътиқод қилиб, улардан бирор нарса кутиб юрибдилар. Аммо билиб қўйсинларки, Аллоҳдан бошқа ҳамма нарса жуда ҳам заифдир, қўлидан ҳеч нарса келмайди. Буни тушунишингиз қийин бўлса,

«Эй одамлар! Бир масал айтилмиш, бас, унга қулоқ солинг!»

Бу умумий масалдир. Ҳамма учун баробардир.

«Албатта, Аллоҳни қўйиб, топинаётган нарсаларингиз, агар барчалари бирлашсалар ҳам, битта пашша ярата олмаслар».

Бошқа катта жонзотларни қўйсинлар-у, энг кичик, энг ҳақир, энг аҳамиятсиз кўринган пашшани яратишга уриниб кўрсинлар. Ақалли, битта пашша яратиб берсинлар. Ярата олмаслар. Хўш, энди бир дона пашшани ярата олмаган бутга қандай қилиб топиниш, сиғиниш, айтганини (агар айтолса,) қилиш мумкин? Асло мумкин эмас. Умуман, ақлга, мантиққа тўғри келмайди. Қанчадан-қанча уринишларга қарамасдан, бу ишга ҳеч ким муяссар бўлгани йўқ, бўлмайди ҳам.

Бир дона пашша яратиш-ку, қийин экан, унда осонроғини қилиб кўрсин.

«…агар пашша улардан бирон нарсани тортиб олса, ундан ўшани қутқариб ололмаслар».

Пашша жуда заиф, жуда ҳақир жон. Аммо у сабаб бўлиб, баъзи бир касалликларни ташиб келтирса, мушриклар ва уларнинг санамлари ҳаммаси тўпланиб, ҳаракат қилса ҳам, ўша касалликдан зарар кўраётганни ёки ўлаётганни қутқариб қололмайдилар. Буни ҳамма ҳаётда кўрган.

«Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам заиф бўлди».

Яъни Аллоҳдан ўзганинг ибодатини талаб қилувчи ҳам, ибодати талаб қилинган нарсалар ҳам ожиздирлар. Бирон нарса қўлларидан келмас.

Муаллиф: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Манба: islom.uz

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Волгоградда Қуръонни ёққан жиноятчи Чеченистонга топширилди

3928 20:31 24.05.2023

Аёлимдан Қуръон ўқишни ўргансам бўладими?

2214 15:34 12.05.2023

Намозда Қуръон оятини хато ўқиб қўйса…

2902 09:01 27.04.2023

Рамазондан сўнг нима қиламан?

2263 16:05 23.04.2023

Москвада Мусҳаф ёқиб юборилди. Рамзан Қодиров айбдорни қидирмоқда

5296 08:50 16.04.2023

Бақара сурасининг илк оятларига яширинган сирлар

5363 16:55 05.04.2023
« Орқага