Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Халифанинг европаликларни қойил қолдирган ҳадялари

1839

Аббосийлар халифалигининг географик ва сиёсий қудратининг энг юқори чўққисида унга энг машҳур халифалардан бири бўлган халифа Ҳорун ар-Рашид (ваф. 809) бошчилик қилган. У энг машҳур монарх, Муқаддас Рим императори ва Франклар қироли Карлнинг (вафоти 814) замондоши бўлиб, у замонавий Германиянинг ғарбидаги Ахен шаҳрида яшаган. Икки монарх дипломатик алоқаларни давом эттириб, делегациялар ва совғалар алмашишган. Ҳорун ар-Рашид Бағдоддан Ахендаги Карл саройига сув соати совға қилган.

1866 йилда Лондонда Эдвард Ж. Вуд томонидан ёзилган «Энг қадимги даврлардаги соатлар ва уларнинг ажойиблиги» номли китобида ўрта асрлар давридан бошлаб насроний Европада соатларнинг ривожланишини кенг кўламли ўрганилган бўлиб, унда халифа Ҳорун ар-Рашиднинг қирол Карлга ҳадя қилган соати ҳақида ҳам ҳикоя қилинган. Унда шундай дейилади:

“807 йилда Форс қироли Ҳорун ар-Рашид император Буюк Карлга вақт бўлакларини ўлчовчи соат юборди. Бунга гувоҳ бўлган аббат Эгинхартнинг сўзларига кўра, ўн икки соат давомида кичкина эшикчалардан ўн икки отлиқ фигура чиққан ва муддати тугагач шу вақтгача очиқ бўлган ўша эшикчалардан кириб кетган.

Бу тахминан мисдан ясалган сув соати бўлган. Соат ликопчага ўн иккита мис шарнинг қўнғироққа тушиши билан бошқарилган.

Қайд этилишича, бу соатлар бошқа кўплаб қизиқ механизмларга эга бўлиб, Европада катта янгилик ҳисобланган. Жон Гиффорд (1758 - 1818) ўзининг «Франция тарихи» асарида Карлга ҳадя этилган  соатни “қизиқувчанларнинг эътиборини энг кўп тортган нарса сувда ишлайдиган соат бўлди”, деб тасвирлаган.

Циферблат соатларнинг бўлинишини ифодаловчи ўн иккита кичик эшикдан иборат эди; ҳар бир эшик керакли вақтда очилади ва ундан бир хил миқдордаги кичик шарлар чиқади, улар бир-биридан тенг масофада мис барабанга бирин-кетин тушади.

Очиқ эшиклар сони бўйича соат неча бўлганини аниқлаш мумкин эди. Шунингдек тушган шарларнинг товушидан ҳам соатнинг неча бўлганини билиш мумкин бўлган. Соат ўн икки бўлганда, бир вақтнинг ўзида ўн иккита эшикчадан отлиқ чиққан ва циферблатдан ўтиб, барча эшикларни ёпган.

Сув соати Буюк Карлнинг Ҳорун ар-Рашиднинг узоқ ҳукмронлиги даврида олган ягона совғаси эмас эди. У халифадан олган ҳадялар ичида бошқа бир қанча қимматбаҳо совғалар, жумладан, оқ Африка фили, олтин лаган ва кўзалар тўплами, атирлар, шахмат доналари тўплами, нозик матолар, катта чодир ва «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» ибораси ёзилган нақшли тўқилган чопон ҳам бўлган. Бу совғалар Буюк Карл Ҳорун ар-Рашидга илгари юборган совғалар эвазига эди. Буюк Карл Бағдодда юқори баҳоланадиган қироллик қизил матоларини жўнатган. Гарчи Карлнинг соати вақт ўтиши билан омон қолмаган бўлсада, Ҳорун ар-Рашиддан олган совғаларининг бир қисми сақланиб қолган ва уларни бугунги кунда ҳам Ахен, Сен-Дени ва Англиядаги Дурем каби шаҳарларда кўриш мумкин.

Ёқуб Умар тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Фитнадан узоқ туринг!

625 16:45 03.07.2022

Равалпиндидаги тарихий уйлар хавф остида

534 18:00 26.06.2022

Шуҳрат Барлос: «арман геноциди» – тарихдаги буюк сохтакорликдир

6422 13:05 20.06.2022

Тарих илмида бизникилар ва хорижликлар 

859 09:25 12.06.2022

Қатағон қурбонлари: Азиз Хўжаев – етти тилни билган олим

1484 09:03 22.05.2022

Расулуллоҳни маҳзун этган йил

868 16:00 12.05.2022
« Орқага