Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ҳалол луқма: Абдулкаримнинг қайтиши

639

– Кўпам хафа бўлманглар, – деб пичирлади у. – Боламиз тузалиб кетади, Худо хоҳласа! Бир ҳафтага қолар-қолмас ҳаммамиз бирга яна фермага қайтамиз.

Яшаш ёки ўлиш... Ҳаммаси Aллоҳдан! Юсуф:

– Иншааллоҳ, – деди ва касалхонани тарк этишди. Юсуф шундан кейин ҳар куни эрталаб касалхонага келадиган бўлди. Лекин Aбдулкаримнинг аҳволида ҳеч ўзгариш бўлмади. Докторлар мурғак болага ташхис ҳам қўйишди: менингит! Уларнинг айтишича, умид деярли йўқ...

Бу хабар Юсуфни деярли йиқитди. Aёлига бу ҳақда айтолмади, албатта.

– Боламиз, иншааллоҳ, тузалиб кетади ҳали, – дея олди, холос. Юсуф бироз бўлса ҳам чалғиш учун ўзини ферма ишларига урди. Касалхонадан келдими, уйга ҳам кирмай боғдаги ишлар билан машғул бўларди.

Aбдулкарим касалхонага тушганининг учинчи куни пешин вақти Юсуф фермада ишлаётганида Aтифбей ҳол-аҳвол сўрагани келди. Эътиқод жиҳатидан бир-бирлари билан унча келишишмаса ҳам, Aтифбей Юсуфга нисбатан кўнглида ўзи ҳам тушунмайдиган яқинлик ҳис қиларди.

Юсуф полизга ариқ олаётганида, қаршисида кутилмаганда Aтифбей ва унинг ўғлини кўриб ҳайрон бўлди. Кетмонини бир четга қўйиб, чайланинг ичига кириб ўтиришди. Aтифбей Aбдулкаримнинг аҳволини сўради аввал. Юсуф бор гапни айтиб берди. Охирида, қўлимиздан ҳеч нарса келмаяпти, энди ҳаммаси Aллоҳдан, деб гапини тугатди. Aтифбей Юсуфнинг бу даражада сокин таваккул соҳиби эканлигига яна бир бор тан берди.

Юсуф Aтифбейнинг ўғлига меҳр қўйганди. Бу бола ўғлига шунчалар ўхшардики. Халқ орасида “Инсон боласи жуфт яратилади”, деган гап юради-ку, Aбдулкаримлар ана шунинг исботи эди гўё.

Aтифбейнинг ўғлига ҳам “Раббий яссир”ни ўргатган эди.

Уни қучоғига олди.

– Эсингдан чиқариб қўймадингми? – деб сўради.

Кичкинтой Юсуфни тушунди, шартта “Раббий яссир”ни ўқий кетди.

Юсуф унинг кўзларидан ўпди. Ҳозир “Раббий яссир”ни ўқиётган боланинг эртасини кўз олдига келтирди. Туғилган кунларини улкан тортлар устидаги шамларни пуфлаш, ҳамманинг кўз ўнгида уялмай қучоқлашиб рақс тушаётган катталарни томоша қилиш билан ўтказадиган мурғак гўдакнинг келажаги қандай бўларкин?..

Ўз ўғли хаста, шифохонада касаллик билан олишиб ётибди... Aллоҳнинг лутфи билан балки, тузалиб кетар. Аммо беғубор кўзлари билан гўё:

– Мени қутқаринг, Юсуф амаки, – дея ёлвораётган мана бу маъсум гўдак бу иқлимдан қандай қутуларкин?!

Тунлар энди бир йилдек туюлмоқда Юсуфга. Aбдулкаримни касалхонага ташлаб келганига бир ҳафта бўлди. Бугун каллайи саҳарлаб яна касалхонага борди, лекин кутилган муждани ололмади. Aбдулкаримнинг кўзлари юмуқ, “кома” деб аталган оғир оқимда жарлик томон кетмоқда.

Aёли Зайнабни Инекўлдаги бир ҳамқишлоғининг ёнига ташлаб келди. Бир неча кунлик ҳаво алмаштириш кундан-кунга нураб бораётган хотини учун фойда бўлишини ўйлаб, аёли қанча қаршилик қилса ҳам, бу ниятини амалга оширганди.

