Саудиялик Усмон аш-Шаҳин 25 кунлик саёҳати давомида 675 км масофани туяда босиб ўтди. Унинг айтишича, саёҳатдан кўзланган мақсад Ҳаж зиёратига қадимги йўллар билан етиб бориш бўлган. Шунинг учун сайёҳ сафари давомида тарихий ва археологик жойларда ҳам тўхтаб ўтган.
Аш-Шаҳин Al Arabiya сайтига ушбу саёҳат юзасидан интервью берди.
«Мен бу саёҳат ҳақида узоқ вақтдан бери ўйлаб, режалаштириб юрардим ва бунинг учун ўз олдимга бир нечта мақсадлар қўйиб, йўлдаги археологик жойларда, жумладан Фил йўли ва Самуд қишлоқларида тўхтаб ўтдим. Бу саёҳатдан мақсадим ўтмишдаги ҳожиларнинг йўл машаққатларини ҳис қилиш ва одамларни ҳозирги кундаги ҳожилар учун яратилаётган шароитларни қадрига етишга чорлаш эди. Мен бу йилги ҳаж амалларини бажариш учун Саудия Арабистонининг жанубидаги Хомис Мушайт шаҳридан йўлга чиқдим. Ниҳоят 25 кун деганда Макка шаҳрига етиб келдим. Бу сафарга чиққанимни эшитган жамиятнинг турли қатламлари ижобий фикрлар билдириб, мени қўллаб-қувватлашди», — деган Усмон аш-Шаҳин.
Маълумот учун, 675 км масофани туяда босиб ўтган сайёҳнинг ёши 50 да экани маълум бўлган.