Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Ҳажга йиққан пулини хайрия қилса...

2337

Бугун оммавий ахборот воситаларида “Ҳажга боришни ният қилган боғбон маҳаллага светофор ўрнатди” мавзусидаги хабарга кўзимиз тушди.

Унда ёзилишича, Фарғона вилояти Боғдод тумани Пахтаобод маҳалласида яшовчи Исақжон Умрдинов бир неча йилдан бери муборак ҳаж зиёратига боришни ният қилиб келар экан. У мана шу мақсадда жамғарган пулларини серқатнов йўлдаги чорраҳага светофор ўрнатиш учун сарфлашга қарор қилган.

Таъкидланишича, мазкур чорраҳа чиндан ҳам тиқилинч: бир томонда «Мулла Аълам» масжиди, бошқа томонда эса мактаб жойлашган. Чорраҳани кесиб ўтиш мактаб ўқувчилари ва масжидга келадиган намозхонлар учун қийинчилик туғдиради. Бу хабарни ўқиб боғбон акамизнинг ҳимматига қойил қолдик, албатта. Чунки кўпчиликнинг мушкулини осон қилиш, кўмак бериш садақайи жория ҳисобланиб, улкан савобларга сабаб бўлади. 

Энди масалага иккинчи томондан қарайлик. Шаръий жиҳатдан, киши зиммасида ҳаж амали бўла туриб, ҳаж учун йиққан маблағини ана шундай хайрияларга сарфлаши мумкинми? Агар шундай қилса ҳаж савобини оладими? Биз бу саволга жавоб олиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ташкил этилган "Call center"га (78-150-33-44) мурожаат қилдик. Мусулмонлар идорасининг маълум қилишича, ҳажга қодир бўлган одам маблағини бошқа бир хайрли ишга сарфласа, ана шу иши учун савоб олади. Аммо ҳаж ундан соқит бўлмайди. Агар, Аллоҳ асрасин, умрининг сўнгига қадар ҳаж қила олмаса, қодир бўлган вақтида ҳаж қилмагани учун гуноҳкор ҳам бўлади. Соғлиги туфайли ҳажга бора олмайдиган, аммо ҳажга етарли маблағи бор одам ҳам, аввало, “бадал ҳажи” қилдириши, ундан кейин эса маблағини бошқа савобли ишларга сарфламоғи даркор. 

Энди масаланинг учинчи жиҳатига эътибор қаратамиз. Халқ орасида "йўл солиғи" деб аталадиган, транспорт воситаси учун бензин, дизел ёқилғиси ва газдан фойдалангани учун жисмоний шахсдан олинадиган солиқлар бор. Бу маблағлар йўлларни таъмирлаш, тартибга солиш ва ободонлаштиришга йўналтирилиши лозим. Нега светафорни керакли ташкилот ўрнатмади? Нега оддий бир фуқаронинг эътиборини тортган бу муаммо масъулларинг эътиборини тортмади? Нега эҳсон қилиш, йўлни таъмирлаш, кўприк қилиш, сув чиқариш, кўчани асфальт қилиш, светафор ўрнатиш ҳажга бормаслик эвазига бўлиши керак?! 

Биз бу фикрлар орқали Исақжон ака Умрдиновнинг қилган ишини танқид қилмоқчи эмасмиз. Аллоҳ у кишининг савобларини кўпайтириб берсин ва ҳаж зиёратини ҳам насиб қилсин. Биз афсус қилаётган жиҳатимиз шуки, Ўзбекистон йўлларини тартибга солиш бир фуқаронинг ҳажга бормаслиги эвазига бўлиши жуда уятли ҳолат. 

Бу каби муаммоларни ўз эгаларига – йўлларни таъмирлаш, тартибга солиш ва ободонлаштириш бўйича масъулларга топшириш керак.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Ҳалол” сертификати бўлмаганлар ҳам маҳсулотини “ҳалол” белгиси билан сотяпти...

344 21:05 30.11.2021

Кобулдан Тошкентга авиарейслар очилмоқда

338 19:06 30.11.2021

Ўзбекистонда яна чангли бўрон кузатилиши мумкин

689 14:54 30.11.2021

«Омикрон» штамми Ўзбекистонга кириб келдими? – Нурмат Отабеков жавоб беради

568 14:06 30.11.2021

Абдулҳаким қори пародист артистга жавоб берди

4133 16:05 29.11.2021

Ноннинг сифати қачон назоратга олинади?

685 19:30 27.11.2021
« Орқага