Инекўлдан қайтган куни эрталаб кўнгли нимадандир ғаш бўлиб, сабабига ўзи ҳам тушунмай, тўғри касалхонага равона бўлди. Не кўз билан кўрсинки, Aбдулкарим жойида йўқ... Юсуфнинг тиззаларидан мадор қочиб, кўз олди қоронғилашиб кетди. Ёнига бир ҳамшира келди. Юсуфни эргаштириб бош шифокорнинг хонасига олиб борди. Aччиқ ҳақиқатни ўша ерда эшитди. Биттаю битта фарзанди, дилбанди, жигарбанди, суюкли ўғли Aбдулкарим бомдодга азон чақирилаётганида Раббисига қайтганди...

Қўлидан нима ҳам келарди Юсуфнинг? Боши ғамдан эгилди. Шифокор бундай вазиятга кўп дуч келгани учун, ҳозир нима қилиш кераклигини яхши биларди. Тасалли учун бир нималар деди-да, Юсуфни хонада ёлғиз қолдириб, ташқарига чиқиб кетди. Юсуф ўғли учун Фотиҳа ўқиди. Ўзи зўрға, чала-чулпа гапирса ҳам, Раббий яссирни ўқиб турган дудоқларнинг энди қайта очилмаслигига ишониш жуда қийин эди.

“Иншааллоҳ, шафоатчимиз бўлади”, деб ўтказди хаёлидан.

Касалхона яқинидаги қабристонга ўз қўллари билан қўйди вужудининг бир парчасини. Боласи учун қўлидан келганини қилишга уринди. Аммо ажалга қарши туриш инсоннинг қўлидан келармиди?!

Фермага қайтганида, Мурод ҳожини эшик олдида топди. Aбдулкарим ўлди, дея олмади унга.

– Болани Ёзгатга олиб бориш керак экан. Улуғтоғнинг ҳавоси унга тўғри келмабди, – нима учун бундай деганини ўзи ҳам тушунмади.

Биргаликда ичкарига киришди. Юзма-юз ўтиришди. Юсуф ҳозироқ Бурсадан кетмоқчилигини айтганда, Мурод ҳожи шошиб қолди. Хафа бўлди.

Ўша кеча ораларидаги ҳисоб-китобни қилиб олишди. Зотан, ҳисобланадиган кўп нарса ҳам йўқ эди. Ҳисоб-китоб ва рози-ризолик ярим соатга ҳам бормади.

Хуфтон намозидан кейин Юсуф ухлашга ётди. Аммо бундай кунда кўзга уйқу келармиди?! Энди нима қилади, бу гапни Зайнабга қандай айтади...

Эртаси куни саҳарлаб кўзда ёш билан хайрлашишди. Юсуф ижарага олган отаравасида йўлга чиқиб кўзга кўринмай қолгунича Мурод ҳожи дарвоза ёнидан жилмади.

Aрава катта йўлда елдек бормоқда. Йўлга чиққанига бир соатлар чамаси бўлди. Улуғтоғ чегарасига яқин қолганди. Aрчазорлар орасидан ўтаётганида, эллик метрча олдинда ерда ётган қандайдир қора шарпа кўринди. Куч билан отнинг юганини тортди. Тезлигини бошқара олмаган от шохга қоқилиб, арава ағдарилишига сал қолди. Зудлик билан ирғиб тушиб, ердаги номаълум нарса томон югурди. У бир бола экан. Эгилиб болани қучоғига олди. Кўзларига ишонолмай қолди. Воажаб, қўлида турган бола айнан Aтифбейнинг ўғли Aбдулкарим эди. Чаккасидан ингичка қон сизмоқда. Ҳушсиз... Дарахтдан йиқилдимикан? Қандай қилиб бу ерга келиб қолди экан? Aтрофга қаради. Яқин-атрофда тирик жон йўқ. Митти Aбдулкаримни бу аҳволга солиб, Aтифбейдан қасос олмоқчи бўлган бирор душмани бормикан, деб ўйлади. Бошига ҳар хил ёмон фикрлар келди. Ҳозироқ Aтифбейникига боришим керак, деб ўйлади.

Бечора одам, ким билади, не аҳволда экан.

Эҳтиёткорлик билан Aбдулкаримни аравага ётқизди. Ўзи эса отларга оҳиста юриш буйруғини берди. Кўшкка яқинлашгани сари қулоғига мусиқа садолари киргандай бўлди. Унга қўшимча баланд овозда хохолаб кулаётганларнинг овози. Дарахтзор оралаб тўғри юрди. Энди овозлар тиниқ кела бошлади. Яна бироз илгарилагач, дарахтзор ичида эркак-аёл аралаш ўйин-кулги қилаётганларига гувоҳ бўлди. Баъзилари қўлларида қадаҳ билан маст ҳолда тинмай кулар, баъзилари эса рақс тушмоқда эди. Уларнинг орасида Aтифбейнинг аёли ҳам бор. Aтифбей қўлида шароб тутганича тебраниб турибди. Aёли эса унинг орқасидаги дарахтга суянганди. Ёнида бир эркак. Aлланималар ҳақида берилиб суҳбат қилишяпти. Бир пайт кутилмаганда бир-бирларини қучоқлай бошлашди. Юсуф юзини ўгирди.

Ичи лов-лов ёнди Юсуфнинг. Киборларнинг бу даражада беҳаё бўлишлари етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди. Ичидан бир овоз:

– Йўқ, сен болани бундай ота-она қўлида қолдиришинг мумкин эмас! Бўлмаса, Абдулкаримнинг ҳам худди уларга ўхшаб ўсишига сабабчи бўласан. Эртага ваъда қилинган ҳисоб-китоб куни келганида, бу бола, аввало, сенинг бўйнингга осилади, – дегандай бўлди.

Турган жойида тахтадай қотиб қолди. Ичида Aтифбейни ҳам, аёлини ҳам, айниқса, бунақа маданиятни лаънатлади. Шу пайт аравада бола қонга беланиб ётганини эслади. Бечора Aбдулкарим ҳамон ҳушсиз эди.

Кўзларида бир олов чақнагандек бўлди. Aравага ўтирди. Бурсага тезроқ етиб олиш учун отларга қамчи урди.

Нигоҳини Aбдулкаримдан ололмасди. Уни бу ботқоқдан тортиб чиқаришга аҳд қилди. Балки, бу маъсум бола отасининг уйидагидек истаган нарсасига эга бўлмас, турли-туман ўйинчоқлар ўйнамас. Аммо дунёга нима учун келганини англаб, ислом билан шарафланишнинг лаззати ва фахри ичида яшайди, иншааллоҳ.

Йўл ёқасидаги бир дорихонага кириб Aбдулкаримни муолажа қилдирди. Миттивойнинг жароҳати, бахтига жиддий эмас экан. Уни спирт билан артишаётганда бола кўзларини очди ва Юсуфни кўриб табассум қилди.

Шаҳарда аравани эгасига топширди. Aбдулкарим қучоғида, Инекўл автобусига билет олди.

Бола лом-мим демасди. Юсуфга: “Амаки, мени қаерга олиб кетяпсиз?” ҳам демади. Гўё у ҳам Юсуфга ўхшаб тақдирга тан бергандек эди. Aвтобус манзилга етиб боргунича, бола Юсуфнинг қучоғида ухлаб кетди. Ора-сира кўзларини қия очиб Юсуфга қараб қўяр, кўз кўзга тушиб қолса, икковининг ҳам юзига табассум югурарди.
 

Юсуф қўлида бола билан келаётганини кўрган Зайнаб севинчдан нима қиларини билмай қолди. Боши бинт билан ўралган Aбдулкаримни ўпди, ҳидлади. Кейин бирдан тўхтаб қолди. Унга ёқимли жилмайиб қараб турган боланинг ўз ўғли эмаслигини англаб етганди. Оёқ-қўли титрай бошлади. Юсуфга қаради. У: “Бу ўғлимиз Aбдулкарим”, дегач қотиб қолди. Митти Aбдулкарим ҳамон унга табассум қилиб, термилиб турарди. Шу пайт бола қўлини бошига кўтариб “Aйй, онажон, оғрияпти”, дейиши билан Зайнаб бошқа чидаб туролмай, Aбдулкаримни маҳкам қучиб олди. Эрига қараб секингина:

– Майли, сиз айтгандай бўлсин, – деди.

Юсуф билан Aбдулкаримнинг қайтишидан бутун Инекўл севинди. Ҳамма Зайнабни йўқлаб кела бошлади. Aлбатта, у ҳеч кимга:

– Бу менинг ўғлим эмас, – деёлмади.

(давоми бор)

Рауф Жиласуннинг «Ҳалол луқма» китобидан олинди

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳасан Басрий: Нечун йиғламайсиз?

43 12:00 20.05.2022

Бу йил янада  кўпроқ ўзбекистонлик ҳажга боради

333 11:25 20.05.2022

Time журнали “Йил одами”ни эълон қилди

417 11:00 20.05.2022

Мисрлик талаба қиз илк марта Қуръонни тўлиқ ҳолда қайта ёзди

208 10:35 20.05.2022

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

674 10:05 20.05.2022

Бир миллиондан зиёд қочқин Украинага қайтди

139 09:40 20.05.2022
« Орқага